Жамият | 15:12 / 12.04.2017
40267
8 дақиқада ўқилади

“Кўк кит” - ўйин ниқобидаги қабиҳлик

Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Кўз очиб-юмгунимизча, кунлар изидан тунлар, тунлар изидан ойлар, йиллар ўтиб бормоқда. Вақт шу қадар тез суръатларда ўтаяптики, баъзан ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, ҳатто кўз ўнгингизда вояга етаётган фарзандингизнинг бўйи чўзилиб, фикрлаши ўзгаргани, катта бўлиб қолганини ҳам сезмай қоларкансиз.

Бундай хулосага келишимга сабаб, эндигина 10 ёшга тўлган қизимнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари, аксар ҳолларда шошма-шошарлик билан бўлса-да, ўзига чиқарган ҳаётий хулосалари баъзан ёш она сифатида ақлимни шошириб қўяди. Ўзимнинг айнан шу ёшимдаги фикрларим, тасаввур ва хаёлот дунёимни эслашга ҳаракат қиламан. Ўйлаб кўрсам, ўн ёшлигимда анча содда бўлган эканман. Шундай вақтда психологларнинг ҳозирги ўсмирлар ўтмишдошларига нисбатан жисмоний ва ақлий жиҳатдан бирмунча устунликка эгалиги, уларда жинсмоний етишиш, ижтимоийлашув жараёни, психик ўсиш олдинроқ намоён бўлаётгани ҳақидаги хулосаси қанчалик тўғри эканлигига амин бўлади, киши.

Ўсмирлик даври ҳақида сўз юритилганида, бир неча ўн йиллик педагоглик тажрибасига эга онамнинг гаплари ёдимга тушади:

— Ўсмирлик даври болаларнинг энг нозик палласидир, — дейди онам. — Бу даврда болаларнинг жисмоний ва руҳий тараққиёти жуда тезлашади, қизиқиши ортади, феъл-атвори ва маънавий дунёси шаклланади, илк қарама-қаршиликларга дуч келади. Энг асосийси, бу даврда уларнинг ахборот, маълумотларга бўлган интилиши кучаяди. Шу боис биз, катталар болаларнинг янгиликларга бўлган эҳтиёжини доимо ҳисобга олишимиз, бадиий ва ҳужжатли адабиётларни мутолаа қилдириш орқали маънавият асослари мустаҳкам бўлишига эришишимиз лозим. Доно халқимиз бежиз бўш қоп тик турмайди, демайди. Агар сен фарзандларингга ўз вақтида керакли билим ва янгиликларни бера олмасанг, у ташқаридан ахборот излай бошлайди ва бундай ҳолатдан манфур мақсадли кимсалар устомонлик билан фойдаланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Айни дамда интернет, ижтимоий тармоқлар, турли оммавий ахборот воситаларида ёшларни, ўсмир ва ўспирин болаларни ўз жонига қасд қилишгача ундаётган “Синий кит”, “Море китов”, “Фея”, “Ф-57” ва “Ф-58”, “Мен ўйинда”, “Богатая узбечка” сингари ўйинлар кўплаб мамлакатлар аҳолисига, айниқса, ўсмирларига катта хавф туғдираётгани ҳақидаги мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришларни ўқиб, эшитиб, кўриб турибмиз.

“СИНИЙ КИТ” ҚАНДАЙ ЎЙИН?

Фарзанди мактаб, коллеж ёки академик лицейда таҳсил олаётган ва айни пайтда уларнинг қўлига ижтимоий тармоқ, интернетга уланиш имкониятига эга смартфонларни тутқазиб қўйган ота-оналарга маълумот тариқасида “Синий кит” онлайн ўйини ҳақида қуйидагиларни келтирамиз:

Мазкур ўйинни бошлаш учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, аксарият ҳолларда ўсмирлар ўз саҳифаларига белгиланган ёзувларни киритади. Сўнг исми номаълум кимса ушбу ёзувларни қайд этган бола билан интернет орқали боғланади. Одатда, бундай кимсалар ўзлари ҳақида маълумотни ошкор қилмайди ва уларни излаб топиш эҳтимоли жуда кам. Дастлаб улар қоида билан фойдаланувчини таништиради. Ушбу жараёнда нотаниш кимса боланинг онг-шуурига “у мустақил шахс эканлиги, шу боис у ушбу ўйинни ўйнаётганлигини сир сақлаши лозим”лигини сингдиради.

Бундан ташқари, бола ўйин аввалида “вазифалар қанчалик мушкул бўлмасин, бажарилиши шарт”, “бажарилмаган топшириқ туфайли иштирокчи ўйиндан бутунлай чиқариб юборилиши ва яқинларига шикаст етказилиши” ҳақида огоҳлантирилади. Одатда, ўйин 50 та шартдан иборат бўлиб, ҳар бири учун бир кун муддат ажратилган.

