Нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш модернизацияланмоқда
Жорий йилда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимда қиймати 23,26 миллион АҚШ долларига тенг 10 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда ахборот берилди.
"Ушбу инвестиция лойиҳаларни замонавий илғор технологиялар асосида амалга ошириш мақсадида Россия, Украина, Туркия ва Тайван давлатлари компаниялари билан музокаралар олиб борилиб, жами 14,4 миллион долларлик шартномалар имзоланди, – дейди “Ўздонмаҳсулот” АЖ раиси ўринбосари Эркин Алимов. – Мазкур сармоялар ун ишлаб чиқарувчи тегирмон, буғдой ёрмаси, омухта-ем ҳамда полипропилен қоп етказиб берувчи янги цехларни барпо этиш, мавжудларини модернизация қилишга жалб қилинади".
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси тизимидаги корхоналарда 58 та ун ишлаб чиқарувчи тегирмон, 114 та нон, 46 та макарон, 45 та омухта-ем, 2 та ёрма цехи фаолият кўрсатмоқда. 2010-2017 йилларга улар фаолиятини янада кучайтириш, хусусан, республикамиз ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, аҳолини сифатли нон ва нон маҳсулотлари, макарон ва ёрма маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган дастурга мувофиқ, тизимдаги корхоналар томонидан қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Германиянинг “Wachtel”, Россиянинг “Viniks” компанияларига тегишли дастгоҳлар тизим корхоналарида ўрнатилиши натижасида нон маҳсулотлари сифати яхшиланди, ишлаб чиқариш ҳажми ошди, энг муҳими, олис қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига иссиқ нон маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш шароитлари яратилди.
Сўнгги етти йилда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янги қувватларни қуриб, ишга тушириш бўйича “Ўздонмаҳсулот” АК томонидан 301 миллиард сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилиб, 171 та янги қувватлар ишга туширилди, 62 та корхона Россия, Украина, Германия, Швецария, Туркия ва Италия давлатларининг замонавий илғор технологик ускуналари асосида модернизация қилиниб, техник жиҳатдан қайта жиҳозланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 1768 та янги иш ўрни яратилди, электр энергия сарфи 15-20 фоизгача камайди, ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари 10-15 мартага кўпайди. Мазкур замонавий технологиялар асосида нон пишириш жараёни жаҳон стандартларига монанд автоматик равишда паст босимли газ ёқилғиси ҳамда зангламайдиган материалдан махсус ишланган нон қолипларида амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Анжуманда аҳоли саломатлигини янада яхшилаш мақсадида “Унни бойитиш Миллий дастури”га мувофиқ, корхоналарда унни бойитиш тизими бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам сўз юритилди.
"Дастурни ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад аёллар ва болаларда темир моддаси танқислиги ҳамда анемиянинг олдини олишдан иборат бўлиб, бугунги кунда тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган биринчи навли ун тўлиқ ҳажмда минерал-витамин аралашмалари билан бойитилмоқда, – дейди Эркин Алимов. –Унга қўшилаётган минерал ва витамин аралашмаларининг таркиби Тиамин-В1, Рибофлавин –В2, Никотин кислотаси–РР, Фолий кислота ва микроэлементлардан таркиб топган".
Мавзуга оид
22:30 / 19.09.2024
Фойдаланилмаётган ерлар, бўш адирларда мевали боғлар барпо этилади
15:22 / 08.05.2024
Дон корхоналари хусусийлаштирилмоқда
15:32 / 24.04.2024
Россияда ҳайдовчилар тақчиллиги туфайли нон нархи ошди
15:55 / 11.01.2024