“Чизгилар ортидаги ёвузлик” ёки Тошкентда тату-фестиваль кимга керак?
Куни кеча интернет нашрларда жорий йил 7 майда Тошкент шаҳрида татуировка фестивали ўтказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу хабарни ўқидиму татуировка ҳақида айрим мулоҳазаларни бўлишгим келди. Хулосани эса кейин гаплашамиз.
Қадимда Япониянинг Хокайдо оролидаги абориген аёллар ўз тана аъзоларига турли хил кўринишдаги суратларни игна орқали ранг бериб безашган. Хусусан, юзлари, лаблари, қовоқлари нафис безаклар билан безатилган. Бу билан улар оилавий аҳволи ҳақида хабар берган, яъни фарзандлар сони, жисмонан чиниққанлиги ва рўзғор ишларида қобилиятли эканлигини англатганлар. Бу уларнинг ўтмишидаги миллий ўзига хослигидир балки, лекин бизнинг ўтмишимиздаги миллий ўзига хослигимизда бу каби одат, яъни татуировка қилдириш бормиди?
Техник тараққиёт асри деб ном берилган 21 асрда кишилар онгида санъатга нисбатан айрича муносабат шаклланди. Дейлик, аслида инсонни таҳқирлашдан лаззат олишни ўзининг йўналиши деб белгилаган садизмга хос бўлган, амалда эса ёшлар ўртасида урфга айланаётган айрим номутаносиб хатти-ҳаракатларга қўштирноқ ичидаги замонавий “фикр эгалари” гўзаллик дея таъриф бераяпти. Хусусан, кўча-кўйда инсон назари тушса, гуноҳ саналадиган аъзоларга нақшли гул ёки кўп қиррали юлдуз акси туширилган суратни кўз кўз қилиб юрган йигит қизларимизга кўзимиз тушади. Бу айни глобаллашув жараёнининг меваси эканлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Шу нуқтаи назардан, бир қатор саволлар ҳаммамизни ўйга толдириши табиий...
Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида оммалашиб бораётган татуировка оқибатида 22 хил рак касаллиги билан хасталаниш мумкинлигини ёшларимиз билишармикин? Татуировка қилдириш аслида аҳлоқий бузуқ олам вакилларининг тимсоли эканлигини-чи? Ёки ўз дунёқараши билан ўлимнинг ҳаётдан устун туришини олға сурадиган маънавий бузуқ бўлган гот ва эмоларнинг ташқи кўринишидаги белгилар эканлигини биламизми? Татуировканинг ҳар бир сеансида тахминан тери остига минг марта игна кириши билан инсон соғлиғига жиддий хавф солинишини тушуниб етяпмизми? Бундай қизиқиш ва ҳаракатлар замирида нима яширинганлигини-чи?
Қадимда Янги Зеландияда “майори” қабиласи мавжуд бўлиб, тату ниқобини “мокко” сўзи орқали талқин этишган. Улар ўз жангчиларининг юзини тату ниқоби билан безатишган. Ўша жангчи қазо қилган тақдирда эса олий ҳурмат-эҳтиром сифатида унинг юзи кесиб олиниб, нодир ашё сифатида сақланилган.
Греция ва Римда эса маҳбусларнинг қамоқдан қочишларига қийинчиликлар туғдириш мақсадида уларнинг юзларига ҳар хил расмлар солишган. XVII-XIX асрларда Японияда жиноятчиларга жазо сифатида “кучук” маъносини англатувчи иероглифларни жиноятчилар танасининг турли қисмига муҳрлашган. Таъбир жоиз бўлса, бундай ҳаракатларни ҳозир ҳам учратиш мумкин, яъни, жиноятчилар танасига туширилган татуировкалар унинг жиноят оламининг ёзилмаган қонунларидаги мавқеини ифодалайди. Масалан: пичоқ сурати шавқатсиз ва қасд олувчи маъносида.
Татуировка тушириш дастлаб маҳбуслар орасида кенг тарқалган бўлса, маълум вақт ўтгандан сўнг унинг тарқалиши ҳарбийлар орасида кенг тус олди. “Гендер тенглиги” тушунчасини нотўғри талқин этилиши туфайли эса кейинги йилларда татуировка аёллар орасида ҳам оммалашиб кетди.
