Спорт | 20:48 / 27.03.2017
21497
4 дақиқада ўқилади

Футбол мутахассислари мунозараси: «Кўзлар ёниши керак»

Таниқли футбол мутахассиси Азамат Абдураимов ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Футболни алдаб бўлмайди!» блогпостини жойлагач, унинг остида таниқли журналистлар ва собиқ футболчилар билан биргаликда мунозара бўлиб ўтди.

«Футболни алдаб бўлмайди!»

Tribuna.uz мунозараларнинг ўқувчилар учун энг қизиқ жойларидан иқтибос келтиришга қарор қилган.

Алишер Никимбаев:
- Сурия қандай тайёргарлик кўрди, деган савол ҳам бор? Уларда ҳеч қандай йиғинлар ҳам, ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказилгани йўқ, шекилли. Эрон терма жамоасининг январь ойидаги йиғини клублардан бирининг прозицияси туфайли барбод бўлганди. Гарчи Қатар билан бўлган ўйингача Эрон Ироқ билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб олишга муваффақ бўлди, лекин иккинчи таркиб билан. Яъни ҳаммасини йиғинлар ва назорат учрашувларига олиб келиб боғлаш ярамайди. Муаммоларнинг бутун бир комплексини тилга олиш керак, лекин бунинг кимга қизиғи бор?

Азамат Абдураимов:
- Албатта, фикрларингга қўшиламан... Фақат ёмон ташкиллаштирилган йиғинлар ва ўйинлар туфайли ютқазмадик.

Жаъфар Ирисметов:
- Бизга ўзгалар қандай тайёргарлик кўришининг нима қизиғи бор? Бизда Жчга чиқиш вазифаси қўйилган. Рақибларни ва ўйинлар тақвимини аллақачон билар эдик. Биз бошқалар қандай тайёргарлик кўраётгани-ю, кимлар билан ўйнаётганига қарамаслигимиз керак. Агар биз Жчга чиқишни истар эканмиз, ҳаммасини олдиндан ҳисобга олиб қўйишимиз керак эди. Йиғинлар, учрашувлар ва ҳ.к. Кейинчалик «анави ерда ўйнамаган эдик, у ерда майдон ёмон экан, мана бу ерда фалон ўйинчини йиғинга чақира олмадик», деган баҳоналарга ўрин қолдирмаслик учун. Азамат ака Терма жамоалар маркази бу масалаларни олий даражада ҳал қилиши керак эди, деган эътирози билан ҳақ гапни айтяпти.

Алишер Никимбаев:
- Жаъфар, тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмагани борасида ҳеч ким баҳслашмаяпти. Фақат сен мендан ҳам яхши биласанки, тайёргарликдан бошқа масалалар ҳам бор. Масалан, таркиб танлаш, ўйинга тактика белгилаш ва ҳ.к. Бундан ташқари, янада чуқурроқ муаммолар бор. Биргина йиғинлар ташкил этиб, уларни ҳал қилиб бўлмайди.

Жаъфар Ирисметов:
- Алишер ака, барчамиз биламизки, бу йиғинлар хўжакўрсин учун ўтказилди. Саралаш учрашувларида тушиши мутлақо режалаштирилмаётган ўйинчиларни олиб боришди. Мен ечилиши лозим бўлган бошқа кўплаб масалалар борлигини рад этмайман, лекин буларнинг барчасидан мухлислар азият чекмоқда.
Нимадир десак, дарҳол ўзбек футболининг душманига чиқамиз, шунинг учун жимгина ўтирамиз...

Алишер Никимбаев:
- Йиғинлар уларнинг ташкилотчиларига керак эди.

Жаъфар Ирисметов:
- Одатда, муайян ўйин олдидан ўша ўйинга, ҳозирги шароитимизда икки ўйинга, мўлжалланган таркиб олинади. Бизда эса кўплаб номзодлар кўрикдан ўтиб, майдонга ўша эскилар тушаверади...

Азамат Абдураимов:
- Алишер, сенинг танбеҳингдан сўнг Сурия билан ўйиннинг кенгроқ таҳлилини ёздим... Жим ўтиришга чидай олмадим ))

Алишер Никимбаев:
- Азамат, Жаъфар, сизлардан шубҳа қилмасдим. Лекин бошқа жиҳатдан, биз буларни ижтимоий тармоқда муҳокама қилмоқдамиз. ТВ орқали, ЎФФ даражасида муҳокама қилинишни кутиб ўтиришнинг кераги ҳам йўқ.

Азамат Абдураимов: 
- Бу турнирда ҳар бир ўйин жанг мисоли! Бундай ўйинларда гарчи ўйин қовушмаётган бўлса ҳам, тишлаб, узиб натижа олиб чиқиш керак... кўзлар ёниши керак. Сўзларда эмас, ўйинда ғалабага бўлган иштиёқимиз кўринсин! Қўшимчасига, ўйин тизгинини ўз гарданига олиши керак бўлган етакчиларимиз ўзларини кўрсата олишмади! Мен мағлубиятимизга сабаблардан бирини шу ерда кўраман.

Мавзуга оид