Спорт | 10:20 / 22.04.2017
48493
3 дақиқада ўқилади

Мбаппе Месси ва Роналдудан зўрроқ эканига 5 исбот

Жорий ҳафтадаги еврокубокларнинг асосий якуни: Килиан Мбаппе – фантастик даражадаги ўйинчи. У Месси ва Роналдудан қандайдир жиҳати билан устунроқ экани ҳам аниқ.

1. Ҳар бир учрашувда голлар

Яқиндагина Мбаппе ҳақида ҳеч ким эшитмаган ҳам эди. Энди эса у Европанинг исталган клубидан таклиф олиши аниқ. Мбаппе ЕЧЛда асосий тартибда тўрт бора майдонга тушди ва ҳар гал тўп киритди. Франциялик ўйинчи «Манчестер Сити» ва «Боруссия» дарвозасига бешта тўп урди. Мбаппе – ЕЧЛ плей-офф босқичидаги ўзининг илк тўртта баҳсининг ҳар бирида тўп урган дунёдаги ягона футболчи (асосий таркибдаги ўйинлар ҳисобга олинган).  

2. Икки оёқдан зарба бериш

Мбаппе ҳисобида яна бир рекорд бор. У ЕЧЛ плей-офф босқичида ҳар икки оёғидан ҳам гол урган энг ёш футболчи ҳисобланади. Бироқ, Мбаппе кўпчилик тўпларини ўнг оёғида урган. Дарвоқе, ёш йигит киритган тўпларини ноодатий тарзда ҳам нишонлайди. У қўлларини қўлтиғи остига шундай тарзда яширади:

3. Ҳет-триклар

Мбаппе 19 ёшга тўлгунига қадар иккита ҳет-трик қилди. 2016 йилнинг декабрида француз Лига кубогида «Ренн»га учта гол урган бўлса, 2017 йилнинг февралида Франция чемпионатида «Метц» билан ўйинда ҳет-трик қайд этди. Месси ҳам, Роналду ҳам 19 ёшигача расмий ўйинда учта тўп кирита олмаган. Шуниси қизиқки, португалиялик Мбаппенинг энг севимли ўйинчиси бўлган, улар ҳаттоки 2012 йилда бирга суратга ҳам тушишган.

4. Чемпионатдаги сермаҳсуллик

18 ёшли Мбаппе Франция чемпионатида 13 та тўп уришга муваффақ бўлди. Месси эса 19 ёшигача Примерада еттита, Роналду бўлса – АПЛда битта ва Португалия чемпионатида учта гол киритган. Айни дамда Мбаппе майдонда ўтказган вақтига нисбатан «гол+пас» тизими бўйича етакчидир (пенальтидан урилган голлар ҳисобга олинмайди).

5. ЕЧЛдаги барқарорлик

Мбаппе ЕЧЛда ўзининг тўртта дастлабки ўйинида асосий таркибда тушиб, гол урган олтинчи футболчига айланди. Роналду ва Месси бу олтиликка ҳаттоки кирмаган. Охирги шундай ўйинчига Диего Коста 2014 йилда айланганди.

Кеча эса Мбаппе ЕЧЛ чорак финал жавоб учрашувлари якунлари бўйича ҳафтанинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Бу номга шунингдек, «Ювентус» ярим ҳимоячиси Хуан Куадрадо, «Бавария» хавбеки Арьен Роббен ва «Лестер Сити» ҳужумчиси Жейми Варди ҳам даъвогарлик қилди.

 

Мавзуга оид