Жамият | 18:04 / 02.05.2017
13820
5 дақиқада ўқилади

Тамагир “ишонч телефони” орқали фош этилди

Фарзанд дунёга келгач, онанинг вазифаси унга ғамхўрлик қилишдир. Бола то боғча ёшига етгунча аёл бошқа иш қилишдан чекланиши табиий. Бундай пайтда оиладаги шароитга қараб она маҳалла фуқаролар йиғинидан бола парвариши учун ёрдам пули олиши мумкинлиги қонунчиликда белгиланган, деб ёзмоқда ЎзА.

Лекин бу имтиёздан фойдаланишда аёллар баъзан айрим муаммоларга дуч келмоқда. Тайлоқ туманида яшовчи фуқаро Л.Оқиловадан маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бири икки ёшгача бўлган фарзанди учун нафақа пули берилаётгани эвазига ҳар ойда юз минг сўм талаб қилган. Аёл бу вазиятда баъзи фуқароларга ўхшаб порахўрга айтган пулини қўшқўллаб тутқазмай, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси “ишонч телефони”га мурожаат қилган.

– Мазкур мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар батафсил ўрганилиб, аёлнинг мурожаати ўз тасдиғини топди, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Гулноза Раҳимова.  – Тайлоқ туманидаги “Эски Жума” маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Х.Холмирзаевага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят кодексининг мазкур моддасида “Фирибгарлик” жинояти ва унга бериладиган жазолар назарда тутилган. Жумладан, шу модданинг 1-қисмида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро А.Янгибоевадан ҳам маҳалла фуқаролар йиғини ходими фарзандига нафақа пули тайинлаш эвазига пул талаб қилиб, ана шу ҳолатни содир этган. Фуқаронинг бу борадаги мурожаати бўйича ўтказилган тезкор текширишда мазкур йиғин котиби С.Қораева фирибгарлик йўли билан А.Янгибоевадан 600 минг сўм пулни олган вақтида ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратурада ташкил қилинган Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказининг “ишонч телефони” барча турдаги мурожаатларни туну кун қабул қилаётгани туфайли юқоридаги каби жиноятларга вақтида чек қўйилмоқда.

Келиб тушаётган мурожаатларни бошқа давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юбориш тизими жорий қилинган. Ҳозир тизимга 50 дан зиёд вазирлик, давлат қўмитаси ва ташкилотлар уланган.

Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, мурожаатларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида вилоят прокуратуралари, уларга тенглаштирилган прокуратуралар, шунингдек, туман ва шаҳар прокуратураларида мурожаатларни телефон орқали қабул қилувчи оператор штатлари жорий этилди. Натижада прокуратура органларида телефон орқали мурожаатларни қабул қилиш, уларнинг ҳал этилиши устидан назоратни амалга оширишнинг ягона марказлаштирилган тизими яратилди.

Бу, шубҳасиз, мурожаатларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилиши, қонуний ҳал этилишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошираётир.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Ж.Жуманиёзов Миллий банкнинг Ҳазорасп филиалидан қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун кредит сўраган. Лекин иши битмади. Шунда у мазкур марказга мурожаат қилди. Тезкор кўрилган чора туфайли тадбиркорга 180 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро А.Мамажонов марказга қилган мурожаатида ғишт заводи ташкил қилиб, 50 иш ўрни яратганини, аммо зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш учун кредит ажратиш ҳақидаги аризаси “Асака” банкининг Олтиариқ тумани филиали томонидан натижасиз қолдирилганини баён қилган. Мурожаатни ўрганиш натижасига кўра тадбиркорга 800 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Марказга келиб тушган ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олинган. Фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, қонунбузилишига йўл қўйган мансабдор ва бошқа масъул шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Мавзуга оид