Жамият | 09:09 / 17.03.2017
10723
2 дақиқада ўқилади

Ҳаёт учун кураш: Мухбирлар Этна вулқони отилишидан қочишларини тасвирга туширишди

«Би-би-си»нинг суратга олиш гуруҳи ва 8 нафар сайёҳ Этна вулқонининг кутилмаганда отилиши туфайли жароҳатлар олди. «Би-би-си» тасвирчиси воқеани видеога олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар берди ҳамда видеоёзувни тақдим этди.

Этнадаги суратга олиш гуруҳи таркибида бўлган «Би-би-си» мухбири Ребекка Морелнинг айтишича, журналистлар тоғдан пастга қараб тезликда чопиб тушишлари ҳамда ёнаётган тоғ тошлари ва қайнаётган буғдан ўзларини олиб қочишларига тўғри келган. Унинг тан олишича, бундай ҳолатни яна бир бора бошидан ўтказишни истамаган бўларди.

Морелнинг хабар беришича, тоғдаги барча кишилар юз берган ҳодисадан сўнг хавфсиз жойга кўчирилди.

Суратга олиш гуруҳи бироз ўзига келганидан сўнг, тасвирчи Рейчел Прайс лава бўлакларидан бири унинг курткасини куйдириб ташлаганини аниқлади.

Туристлар ва гуруҳ аъзоларидан ҳеч бири жиддий жароҳатларни олмаган.

Вулқоншунослар бундай ҳолатларни «фреатик отилиш» деб номлайдилар: бунда лаванинг жуда катта ҳарорати (минг даражагача бориши мумкин) бир зумда қор ва музни буғга айлантириши ва уни кенгайганидан сўнг, қадимги жинсларнинг портлашига олиб келади.

Мавзуга оид