Ўзбекистон | 11:49 / 21.04.2017
55443
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда импорт маҳсулотлари учун конвертация ёпилгани ростми? 

Сўнгги вақтларда тадбиркорлар ва аҳоли орасида хорижий мамлакатлардан маҳсулот олиб кириш учун конвертация ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу маълумотни «Кун.uz» сайтининг бир неча банклардаги бир-биридан мустақил манбалари ҳам тасдиқлади. Уларнинг сўзларига кўра, тақиқ шу кунларда жорий қилинган бўлиб, бу вақтинчалик ҳолатдир. Манбаларнинг айтишича, тақиқ оғзаки буйруқ тарзида берилган, ёзма кўрсатма мавжуд эмас. 

Қуйида таҳририятимизга келган ва айни шу масала қандай муаммоларга сабаб бўлаётганига ойдинлик киритувчи мактубни ҳавола қилмоқчимиз:

«Ассалому алайкум, «Кун.uz» таҳририяти! Сизларга бир мурожаат билан хат ёзмоқдаман. Тошкент шаҳрида ишлайман, ўзим водийданман. Гап шундаки, назаримда охирги пайтларда Ўзбекистонда дори етишмовчилиги бўляпти. Бувим қандли диабет касаллигига чалинганлар. Қариндошларимизда ҳам шундай касаллар бор. Уларга инсулин дорисини пойтахтдан етказиб турардим. Охирги кунларда инсулин топиш муаммо бўлиб қолди. Дорихоналарга телефон қилиб топиб бўлмади. Охири пойтахтдаги диабет дорихоналардан бирига бордим. Кириб инсулин сўрадим, йўқ деб жавоб беришди. Нима муаммо? Нега тугаб қолди, десам. Сотувчи аёл «Январь ойидан бери банкдан пулимизни конвертация қилиб беришмаяпти. Биз буюртма берганмиз, лекин пулини тўлай олмаяпмиз. Конвертация очилса ҳам бир ойда аптекага етиб келади» – дея жаҳл қилиб жавоб қайтарди. Шу ўринда, савол пайдо бўлади: унгача Ўзбекистондаги касаллар нима қилади? Нафақат инсулин бошқа дорилар ҳам етишмовчилиги мавжуд экан. Пойтахтда шу аҳвол бўлса бошқа вилоятларни тасаввур қилаверинг. «Кун.uz», илтимос, биз шу масалада қаерга мурожаат қилишни билмаймиз. Суриштириб аниқлаштириб беринглар!».

Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқимизда «янгисини қурмай туриб, эскисини бузма» деган нақл бор. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳам шу нақлга амал қилиб келди. У ОАВга берган интервьюларида, ёзган китобларида бу ҳақда кўп гапирган.

Юқоридаги ҳолатлар эса, ҳукуматимиз томонидан халқ манфаатлари билан бир қаторда, тадбиркорлар учун қулай шароитлар барпо қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинаётган кўплаб қарорларни нотўғри тушуниш оқибати эмасмикан? Ахир, мамлакатимизда қандли диабет, саратон хасталиклари ва бошқа қатор оғир касалликлар учун юқори сифатли дори-дармонлар хориждан олиб кирилиши ҳеч кимга сир эмас-ку? Импорт маҳсулотлари олиб кирилишини камайтириш хусусидаги чекловлар «саллани ол деса, каллани олиш» қабилида бўлмаслиги керак.

Тўғри, бу каби «қаттиқ» валютага олиб кириладиган фармацевтика маҳсулотларини ўзимизда етарли ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, нур устига аъло нур бўларди. Бироқ, мавжуд вазиятда, маҳаллий ишлаб чиқариш ички талабни қондира олмаслиги аниқ бир вақтда, жиллақурса ҳаёт учун зарурий дори-дармонлар учун конвертация масаласини тезроқ ижобий ҳал қилиш талаб этилади. Ёки, буни ҳам президент ҳал қилиб бериши керакми?

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳар бир соҳада мавжуд ҳолатни халққа очиқ-ойдин тушунтиришни талаб қилаётганига қарамай, бу муаммони ҳал этувчи «довюрак» топилмаяпти.

Ҳозирча, мақола сарлавҳасида акс этган саволни расман тасдиқловчи манба йўқ. Лекин атрофдаги шароит шуни тасдиқламоқда. 

Мавзуга оид