Спорт | 19:35 / 26.05.2017
16104
3 дақиқада ўқилади

«Баркамол авлод-2017». Кучлилар сараланмоқда

Жиззахда «Баркамол авлод-2017» спорт ўйинлари давом этмоқда. 26 май куни Жиззах шаҳрида жойлашган «Сўғдиёна» спорт мажмуасида спортнинг бокс, сузиш, бадиий гимнастика, енгил атлетика, баландликка сакраш ва шу каби бошқа турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Унда республиканинг барча ҳудудларидан келган жамоалар ўртасида юқори ўринларни эгаллаш ва кейинги ўйинларга йўлланма олиш учун қизғин кураш олиб борилди. Ҳар бир чиқиш томошабинлар томонидан олқишланиб, ҳакамлар хулосаси билан юқори баҳоланди.  

Енгил атлетика

«Баркамол авлод-2017» спорт мусобақаларининг қизлар ўртасида ўтказилган 100 м югуриш,  Енгил атлетика спорт тури бўйича тошкентлик спортчи Виолетта Иванина 3-ўрин, Тошкент шаҳридан келган иштирокчи Анна Шиманис 2-ўрин, Навоий вилоятидан ташриф буюрган спортчи Наргиза Низомиддинова эса мусобақа ғолибаси бўлиб олтин медаль билан тақдирланди.

Йигитлар ўртасидаги мусобақа ҳам жуда кескин туc олди. Унда Сирдарё вилояти вакили Жавоҳир Нориев учинчи, Тошкент шаҳри вакили Дмитрий Зиганшин иккинчи ва Қашқадарё вилояти жамоаси аъзоси Жалолиддин Ҳамроқулов биринчи ўринни эгаллади. 

Баскетбол

Бугун спортнинг ҳандбол, баскетбол, теннис, стол тенниси, оғир атлетика, бадминтон, дзюдо йўналишларида республиканинг барча вилоятларидан келган спортчилар яккалик ва жамоавий тарзда қизғин кураш олиб боришди. Айниқса, баскетбол, дзюдо ва оғир атлетика ўйинлари мухлислар қизиқишига ва олқишига сабаб бўлди. Баскетбол бўйича мезбон жамоа қизлари ярим финал босқичида наманганлик қизларга қарши куч синашди. Ўйин юқори темпда ва кучлар нисбати тенг ҳолда бўлиб, якунда жиззахлик қизлар ғалаба қозонишди.

«Биз Жиззах вилоятининг қизлар баскетбол терма жамоаси аъзолари 4 йилдан буён мунтазам баскетбол билан шуғулланиб келмоқдамиз. Мураббийимиз Муҳторов Жалолиддин биз билан кўп тайёрганлик олиб бордилар. Яқинда Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган «Баркамол авлод» мусобақасининг саралаш босқичида яхши иштирок этиб йўлланмага эга бўлгандик. Мана энди эса вилоятимизда бўлиб ўтаётган «Баркамол авлод-2017» мусобақасида кўтаринки кайфиятда иштирок этмоқдамиз. Наманган вилоятини мағлуб этиб финалга чиқдик, ўйлайманки, биз албатта ғолиб бўламиз», - дейди Жиззах Олимпия захиралари коллежи 1-курс ўқувчиси Усмонова Наима.

Эндиликда Жиззах вилояти баскетболчи қизлари финалда қорақалпоғистонлик қизлари билан баҳслашади.

Наманганлик баскетболчи қизлар эса учинчи ўрин учун тошкентликлар жамоасига қарши куч синашди. Қизғин баҳсларга бой бўлган ўйинда тошкентлик баскетболчи қизлар наманганлик тенгқурларини 64-55 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бронза медални қўлга киритди.

Финал 27 май куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Миллий университети онлайн жамоаси

Мавзуга оид