Европада татуировканинг “обрўси” XVIII асрдан орта бошлаган ва улар татуировкани ёшлар орасида оммалаштиришда ажобтовур ғояни илгари сурганлар:
“Дўстинг севганингга тажовуз қилиши мумкин, севгилинг ҳам ташлаб кетиши бор гап, вафодор итинг ҳам бир куни сени тарк этади, аммо татуировка сенга содиқ қолади!”
Шунингдек, ўтган асрнинг ўрталарида ёшлар орасида оммалашган мусиқий йўналишлар татуировкага янгича талқин берди, яъни рокерлар учун тату мусиқий имиджнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилинди. Натижада йилдан йилга татуировка қилдирувчиларнинг сони кўпайиб, уларнинг дидига қараб қўштирноқ ичидаги “бадиий санъат” даражасида ривожлана борди. ХХ асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб татуировка барча ёшлар ҳаётида ўзининг иккинчи асосий даврини бошлади. Бугун эса бу қўштирноқ ичидаги юксак бадиий санъат Марказий Осиё ёшларини, хусусан, юртимиз ёшларини ҳам ўз гирдобига тортмоқда.
Татуировканинг кенг оммалашиб кетишига технологик тараққиёт ҳам сабаб бўлган. Хусусан, 1891 йилда ихтирочи Орейли игна билан эксцентрик ва электродвигателни бирлаштириш орқали янги асбоб яратди. Бу эса олдинги ўта оғриқли жараённи муқобил услублар билан анча енгиллаштирди. Бугун эса игналар ўрнига замонавийлашган электр ускунаси ва оғриқни қолдирувчи воситаларнинг ихтиро қилиниши туфайли унинг оммалашиши янада тезлашиб бормоқда.
Татуировка қилиш жуда кучли оғриқ билан амалга ошадиган жараён бўлиб, унда турли хилдаги бўёқлардан фойдаланган ҳолда одам терисига “расм” чизилади. Бўёқларнинг ҳужайрадаги макрофаглар ёрдамида сўрилиши натижасида ушбу “санъат асари”нинг умри инсон умри билан тенг бўлади, яъни бутун умр тери юзасида қолади. Ҳатто ҳозирда таклиф этилаётган лазер нури ҳам татуировканинг ўрнида чандиқ ёки қора ва жигарранг доғларни қолдирмоқда. Татуировка энг камида икки сеансда амалга оширилади. Ҳар бир сеансда суратнинг ҳажмига қараб игна тахминан минг марта инсон танаси терисини тешиб, тешикчалар ҳосил қилади. Шу ўринда игнанинг тана терисига 1 ёки 2 миллиметр чуқурликда киришини тасаввур қилиб кўринг. Ҳатто соғ одамда ҳам сеансдан сўнг бош айланиши ва ҳар хил реакцияларни кузатиш мумкин.
Асримиз тараққиётга эришгани билан татуировка учун хавфсиз деб айтилаётган бир марталик воситалар ва олдинги бўёқлар ўрнига таклиф этилаётган бўёқлар ҳам хавфлилигича қолмоқда. Бу борада бир неча далиллар бор. Уларга эътибор қаратинг.
Австриядаги пластик-жарроҳлик институтининг мутахассиси Ханна Шепперд фикрича, танага кирган сунъий маҳсулот дастлабки йилларда ўз фаолиятини кўрсатмайди. Бироқ вақт ўтиб, азобли оғриқлар бошланади. Шу билан бирга игна орқали танага тушган инфекция йирингга айланади. Хусусан – ОИТС, гепатит С, инсон терисининг юза қисмида бўладиган стафилококк каби касалликларнинг кўпайишига олиб келади. Гарчи тату асбоблари стирилланган бўлса-да, шундай майда вируслар борки, ҳатто, булардан қутулишда тиббиёт ҳам ожизлик қилмоқда. Шу ўринда тарихий далил: 1961 йилда Нью-Йоркда гепатит эпидемияси авж олганида маҳаллий ҳукумат тату салонлари фаолиятини тўхтатиб қўйган.
Агар ҳомиладорлик пайтида татуировка қилинган бўлса, туғилажак фарзандларнинг турли хил нуқсон, камчиликлар билан туғилиши эҳтимоли йўқ эмас. Вашингтон университети олимлари илмий изланишлардан сўнг, татуировка жараёнида 22 тагача саратон касаллиги билан бевосита касалланиш эҳтимоли бор эканлигини таъкидлашса, португалиялик шифокорларнинг фикрича, ҳаттоки, вақтинчалик татуировкаларнинг ҳам зарари бўлиб, бунда одам терисида турли хил аллергик белгилар: экзема, дерматит каби касалликларнинг кузатилиши эҳтимоли бор экан.
