Жаҳон | 20:24 / 16.03.2017
5214
2 дақиқада ўқилади

БАА авиакомпаниялари Трамп фармойиши қурбонларига ёрдамга келади

Фото: RIA

Амирликнинг Emirates ва Etihad авиакомпаниялари АҚШнинг миграцион фармони остидаги, аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат олти мамлакат йўловчиларини ташишга шай. Gulf Business шу ҳақида хабар берди.

Бундан аввал Мэриленд штатининг федерал судьяси АҚШ президенти Дональд Трампнинг янги фармонини вақтинчалик 90 кунга блоклаганди. Унга қадар эса Ҳавайидаги судья мамлакат бўйлаб қарор ижросини тўхтатиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Трамп мазкур қарорни сиёсий деб атади ва АҚШ Олий судигача етиб боришга ваъда берди. 

Энди эса АҚШга кетаётган бу (Эрон, Ливия, Сурия, Сомали, Судан ва Яман фуқаролари) йўловчилар БАА авиакомпаниялари бортига қўйилади. Emirates авиакомпанияси вакилининг сўзларига кўра, бунинг учун йўловчиларнинг зарур ҳужжатлари ҳам ўзлари билан бирга бўлиши керак.

Яна бир авиакомпания — Etihad Airways — зарур ҳужжатлар тақдим этилган ҳолатда АҚШ рейсларига барча миллат йўловчиларини қўйишда давом этишини маълум қилган. 

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 март куни Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган олти мамлакат фуқаролари учун вақтинчалик тақиқловни жорий қилди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид