Жамият | 16:19 / 29.05.2017
18038
9 дақиқада ўқилади

Қаровсиз футбол майдончаси: “савоби ҳам, уволи ҳам маҳаллага...”

Қарши минтақавий темир йўл узели Шилви қишлоғи, жанубий парк, Қарши-Нишон автомагистрали яқинидаги Махтумқули, аэропорт ҳудудларида жойлашган спорт майдонини кўрган кишининг афсусланиши турган гап. Тўғриси, катта маблағ эвазига қурилган майдончадаги бу хунук манзарани кўриб, наҳотки, бу ернинг эгаси бўлмаса, деган саволга бордик.

Фотоаппаратимизни ишга тушириб, сигирларни суратга олишни бошлаган ҳам эдик-ки, узоқдан бир киши олдимизга югуриб келди. Гапларига қараганда бу киши сариқ рангдаги сигирнинг хўжайини экан. Жонивор майдончага кириб кетганини ўзи ҳам пайқамай қолибди. Уни қидириб юрган экан. Маза-маза сигирнинг эгасига маза эканда! Тайёр - кенг яйлов. Эрталаб ипини шохига ўраб, сигирига кўчани кўрсатиб қўйса бас. Кечга бориб майсазордан қорни қаппайиб қайтади. Майдончанинг темир панжаралари қўпорилиши мумкинлиги билан иши йўқ. Ўзиники эмас-да! Мана аҳвол, майдон аллақачон ёш ўғил-қизларнинг севимли спорт ўйингоҳи эмас уч-тўрт сигир ўтлайдиган далага айланган. Майдончани ўраб турган темир панжаралар кўчиб, оёғи синган лайлакдек бир томонга ётиб қолган. Ювиниш, дам олиш, кийиниш хоналарини айтмайсизми? Омборхонага ўхшайди. Шу яқин атрофдаги баъзи кимсалар ундан "продукт" сақлайдиган "склад" қилиб олган. Бир ўйлаб кўринг, қаровсиз қолгандан кейин, қолаверса, шу атрофдаги маҳалланинг болалари ҳам оёқ босишларига рухсат бўлмагандан сўнг, бу текин майдон кимгадир хизмат қилиши керак-да. Нима дедингиз? Тўғри, сиз ҳам, аслида майдончадан маҳалланинг иқтидорли ҳаваскор ёш ўғил-қизлари фойдаланса, улардан келажакда моҳир футболчилар етишиб чиқармиди, деб ўйлаётгандирсиз. Гапингизда жон бор. Аммо майдон эгалари бу ҳақда наҳотки бош қотирмаган бўлса?

Хўш, аслида бу майдон кимга тегишли? Эгаси ана шу хунук ҳолатлардан хабардорми?

Яқин атрофда яшайдиган кишиларнинг айтишича, бу майдон Қарши темир йўл узели унитар корхонасига тегишли экан.

"Савоби ҳам уволи ҳам ўзига..."

- Қарши минтақавий темир йўл узели Шилви қишлоғи, жанубий парк, Қарши-Нишон автомагистрали яқинидаги Махтумқули, аэропорт ҳудудларида жойлашган спорт майдончани, айтяпсиз-да, дейди саволимизга ҳайратланиб, Қарши минтақавий темир йўл узели кадастр бўлими бошлиғи Ҳусан Файзиев. - Ҳа, бизнинг балансдаги майдон.

 - У ерга охирги марта қачон борган эдингиз?

- ...Ишқилиб боргандим.

- Сигир, бузоқлар ўтлаб, темир панжаларга зиён етаётгани ҳақида бирор кишидан ҳеч бўлмаганда эшитдингизми?

- Майдончалар бизнинг балансда турган билан “Темирйўлчилар” маҳалласига ҳам тегишли, - дейди Ҳусан ака. - Уни назоратга олиш маҳалланинг иши. Ана маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчи, посбонлар бор. Улар бу масалага бош қотирсин. Майдончалардан ҳам бошқа жиддийроқ вазифаларимиз кўп. Тўғри, ундан фойдаланиш учун кўплаб ташкилотлар ўз таклифлари билан чиқишаяпти. Аммо майдонча фақат шартнома асосида берилади. Ахир уни қуришга қанча маблағимиз кетган. Текинга бермаймиз-ку? Бизда шусиз ҳам кўплаб спорт майдончаларининг ташвиши бор. Маҳалланинг ёшлари фойдалансин, деб қурдикми, майдончанинг савоби ҳам, уволи ҳам маҳаллага. Ҳаммасини бир вақтда назоратга олишимизнинг имкони йўқ-ку? Бизнинг асосий вазифамиз поезднинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш. Спорт иншоотларини асраб–авайлаш ҳам вазифамизга киради. 

Ҳусан аканинг гапида жон бор. Темир йўлни ҳаракатга келтириш, унинг хавфсизлигини таъминлаш ўта масъулиятли вазифа. Бундан ташқари, у киши айтганидек, темир йўл мулки ҳисобланган спорт ўйингоҳларини ҳам асраб-авайлаш уларнинг олдига қўйилган ўта муҳим вазифадир. Аммо биз юқорида таърифини келтирган спорт майдончасидаги хунук манзара Ҳусан ака айтганидек “спорт иншоотларини асраб авайлаш керак”, деган мантиққа мутлақо тўғри келмайди. Қолаверса, бу иншоот уларнинг назоратидан аллақачон четда қолган. Ахир ўзлари айтганидек, спорт ўйингоҳининг уволи ҳам савоби ҳам маҳаллага эканда. Поезднинг ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бошқа майда-чуйда вазифалардан ҳам энг муҳимими? Шундай экан, бу майдоннинг қурилишидан не фойда? Ким учун қурилган?

Давлат раҳбари томонидан спортни ривожлантириш, бўлажак мамлакат, жаҳон чемпионларини кашф қилишга катта аҳамият берилаётган пайтда баъзи бир ташкилотларнинг бу масалага енг ичида қараётганини қандай тушуниш мумкин? Ҳеч бўлмаганда, кетган маблағларига наҳотки ичлари ачимаса?!

"Ҳолва деган билан оғиз чучимайди..."

Яна бир гап. Ҳусан ака айтганидек, спорт мажмуаси “Темирйўлчилар” маҳалласининг эмас, “Шоҳбекат” маҳалласининг ҳудудига тегишли экан. Буни маҳалла раиси Абдуолим ака Раззоқов маҳалла ҳудудининг харитаси орқали спорт мажмуасининг жойлашув нуқтасини кўрсатиб берди.

- Ҳолва, ҳолва деган билан оғиз чучимайди, - дейди “Шоҳбекат” маҳалла раиси Абдуолим Раззоқов. - Ҳали қурилиши битмай туриб, ярим чала жой бўлса, ўйин майдончасидан қандай фойдаланиш мумкин? Қолаверса, майдонча Қарши тумани ерида турибди. Ўша ҳудудда яшайдиганлар Қарши шаҳриликлар. Бизга бу спорт мажмуасининг назорати умуман берилмаган. Маҳалламиз ёшлари ҳам у ердан ҳеч қачон фойдаланишмайди.

- Спорт мажмуасининг қурилиши қачон бошланган ўзи? – саволга тутамиз маҳалла раисини.

- Эркин ака қачон қурилган эди? - саволомуз қарайди раис маҳалла посбонига. - 2006 мидими ё 2005... Бизда қарори ҳам йўқ эди-да.

- Ҳа, топдим қурилиши 2011 йилда бошланган, - дея суҳбатимизга қўшилади маҳалла посбони Эркин Қосимов ҳам. - Янги қурилганда бундай кўринишда эмас эди. Дарвозасининг “сетка"си бор эди. Атрофи панжаралар билан ўралганди. Ҳар куни маҳалламиз ёшлари тўп тепарди. Маҳаллалараро, мини футбол мусобақаларини тез-тез уюштирардик. Ўзим ҳам ўша ерда тўп тепганман. Ҳозир-чи, баъзи нафси ҳакалак отганлар атрофидаги панжараларни бузиб, уйига олиб кетаяпти. Қўй, сигирлар ўтлайдиган майдонга айланган. Баъзилар уялмай молини ҳам ўша ерда боқишаяпти.

- Тўғрисини айтайми, - сўзини давом эттирди Эркин Қосимов. - Қарши темир йўл узели бошлиғи мендан спорт майдончасини қабул қилиб олишимни сўради. Аммо шаҳар ҳокими спорт мажмуасини чала-ярим кўринишда эмас, тўлиқ қуриб битказилгандан сўнг қабул қилиб олишимни тайинлади. Шунинг учун ҳам уларнинг таклифини рад қилганман. Мана ҳозир ўзимиз ҳам шундай спорт майдончасига муҳтожмиз. Ахир давлатимиз томонидан спортга қанчадан-қанча имкониятлар яратиб берилаяпти. Спортчиларимиз сафи кундан-кунга эмас, соат сайин кўпайяпти-ку? Ўзимиз ҳам шу спорт майдончасини маҳалламизга ўтказиб беришларини сўрамоқчи бўлиб турибмиз. Уч, тўрт ҳомий топиб қурилишини якунлаб қўйсак, фарзандларимиз ўша ерда шуғулланишади. Ахир улар орасида қанчадан-қанча туғма истеъдодлар бор эмасми?

Хулоса қилиб айтганда, энг хавфли одам лоқайд одам. Чунки ҳеч нимага ишонмайди. Бошқача айтсак, у учун муқаддас, бой бериладиган тушунчанинг ўзи йўқ.

Биз ҳам, ўз навбатида юртимизда болалар спорти ривожланишининг, айниқса, машҳур футболчилар камол топишининг тарафдоримиз.

Шундай экан, қанийди мудроқ кўзлар вақтида очилса, жамиятни ўзи билан бирга англаб яшаса, ўз виждони олдида жавоб бера олса. "Жамиятнинг виждонлари" нега бу хунук манзарага қўл қовуштириб, қараб ўтирибди?

Вазиятни ўрганиш пайтида кўплаб тушунарсиз ҳолатларга ҳам дуч келдик. Қарши Темир йўл узели "бухгалтерия" бўлимига оғзаки мурожаат қилганимизда "ташкилотимизга фақат ёзма хат билан чиқилгандан сўнг саволларингизга жавоб берамиз" дейишди. Ҳолбуки, бу масалада алоҳида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унда мурожаатлар оғзаки бўлиши ҳам қайд этилган-ку?

Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, ушбу спорт майдончаси қачон, қаерда қурилмасин, бир мақсадда барпо этилган, болалар спортини ривожлантириш, уларда спортга бўлган қизиқишни кучайтириш. Шундай экан, ушбу иншоот ҳам тегишли идора раҳбарлари томонидан назоратга олинар. Биз шунга умид қиламиз.   

Ҳулкар Ражабова, журналист

Мавзуга оид