Олимлар татуировкали одамлар терисининг морфологиясини ўрганиш мақсадида 90 кишидан иборат тажриба гуруҳи тузиб, уларни кейинчалик татуировкасининг ёшига қараб 4 та кичик гуруҳчаларга бўлишди ва теридаги морфологик ўзгаришларни таҳлил қилдилдар.
Т/р |
Татуировка ёши |
Одамлар сони |
I гуруҳ |
1 йилдан – 5 йилгача |
9 |
II гуруҳ |
5 йилдан – 10 йилгача |
14 |
III гуруҳ |
10 йилдан – 20 йилгача |
48 |
IV гуруҳ |
20 йил ва ундан кўп |
19 |
Одам терисида содир бўладиган морфологик ўзгаришлар клиникасининг микроскопик таҳлили тажрибаси асосида қуйидаги хулосалар олинди:
- I ва II гуруҳ терисининг дерма ва гиподерма қаватларида кўп миқдорда бўёқ моддаси аниқланди;
- оз миқдорда терининг ёғ қаватида бўёвчи моддалар борлиги маълум бўлди;
- теридаги майда томирларнинг сони ва шаклининг ўзгариши кузатилди;
- III ва IV гуруҳдагиларнинг тери эпидермаси нотекислиги аниқланди;
- Татуировканинг бўёғи теридаги лимфа ва қон айланиши натижасида секин асталик билан қонга ўтиб бориши исботланди.
Айтиб ўтилганларнинг бари “чизгилар ортидаги ёвузлик”нинг бир кўриниши. Масаланинг яна бир долзарб жиҳати бор. Бугун татуировкаларни кимлар ёки нималар тарғиб қилмоқда?
Маълумотларга қараганда, татуировканинг уч тури мавжуд бўлиб, улар татуаж, темпту ва менду ҳисобланади. Шулардан “татуаж” асосан аёлларнинг юз пардозида лаб, кўз қовоқлари ва қошларига ранг, шакл ва сайқал бериш. “Темпту” - муддатли татуировка. “Менду” эса Ҳиндистонда кенг тарқалган бўлиб, у асосан аёллар танасига эркакларнинг ҳирсини қўзғатиш мақсадида туширилади.
ХХ асрнинг 70-йилларида пост-панкларнинг қадрияти – субмаданият бўлмиш гот ва эмоларнинг ташқи кўриниш белгиси татуаж эканлигини кўпчилигимиз билмаслигимиз мумкин.
Эмо инглизча сўз бўлиб, ҳиссий деган маънони беради. Бу ёшларнинг субмаданияти бўлиб, мусиқа мухлисларидан келиб чиққан. Эмолар билан готлар субмаданияти бир илдиздан келиб чиққани билан уларни бир-биридан фарқ қиладиган томонлари бор.
Готларнинг асосчиси эса инглизларнинг мусиқий гуруҳи Joy Division ҳисобланади. Бу шахс ХХ асрнинг охирида готика стилида мусиқани яратишни бошлаб, ўзига кўп ёшларни жалб қилади. Натижада “готика” мусиқасининг фанатлари ўзларини “ГОТ”лар деб номладилар.
ХХ асрнинг охирида вужудга келган ГОТ ва ЭМОларнинг дунёқарашида ўлим ҳаётдан устун туриши, ҳар бир шахс актив ҳаётда эмас, балки пассив ҳаётдаги дунёқараши билан бахтли бўлиши таъкидланади. Улар асосан тунлари юришни яхши кўришади, ғайритабиий маросимларни қабристонларда ўткизишади. Улар жинсий бузуқликни, гўзал ўлим топишни тарғиб қилади. Уларнинг ташқи кўринишларида қора бўёқларда кўз, қош ва лабларини татуаж қилдиришлари ва инсон назари тушса уяладиган аъзоларга сурат тушириши кузатилади.
Психологик нуқтаи назардан тату инсонларни жалб қилиш, қизиқтириш ва ўзига тортиш кучига эга эканлиги учун ҳам айни пайтда улар ўз сафларини татуажни тарғиб қилиш орқали ҳам кенгайтиришни мақсад қилиб олган бўлиши мумкин. Бу татуировкани тарғиб қилишнинг биринчи кўриниши.
