Украина 2017 йилда АҚШдан қанча пул кутаётганини маълум қилди
Украинанинг АҚШдаги элчихонасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилиндики, 2017 йилда Вашингтон Киевга 560 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам бериши кутилмоқда.
«АҚШ Конгрессида 2017 йил учун бюджет ажратмалари бўйича қонун лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра, ёрдам дастури доирасида Украинага камида 560 миллион доллар берилиши режалаштирилган», дейилган элчихона баёнотида.
Қайд этилишича, ушбу маблағ ўтган йилдагига қараганда 27 миллион долларга ортиқдир. Элчихона хабарида айтилишича, Киевга ҳарбий харажатлар учун ажратилган маблағ камида 238 миллион долларни ташкил этади.
Қонун лойиҳаси ҳали Сенат ва Вакиллар палатаси тасдиғидан ўтиши керак. Бу 5 май куни аниқ бўлади, лойиҳа маъқулланса, президент томонидан имзоланиши мумкин.
Бундан олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Украина ва бошқа бир қатор мамлакатларга молиявий ёрдамни камайтиргани, бошқаларига кўпайтиргани, бундай давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам борлиги хабар қилинганди.
Foreign Policy АҚШ Украинага кўрсатиладиган молиявий ёрдамни 68,8 фоизга қисқартириб, режалаштирилган 570 миллион ўрнига 177 миллион доллар ажратиши ҳақида ёзганди.
АҚШ Давлат департаменти Украинага молиявий ёрдамни кесиб, Ўзбекистонга кўпайтирмоқда