Ўзбекистон | 21:26 / 29.03.2017
18549
3 дақиқада ўқилади

Президент давлат маслаҳатчиси Андижон вилоятида бўлди

Ўзбекистонда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш масаласида аниқ механизм ишлаб чиқилган бўлиб, унинг таркибида сайёр қабул фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги сайёр қабулида мурожаатлар адолатли кўриб чиқилмоқда. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Улуғбек Суннатов, ички ишлар вазирининг ўринбосари Алишер Мирзаев ва бошқа мутасаддилар вилоятдан  мамлакат Президентининг виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши масаласига атрофлича ёндошдилар. Бу ҳақда Кун.uz’нинг Андижон вилояти мухбири Элмурод Эрматов хабар бермоқда.

Куннинг биринчи ярмида Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган қабул давомида Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод туманларининг 48 нафар фуқаросининг аризаси кўриб чиқилди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой масаласи, болаларни нафақа пули билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини барпо этишдаги муаммолар қамраб олган. Мурожаатлар туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди идора раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилди ва аксарияти ўз ўрнида ечимини топди.

Худди шундай сайёр қабул куннинг иккинчи ярмида Андижон шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтди. Унда Андижон шаҳри, Олтинкўл, Избоскан ва Пахтаобод туманлари фуқаролари иштирок этишди. Уларнинг мурожаатларидан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, жойларда  аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш,  вояга етмаган болаларга алимент тўлаш, аҳолини тўлдирилган баллонли газ билан таъминлаш борасида муаммо ва камчиликлар мавжуд.

- Пахтаобод туманида яшайман, сайёр қабулга Пахтаобод туманидан келдим, - дейди биз билан суҳбатда Барнохон Бекмирзаева. – Хонадонимда қўй боқиб, чорвачилик билан шуғулланиш учун кредит масаласида виртуал қабулхонага мурожаат қилган эдим. Муаммоларим ҳал бўлди.

- Ўнг оёғимга 2000 минг АҚШ доллари қийматидаги протез ўрнатилган, - дейди Пахтаобод туманидан ташриф буюрган яна бир фуқаро Нигорахон Комилова. - Чап оёғимга протез қўйдиришда маблағдан қийналяпман. Мана шу масалада ёрдам сўраб мамлакат Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат этгандим. Сайёр қабулда соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ҳокимлигининг кўмаги билан кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Ана шу маблағ эвазига Тошкентдаги  нуфузли тиббиёт марказида протез қўйиладиган бўлди. Бундай имкониятдан хурсандман.

Сайёр қабулхоналар 30 март куни вилоятнинг Бўз ва Асака туманларида ўз фаолиятини давом эттиради. Унда Балиқчи, Шаҳрихон, Асака, Бўз, Улуғнор туманлари фуқароларининг мурожаатлари ўрганилади.

 

Мавзуга оид