Маълумки, санъат инсоннинг руҳий қувват манбаи бўлиб хизмат қилади. Хусусан, мусиқа, кино ва театр санъати вакиллари инсонларнинг руҳиятига беқиёс куч бахшида этишади. Шунинг учун ҳам улар инсонларга ҳам маънан, ҳам жисмонан ўрнак бўладилар. Кези келганда шуни айтиш керакки, ёшлар учун санъат вакиллари идеал бўлиб хизмат қилади. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, ёшлар санъаткорларнинг ташқи кўринишидан тортиб, ҳатто хатти-ҳаракатларигача тақлид қиладилар. Шу нуқтаи назардан юртимизга кириб келаётган хорижий кино ва мусиқий клиплар ёшларимизга салбий таъсир кўрсатаётгани ачинарли ол. Айниқса, чет эл эстрадаси ёхуд чет эл спорти юлдузлари ташқи кўринишларининг ёшларимизга бўлаётган таъсири эса ўйлаб кўришга арзигулик бўлган масала. Таъбир жоиз бўлса, татуировка ва унинг татуаж турини ёшларимиз орасида оммалаштиришда айрим эстрада хонандаларимизнинг ташқи кўриниш имиджи билан қилинаётган тарғибот эса гулханга ёғ сепиш билан баробар эмасми?
Татуировка тарғиботи борасида интернетнинг тутган ўрнини эса гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ҳақиқатдан ҳам айни кунда татуировка ва унинг татуаж тури ёшларимиз орасида авж олиб кетди. “Гап келганда отангни ҳам аяма”, дейдилар. Ҳозирда гулюзли ўзбек қизлари келинлик мақомига эришганларида юз пардозларида татуаж қилдиришлари қайси миллий урф-одатларимизга тўғри келаркин? Эртага она бўлиш бахтига мушарраф бўлиш истагидаги келинларимиз татуаж орқали ўз соғлиқларига жиддий хавф солаётганини тушуниб етаяптими?
“Гўзаллик салонлари”даги татуировка ёки татуаж хизматидан фойдаланиш аслида ўз истагимизга кўра жар ёқасига бориш эмасмикан? Ёки “гўзаллик салон”лари ходимлари ўз хизмат фаолияти билан нафақат миллий қадриятларимизни, балки Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам менсишмаяптими? Ёхуд татуировка бизнесидан келаётган даромад уларнинг кўзларини кўр қилдими?
“Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан зўравонликни, ҳаёсизликни ва шавқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади”
Ўзбекистон Республикаси “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуни. 6-модда.
Ўзбек қизлари ва аёлларининг қошлари сув ичадиган ўсма, кўзлари нур оладиган сурма, руҳиятларига кўтаринкилик бахш этдиган хина каби табиий пардоз воситалар ўрнини, наҳот ҳам маънавий, ҳам жисмоний зарар келтирувчи “алламбало”лар эгалласа-ю, ҳеч кимнинг иши бўлмаса?
Асрлар давомида инсониятни эзгуликка етаклаган диний қадриятларда ҳам бу каби, қўштирноқ ичидаги бадиий санъатга нисбатан қатъий муносабат бор, унда - инсон танасига туширилган татуировка катта гуноҳ сифатида таъкидланади.
Айтиб ўтганимиздек, қадимда Япониянинг Хокайдо оролидаги абориген аёлларнинг татуаж қилдиришлари уларнинг ўтмишидаги миллий ўзига хослиги сифатида эътиборли, шунингдек якудзи биродарлигида ҳам бу ўз аҳамиятига эга. Бироқ бизнинг тарихимизга тегишли бўлган қайси манбага мурожаат этманг, татуировка ҳақида бирон маълумот топа олмайсиз. Ҳатто, тилимизда ҳам бу ибора моҳиятини англатувчи муқобил сўзни топа олмадик. Шундай экан, Шарқ цивилизациясининг гултожи саналмиш ўзбек маданиятига ёт бўлган кўринишларни нима учун фестивал даражасида қарши олишимиз керак. Нима учун бу ҳаракатларга тегишли мутасаддилар мум тишлашган?
Хуршид Далиев
Мавзуга оид
09:44 / 07.09.2024
Тошкентда фестивалда жамоат тартибини бузган 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига баённома тузилди
21:59 / 04.09.2024
Тошкентда бир қанча кўчалар 3 кунга ёпилади
18:00 / 02.09.2024
Хорижда уйланиб олган эр, тангликда қолдирилган она ва калтакланаётган бола – асл айбдор ким?
13:27 / 29.08.2024