Жамият | 20:19 / 01.05.2017
17315
3 дақиқада ўқилади

Андижон бекатларида GPS тизими, автобусларда эса электрон тўлов хизмати йўлга қўйилди

Андижон шаҳридаги мавжуд 14 та йўналишда ҳаракатланувчи 150 та автобусда йўл ҳақини электрон транспорт тўлов карточкалар орқали тўлаш жорий этилгани йўловчилар учун яна бир қулайлик тақдим этди. Янги лойиҳа асосида ишловчи автобусларга энг тажрибали ҳайдовчилар танлаб олинди. 

Касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 150 нафар битирувчи амалиёт даврида тайёргарлик кўриб, чиптачи вазифасида иш бошлади. Ҳар бир тўлов тўғридан тўғри хизмат кўрсатувчи корхонанинг ҳисоб-рақамига тушади.

- Республикамизда биринчи бор Андижонда бу тартиб йўлга қўйилди, - дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Тўлаганов. - Йўл ҳақини нақд пулсиз амалга оширилиши қатор қулайликларни яратди. Йўловчи дастлаб автобекат ёки банк муассасаларидан 15 минг сўмга карточка сотиб олади. Кейинчалик ўзининг банк пластик карточкасидан онлайн тартибда унга пул тушириб боради. Ундан икки йил муддатда республика бўйича хизмат кўрсатаётган автобусларда фойдаланилади. Энг муҳими, битта карточкадан бутун оила аъзолари фойдаланиши мумкин. Йўл ҳақи шаҳар йўналишларида бир хил белгиланган.

Карточкадан фойдаланиш тартиби жуда оддий. Чиптачи картани терминал (валидатор)га текказганида пул маблағини ечиб олади. Тўлов амалга оширилганини тасдиқлаш мақсадида сана, вақт, йўналиш номи, автобус ва карта рақами ҳамда қолган маблағ ҳақида ҳисоботлар қайд этилган чипта (чек) берилади. Бусиз йўл ҳақи тўланмаган ҳисобланади. 

Андижон шаҳри кўчаларида барпо этилаётган замонавий ойнаванд бекатларда автобусларнинг оралиқ масофасини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиб бориш имконияти яратилгани ҳам қувонарли. Махсус монитор орқали кутаётган автобусингизни қаерда эканлигини ва бекатга етиб келиш вақтини билиш мумкин. Бу ўз ўзидан йўловчи вақтини тежайди.

Яратилган қулайлик ҳайдовчини  чалғимай, эркин ҳаракатланиш имконини берди. Чунки йўловчилар билан фақат чиптачи ишлайди. Бу айни вақтда хавфсизликни ҳам оширади.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид