Ўзбекистон | 16:37 / 13.03.2017
12014
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Грузия элчихонаси Батумидаги воқеалар бўйича баёнот берди

Грузиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида Батуми шаҳрида рўй берган тартибсизликларнинг ёритилишига эътибор қаратди. 

«Грузиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси Ўзбекистон Республикасидаги Оммавий ахборот воситаларига ҳурмат сақлаган ҳолда билдирадики, 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси Батуми шаҳрида сиёсий мухолифат кучлари томонидан маиший можарони сиёсийлаштиришга уриниш ҳолати содир этилди. Намойиш ташкилотчиларининг мақсади мамлакатнинг тинч ва барқарор тараққиётига тўғаноқ бўлиш эди.

Грузия элчихонаси алоҳида қайд этадики, жамоатчиликнинг аксар қисми бундай бузғунчи ҳаракатларга салбий муносабатда бўлади. 

Ушбу ҳодисадан кейин Грузия ҳукумати жамиятнинг тинч ҳаётини таъминлаш мақсадида зарур барча чораларни кўрган. Айни вақтда Батуми шаҳридаги вазият сокин тус олган, намойиш ташкилотчилари қўлга олинган ва текширув ишлари олиб борилмоқда.

Грузиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси Батумидаги воқеалар ёритилишида ушбу маълумотлар инобатга олинишига умид билдиради», дейилган элчихона хабарида.

Шаҳардаги тартибсизликлар 11 март, шанба куни кечқурун полициячилар олти нафар маҳаллий фуқарони ҳибсга олгач, бошланганди. Полиция бошқармаси биноси олдида тўпланган митинг иштирокчилари бино ичкарисига бостириб киришга уринди, аммо махсус топшириқли бўлинмалар кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар қўллаган ҳолда уларни тўхтатган. Тўқнашувлар натижасида 30дан ортиқ киши, шу жумладан, полициячилар жабрланди.

Полиция намойиш уюштиришда гумон қилинган 40дан ортиқ кишини қўлга олди.

Батумидаги тартибсизликлар тафсилотлари. 40дан ортиқ киши қўлга олинган

Мавзуга оид