Жаҳон | 14:49 / 27.03.2017
5479
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев БАА вице-президенти билан учрашди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, бош вазири, Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум билан учрашди. Бу ҳақида Оқ ўрда матбуот хизматига асосланиб, "Tengrinews" нашри хабар берди. 

Музокаралар давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва бундан кейинги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Савдо-иқтисодий, молиявий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. 

Давлат раҳбари Дубай халқаро молиявий маркази (DIFC) ва Дубай шаҳрининг юқори суръатларда тараққий этиб бораётганини таъкидлади. Назарбоев молиявий марказни самарали бошқаришда БАА билан тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эгалиги, шунингдек DIFC ва "Остона" халқаро молиявий маркази ўзаро узвий алоқа ўрнатишлари зарур эканлигини айтди. 

Дубай амири бу йўналишда тўлиқ ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Қозоғистон президенти шайхга исломни молиялаштиришни йўлга қўйгани ва унинг ривожига қўшган алоҳида ҳиссаси учун миннатдорчилигини изҳор этди. 

Бундан ташқари, Қозоғистон давлат раҳбари EXPO-2017 ихтисослаштирилган халқаро кўргазмасини ўтказишга доир режаларини сўзлаб берди ва Дубай амирини мазкур кўргазма очилишига таклиф этди. 

Мавзуга оид