Жаҳон | 13:43 / 27.03.2017
17428
2 дақиқада ўқилади

Европанинг бир қисми сув остида қолиши тахмин қилинди

Фото: РИА "Новости"

Шу юз йилликнинг охирига бориб, 5 миллион европалик сув тошқинлари туфайли ўз уйларини йўқотишлари мумкин. Бу ҳақида Еврокомиссиянинг Бирлашган тадқиқот маркази экспертлари фикрига асосланиб, RT нашри хабар берди. 

Олимлар глобал исиш денгизлар, шу жумладан Шимолий ва Болтиқ денгизларининг хавфли даражагача кўтарилишига олиб келишидан огоҳлантиришмоқда, натижада эса Европа қирғоқларининг бир қисми сув остида қолади. Бундай юқори исиш суръатларида ҳар йили сув тошқинлари рўй бериши мумкин. 

Метеорология ва иқлимшунослик кафедраси мудири Александр Кисловнинг сўзларига кўра, кўплаб Европа давлатлари техник жиҳатдан иқлим ўзгаришига тайёр эмас, шу боис улар ҳозирнинг ўзиданоқ эҳтимолий табиий офатларга тайёрланиши керак. Зарур ҳимоя даражасини фақат Нидерландия таъминлаши мумкин: мамлакат ҳукумати ноёб шлюзлар тизимини ишлаб чиққан. Санкт-Петербургда ҳам шунга ўхшаш тизим ўрнатилган, шунинг учун Россия қирғоқлари ҳам хавфдан ҳимояланган. 

Сўнгги ўй йилликда Европада бир неча йирик сув тошқинлари содир бўлди. Энг хавфли сув тошқини 2013 йилда қайд этилган, ўшанда Латвия, Македония ва Чехия қисман сув остида қолганди. Шунингдек Норвегия ва Германия ҳам сув тошқинидан жабр кўрган.

2016 йилда Сена, Дунай, Рейн ва Неккарда сув сатҳи кескин кўтарилди ва бу қирғоқлар бўйлаб сув тошишига сабаб бўлди. Парижда ва чекка шаҳарларда хавфнинг оловранг даражаси эълон қилинган, Франциянинг шимолий ҳудудларида эса бир неча минг кишини эвакуация қилишга тўғри келган.

Мавзуга оид