Фан-техника | 14:59 / 14.04.2017
5771
2 дақиқада ўқилади

NHK: Apple Toshiba компаниясининг хотира ишлаб чиқариш бизнесини харид қилиши мумкин

Американинг Apple корпорацияси Япониянинг Toshiba компаниясига тегишли ярим ўтказгичлар ва хотира қурилмалари ишлаб чиқарувчи бизнесининг бир қисмини харид қилиши мумкин. Бу корхоналар, япон компаниясининг Westinghouse Electric шўъба бўлими томонидан кўрилган йирик молиявий зарарлар туфайли оғир аҳволда, деб хабар қилмоқда NHK телекомпанияси.

Маълумотларга кўра, Apple 1 апрелда ташкил этилган Toshiba Memory компаниясининг 20-30 фоиз акциясини харид қилиши мумкин. Ҳозирча, битимнинг аниқ суммаси маълум эмас. Бу Америка корпорациясига, ярим ўтказгичлар борасида барқарор пойдеворни тақдим этади. Чунки компания ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, жумладан, iPhone смартфонларида Япония компанияси маҳсулотларидан фойдаланади. 

Бундан ташқари, Apple ушбу бизнесни харид қилиш учун Тайваннинг Foxconn савдо белгиси билан яхши таниш Hon Hai Precision Industry компанияси билан бирлашиши ҳам мумкин. Бу эса, Toshiba компаниясига Toshiba Memory шўъба кохонасининг назорат пакетини ихтиёрида сақлаб қолиш ҳамда технологияларнинг тарқалишига доир муаммога ёрдам беради. 

Nikkei ишбилармонлар газетасининг ёзишича, Toshiba Memory улушини сотиб олишга, шунингдек, Жанубий Кореянинг SK Hynix ва Американинг Broadcom ва Western Digital компаниялари ҳам даъвогарлик қилмоқда. Western Digital Toshiba билан ҳамкорликда Япониянинг Иоккаити шаҳрида микрочиплар ишлаб чиқарувчи заводини бошқаради. 

Мавзуга оид