Жамият | 19:26 / 19.03.2017
27023
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди

Олий таълим муассасида таҳсилни тугатгач, муваффақиятли ишга жойлашиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг орзуси. Аммо ҳамма ҳам ўқишни тамомлаб мутахассислиги бўйича яхши иш топа оладими? Бугун дунё аҳолисини ташвишга солаётган муаммолардан бири ҳам айнан ишсизлик ҳисобланади. 

Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида Тошкент шаҳар Меҳнат бош бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” эндигина коллежни тамомлаган ёш битирувчиларни ишга жойлаштириш ва ўз бизнесларини очишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Ярмаркада шаҳардаги 11та тумандан ўқишни тамомлаган 10 мингдан ортиқ ёшлар, ҳарбий хизматни ўтаган йигитлар, уйда ишсиз ўтирган хотин-қизлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари иштирок этди. Уларга шаҳардаги корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот берилди.

— Ярмаркага турли ҳудудлардан ташриф буюраётган ҳамшаҳарларимиз сони кўпчилик, — дейди Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармаси раҳбари Қудратулла Одинаев. — Ярмарка ишида 700га яқин ташкилот, бирлашмалар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг фаолият йўналишларига доир кўргазмалар шунингдек, 500 минг сўмдан 2 млн сўмгача ойлик маош бериладиган 13 мингдан ортиқ вакансиялар билан иштирок этишмоқда. Ярмаркамизнинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда иш ўринларига талабгорлар тадбир давомида таклиф этилган иш берувчиларга ўз маҳорат ва касб кўникмаларини намойиш этишлари учун алоҳида майдончалар ташкил этилган.

Тадбир давомида кўпгина иштирокчилар қурилиш, пайвандлаш, озиқ-овқат, сут ҳамда қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси, масалан, тикувчилик ускуналарида тикиш-бичиш ва сартарошлик бўйича ўз касб маҳоратларини намойиш этишди. Иш берувчлар эса ўзларига маъқул бўлган номзодлар билан шу жойнинг ўзида меҳнат шартномаларини имзолашди.

Ярмаркада ёшлар, хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 30дан ортиқ тижорат банклари имтиёзли кредитлар, муваффақиятли кичик бизнес лойиҳаларини тақдим этиш бўйича кўргазмали тақдимотлар ўтказишди. Ўз бизнесини очиш ниятидаги ёшларга ярмарканинг ўзида Халқ банки филиалларида ИНН рақами берилиб, ИНПС рақамлари очилди ва тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ишга жойлашиш истагида бўлган ёшларга меҳнат дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштириш бўйича кенг имкониятлар яратилди. Икки кун давом этган ярмарка доирасида ёш йигит–қизлар шаҳардаги мавжуд бўш иш ўринлари, нуфузли корхона ва ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишишди.

Мавзуга оид