Шу ўринда табиий савол туғилади: “Нима учун айнан кит ўйиннинг рамзий тимсолига айланган? Арслон, чиябўри ёки қоплон эмас?” Мазкур ўйинни ишлаб чиққан “донолар”нинг фикрига кўра, кит энг ақлли жониворлардан бири бўлиб, айрим ҳолларда оммавий равишда ўзларини қирғоққа отиш орқали ўз жонларига қасд қилади. Бу билан улар гўёки ички эркинлиги, иродаси мустаҳкам эканлигини намоён этар эмиш... Аслида эса экологларнинг бу борадаги фикри бутунлай бошқача. Гап шундаки, кит энг меҳрибон жонзотлардан бири бўлиб, уларнинг бири ёки бир нечтаси билан нохуш ҳолат юзага келган вақтда бошқалари бу ҳолатга бефарқ қараб турмайди ва ҳалокат ёқасида турган китларни қутқаришга уринади. Аммо, афсуски, аксарият ҳолларда қирғоқ ёнида сув саёз бўлганлиги боис қутқарувчи китлар ҳам нобуд бўлиши кузатилади...

“СИНИЙ КИТ”ДАН ЖАБРЛАНГАНЛАР БОРМИ?

Россияда бу ўйин 2015 йили пайдо бўлган ва қисқа вақт ичида ўйин домига тушган 130 нафарга яқин бола ўз жонига қасд қилган. 2017 йил февраль ойида мамлакатда олиб борилган ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, йил бошидан буён 800 нафар ўспирин йигит-қизлар ўз хоҳишлари билан бу ўйинни бошлаш истагида бўлган.

Бу каби ҳолатлар Болгария, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон сингари давлатларда ҳам кузатилган.

БИЗДА-ЧИ?

Афсуски, фарзандларимиз орасида ана шу ўйин домига тушиб қолган, қабиҳ кимсаларнинг кўрсатмаларига кўр-кўрона эргашаётганлар ҳам бор экан.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан хабар қилишларича, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида олиб борилаётган давоматни кузатиш тадбирларида ўқувчи-ёшларнинг уяли телефон аппарати ҳам текширилган ва 31 нафар мактаб, 5 нафар коллеж ўқувчиси “Синий кит” ўйинининг 1-15-босқич иштирокчиларига айланганлиги аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим тизими вакиллари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг смартфон телефонларида кит сурати бор-йўқлиги, шунингдек, танасининг у ёки бу қисмига тиғ ёки бошқа турдаги ўткир воситаларнинг теккизилганлиги текширилган.

Саккизинчи синф ўқувчиси циркуль ёрдамида қўлига кит суратини чизган. Сўраб-суриштиришларда боланинг оиласи нотинч эканлиги, унинг тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланган. Яна бир ўқувчи ўйиннинг тўртта босқичини ўйнаган, танасининг айрим қисмларини тилган ва охир-оқибат бу ўйинни давом эттирмасликка қарор қилган. Шунда унинг телефонига яқинларига шикаст етказилиши ҳақидаги таҳдидли хабарлар келиб тушган. Ўқувчи бу ҳақида ўз дўстига сўзлаб берган, ўйинни дўсти давом эттирган, аммо тез орада у ҳам ўйиндан воз кечган. Ўйиннинг 15-босқичига қадар борган яна бир ўқувчининг қўллари ўзи томонидан шафқатсизларча тилинган бўлган. Аниқланишича, боланинг онаси хорижда ишлайди, отаси бошқа манзилда яшайди. Бола бувиси билан бир хонадонда истиқомат қилади. Суҳбат жараёнида у ўйинни давом эттириш ниятида эканлигини айтган.

Бола билан малакали психолог бир неча бор мулоқот қилишига тўғри келган ва ҳозирда боланинг руҳий ҳолати барқарор бўлишига эришилган.

Хуллас, бу каби ўйинлар мақсади, у билан боғлиқ нохуш воқеа-ҳодисалар тафсилотига тўхталиш орқали яна бир бор ҳамюртларимизни огоҳликка чорламоқчимиз. Не-не машаққат ва синовлар билан дунёга келтирган, ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда вояга етказаётган фарзандларимизни ўзгалар қўлига топшириб қўймаслигимиз учун бугун уларнинг тарбиясига, тақдирига бефарқ муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, Биринчи Президентимизнинг таъбири билан айтганда, “Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади”.

Саодат Содиқова
Mvd.uz

Мавзуга оид