Фан-техника | 22:01 / 27.03.2017
7097
2 дақиқада ўқилади

Peugeot ўз тарихидаги энг кучли кроссоверни яратишини эълон қилди

Peugeot автомобилсозлик компанияси 3008 моделдаги кроссоверининг спорт версиясини яратмоқчи. Бу ҳақда Auto Express нашрига компаниянинг маҳсулот бўйича директори Лоран Бланш маълум қилди. Унинг айтишича, янги машина 300 от кучига эга двигатель билан жиҳозланади. Шу тариқа, 3008 гибриди француз компанияси тарихидаги энг кучли кроссоверга айланади. Машина 2019 йилдан кейин серияли ишлаб чиқарила бошланади.

Бланшнинг айтишича, моделнинг гибрид куч қурилмаси таркибига электромотор ва 1,6 литрли бензин двигатели киради. Машина жойидан 100 км/соатгача 6 сониядан камроқ вақт ичида тезлаша олади, максимал тезлиги эса соатига 240 км ни ташкил қилади.

Peugeot 3008 модели жорий йилда "Европанинг йил автомобили" танловида ғолиб бўлди. Француз автомобилидан ташқари, ушбу унвонга Alfa Romeo Giulia, Citroen C3, Mercedes E-Сlass, Nissan Micra, Toyota C-HR, Volvo S90 ва V90 моделлари даъвогарлик қилганди.

Автомобиль биринчи марта 2016 йил сентябрда Париждаги автосалонда намойиш қилинганди. Peugeot 3008 туби билан йўл орасидаги фарқ 230 мм гача оширилган, бироқ у бирорта ҳам комплектациясида тўлиқ привод билан таъминланмайди. Унинг ўрнига танланган ҳаракатланиш режимига мувофиқ олд ғилдираклардаги тортишни ўзгартирувчи Grip электрон тизими таклиф қилинади.

Мавзуга оид