Жаҳон | 11:36 / 23.05.2017
22418
3 дақиқада ўқилади

Узлуксиз терактлар: Террорчи қаҳрамонми?

Фото: ТСН

Манчестер шаҳридаги стадионда портлаш содир этиш орқали террорчилар яна бир бор ўзларининг манфур қиёфаларини намоён қилишди. Охирги маълумотларга кўра 22 киши ҳалок бўлди, 59 киши шифохонага ётқизилган.

Шу куни Россия ва Европанинг 24 соат давомида янгиликлар узатувчи каналларини икки соатдан ортиқ кузатдим. Ҳар иккисида ҳам деярли бир хил манзара: қон, саросима, вайрон бўлган иншоотлар, олдинги терактлар статистикаси, террорчиларнинг бутун экранни эгаллаган суратлари...   

Жараён шундай давом этаверишига кўзим етиб телевизорни ўчирдим. Бир нарса аниқ: агар ахборот узатиш айни шу шаклда давом этса – яъни теракт бўлиши билан янгиликлар каналларини ва умуман ОАВни шу мавзу буткул эгаллаб олса, бу жараён қанча давом этса ўша террорчилар ва уларнинг ҳомийлари шунча байрам қилишлари аниқ. Чунки биргина портлашни улар бажаришяпти, кейинги мақсадларга ҳеч бир қийинчиликсиз ўз-ўзидан эришишяпти. Ахир террордан мақсад фақатгина бир неча инсоннинг ҳаётига нуқта қўйиш эмас (умуман олганда бу мақсад қўйилмайди ҳам, чунки нобуд бўлганларнинг кимлигининг уларга заррача қизиғи йўқ), аксинча, айнан дунёга тарқалувчи ваҳима, инсонлар онгидаги саросима, “шаҳид” дея аталувчи камикадзеларнинг ҳар қадамда эканлигини англатиш эканлиги кундай аён-ку. Айнан ОАВ, айниқса хориж телевидениеси уларга ўзлари билмаган ҳолда шу қадар ёрдам бериб юборишадики, агар бошқа бир кампаниянинг пиар маҳсулотини ёритиш керак бўлса ва катта пул тўланса ҳам бу қадар натижаларга эришиш қийин.

Албатта, ахборотни яшириш ёлғон ахборот туғилишига замин яратади. Бу телеканалларнинг мақсади ҳам ғаразли эмас: бор маълумот борича берилмоқда, ҳеч нарса яширилгани, ўзгартирилгани йўқ. Аммо бир ақли пастнинг (уларни расо деб бўлмайди) қўлида автомат тутиб бегуноҳ инсонларни шунчаки отиб ташлаётгани, юк машинасида юзлаб одамларни эзғилаб кетаётгани, юзига қора ниқоб тақиб, бир бечоранинг бўғзига пичоқ тортаётгани ёки белига бомба бойлаб ўзини оломон орасига ураётгани тасвирланган лавҳаларни бот-бот қайтариб кўрсатаверишда маъни борми?

Ўша террорчининг сурати экранга катта қилиб чиқарилиб, таърифи келтирилишидан мақсад нима?

Айнан мана шу жараёнлар шундай режалар қилиб юрган кимсаларнинг қўлтиғига сув пуркамайдими?

Ҳар доим, ҳар бир жамиятдан аламзадалар бор ва улар орасидан ҳамиша ақл бовар қилмас разилликлар уюштирилаверади. Аммо уларни “қаҳрамон” қилишдан муддао борми?!

Бу ҳам бир фикр, хулоса сиздан.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид