Ўзбекистон | 19:00 / 24.05.2019
11424
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фаолияти қайта тикланган сайтлар ўзгаришларни қандай баҳолайди?

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир томонидан эълон қилинган айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чеклангани ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиққан Ўзбекистоннинг агентлиги айрим веб-ресурсларнинг мамлакатда тўлақонли ишлашига шароит яратди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг баёнотида таъкидланишича, аниқланган техник носозликларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди.

Шундан сўнг, «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1» ва «Uzmetronom» каби веб-ресурслардан тўлиқ фойдаланиш имкони пайдо бўлди.

Kun.uz Ўзбекистонда фаолиятига тўсқинлик олиб ташланган веб-ресурслар вакиллари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг сўнгги ўзгаришлар ҳақидаги фикрини ўрганди.

«Айрим сайтлар фаолиятида кузатилган тўсиқлар олиб ташланиши мустақиллик йиллари сўз эркинлиги борасида ҳукумат томонидан ташланган энг жиддий қадам, деб биламан. Бунга қадар, мамлакат расмийлари тамоман тескари тамойил билан ишлаган — тақиқ, ёпиш ва тўсиқ қўйишарди. Раҳбарлигим остидаги сайт таҳририят сиёсатини ўзгартирмади. Шунга қарамай, Ўзбекистон томони тўсиқларни олиб ташлади», — дейди Ц1 бош муҳаррири Галима Бухарбаева.

14 йил давомида Ўзбекистонда бўла олмаган Бухарбаеванинг сўзларига кўра, веб-ресурсларга қўйилган тўсиқларнинг олиб ташланиши кўпчиликни хурсанд қилди, аммо бунинг учун ҳукумат билан музокаралар олиб борилмаган эди.

Ушбу сўзларни тасдиқлаган Би-би-си ўзбек хизмати бош муҳаррири Хайрулло Файз айни қадамни нафақат бу нашрлар, балки Ўзбекистон учун ҳам манфаатли бир амал бўлганини таъкидлади.

«Би-би-си Ўзбек хизматининг bbc.com/uzbek саҳифаси адашмасам ўтган йил ёзидан бери очиқ эди, аммо bbcuzbek.com ёпиқ қолаётганди. Ўйлайманки, айни қарор ортида турган мулозимлар бу қадамни мамлакатга матбуот эркинлиги қанчалар кераклигини англаб, таъбир жоиз бўлса, ортга йўл йўқлигини билиб қўйишган. Умид қиламанки, Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўлида ҳали ҳаракатлар давом этади. Бу йўлда қилинадиган ишлар талайгина», — дейди у.

Ўз журналистик қадриятларидан чекинмаслигини таъкидлаган, айни пайтда Ўзбекистонда тўлақонли фаолияти учун Ташқи ишлар вазирлигига қилган мурожаатлари самарасиз бўлаётган таҳририят раҳбарлари аккредитация берилишида ҳам ижобий натижани кутишини билдирди.

Веб-ресурсига тўсиқ олиб ташланган ташкилотлардан бири — Human Rights Watch вакили Стив Свердлов ҳам ҳукумат ҳаракатини олқишлашини билдирди.

«Нутқ эркинлиги, эркин матбуот ва интернет, аҳолининг танқидий ахборот билан танишиши Ўзбекистон мустақиллигидан буён имзолаб келган бир қатор халқаро ҳужжатларда келтирилган инсон ҳуқуқларининг асосини ташкил этувчи мезонлар ҳисобланади. Шунга қарамай, ҳануз «Озод Европа/Озодлик» радиоси ўзбек хизмати, Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-немис форуми, eltuz.org, avaaz.org ва бошқа веб-ресурслар фаолиятига қўйилган тўсиқлар олиб ташланмаган», — дейди у.

Айнан «Озодлик» радиоси борасида янграган саволларга муносабат билдирган Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, радионинг инглиз тилидаги асосий сайтига кириш имконияти тикланди. 

«Агентлик «Озод Европа радиоси / Озодлик радиоси»нинг ўзбек хизмати журналистик этиканинг умум қабул қилинган меъёрларига зид равишда фаолият юритаётганидан таассуфда эканини билдиради.

«Озодлик» таҳририятининг нохолис ва асосан ишончсиз материалларни нашр этишга қаратилган бир ёқлама ва янглиш сиёсати жамоатчилик, умуман глобал аудиториянинг чалғишига сабаб бўлиб, бу вазият кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, алдов йўли билан маълумот тўплаш ҳамда аудиоёзувларни сохталаштириш ҳолатлари ҳайратланарлидир», — деб ёзганди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўз баёнотида республика ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларини журналистиканинг «виждон кодекси»га риоя этишга ва асосланмаган фикрлар, миш-мишлар тарқатилишига йўл қўймасликка чақирганди.

Мавзуга оид