Фан-техника | 00:07 / 16.05.2017
18371
2 дақиқада ўқилади

MP3 формати асосчилари унинг «ажали» яқинлашаётганини тан олишди

Фото: Getty Images

Германиядаги Фраунҳофер жамияти интеграл схемалар институти MP3 рақамли кодлаш форматига патентларнинг амал қилиш муддати тугаганлигини эълон қилди, деб хабар беради Gizmodo.

Форматни ишлаб чиққанлар уни ривожлантиришдан воз кечишга қарор қилишди ҳамда ускуналар ва дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчилардан лицензион йиғимлар йиғишни бас қилишга келишишди. Бу эса келгусида бу стандартни қўлловчи ускуналар ишлаб чиқарилмаслигини билдиради.

Мутахассислар ушбу стандарт ўрнини у ҳам 1997 йилда Фраунҳофер институти томонидан яратилган ААС формати босишига ишонишмоқда.

«Айни пайтда медиахизматларнинг аксарияти замонавий ISO-MPEG кодекларидан фойдаланади: улар ҳозирча AAC оиласидан, келажакда эса MPEG-H форматига ўтилади. MP3га таққосланса — улар кўпроқ имкониятлар ва паст битрейтларда анча юқори сифатдаги товуш тақдим этади», — дейилади институтнинг расмий хабарида.

MP3 кодеки (MPEG-1 Audio Layer 3) 1993 йилда ишлаб чиқилган эди. У рақамли кодлаштириш форматлари энг кўп тарқалгани ва энг машҳури ҳисобланади. У саккиз канал қўлловига ҳамда 8 дан 48 килогерцгача дискретизация частотасига эга, AACда эса каналлар сони 48 та, частота 8 дан 96 килогерцгача.

Мавзуга оид