Ўзбекистон | 12:30 / 02.06.2017
166958
8 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan нархларни оширди: Потенциал харидорларда жиддий саволлар туғилмоқда

фото: Autochel

2017 йил 1 июндан бошлаб GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларга янги нарх эълон қилингач, бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг фаоллиги кузатилди.

Масала юзасидан қуйида «Кун.uz» таҳририятига хатлар келмоқда. 

Сайт почтасига жўнатган хатида Зафаржон Воҳидов шундай деб ёзади:

«Хатимда GM Uzbekistan автомобилларининг нархи ошгани муносабати билан ўз саволларим, фикр ва мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Чунки бу жуда муаммоли масала.

Хатимни эълон қилишларингизни сўрайман. Балким шунда ҳукуматга автомобиллар нархини тушириш борасида тавсия тақдим этиш эҳтимоли ҳам вужудга келар.

Бу ахир даҳшат-ку?! «Ўзавтосаноат» АЖ рулида кимлар ўтирибди?!

Мен gmuzbekistan.uz сайтига кириб автомобилларнинг янги нархлари билан танишиб чиқдим, таассуфки, миш-мишлар ҳақиқат бўлиб чиқди, нархлар ақл бовар қилмайдиган даражада оширилганига гувоҳ бўлдим.

Автомобилларга фақат сўмда нарх белгилаш ва GM Uzbekistan автомобиллари нархларини ошириш билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, шунингдек, бу вазиятнинг АҚШ долларининг «қора бозор»даги курсига боғлиқлигини ўрганиб, бу ҳол аҳолининг фойдасигами ё зарарига эканлигини тушунишга ҳаракат қилдим, яъни «бозор»да доллар курси энди тушадими ёки яна ўсишда давом этади?

Биз барчамиз ҳукумат ва «Ўзавтосаноат» АЖдан қуйидаги саволларга жавоб берилишини истар эдик:

1. Автомобиллар нархининг оширилишида қандай омиллар ҳисобга олинган (агар бирорта омил ҳисобга олинган бўлса)? Яъни, нега масалан, «Матиз» Мнинг 13 млн.358 минг 140 сўм (долларда 3472$) бўлган нархи 10.110 доллар ва сўмда 38 миллион 886 минг 547 сўм қилиб белгиланди. (Бу барча автомобиллар нархига боғлиқ савол. Ёки «Каптива» LTZнинг нархи 54.594 доллар, сўмда 209 миллион 987 минг 352 сўм? Бундай ҳолатларда аввало, масалан, биринчи навбатда фуқароларнинг ойлик маошлари оширилиши, ЯИМ кўтарилганлиги кўрсаткичлари, расман қайд этилган инфляция даражаси, хорижий валюталарнинг расмий курси кўтарилиши ва ҳ.к. каби, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий омиллари ҳисобга олиниши керак эмасмиди? 

2. GM автомобилларининг нархи нега бунчалик баландга кўтарилди? Юқорида мисол қилинган «Матиз»нинг нархи долларда 3472 $ бўла туриб, 10.110 $ қилинса (2,9 мартага ошиш!) ёки сўмда 13 млн. 358 минг 140 сўм бўп турганида 38 млн. 886 минг 547 сўм (бу ерда ҳам 2,9 мартага ошиш) этиб белгиланса? Бу нархларни мақбул ва адолатли, деб аташ мумкинми?

3. Нега автомобилнинг нархи интернет ва уяли алоқа компанияларнинг тарифлари каби долларда белгиланган, ҳолбуки у сўмда сотилади? Бу, биринчидан, автомобиль нархининг доимий равишда ошиб боришига олиб келади, чунки хорижий валютанинг расмий курси кейинги ойларда ҳафтасига ўртача 25–30 сўмдан ошиб бормоқда. 

Масалан, «Спарк» LS M/T автомобилининг нархи 15.586 доллар қилиб белгиланган ёки шу ҳафта расмий курси (3846,33 сўм) билан ҳисобланса 59 млн. 948 минг 899 сўм бўлиб турибди. Кейинги ҳафтага доллар курси масалан 3872 сўм бўлса, машина нархи 60 млн. 348 минг 992 сўмга кўтарилади, яъни бир ҳафтада тафовут 400 мингга тенг бўлади. 

Иккинчидан, айнан шу омил мамлакатнинг фуқаролари, айниқса ойлик маошга кун кўраётган фуқаролари бу шартларда ҳеч қачон автомобиль харид қила олмаслигини билдиради. Чунки ойлик маош бир ҳафтада ўртача 400 мингга ошмайди (маошлар йилда бир марта 10 ёки 15 фоизга оширилишига кўникиб қолганмиз). Дарвоқе, бу нафақат ойликхўрлар, балки бизнесменлар ва ишбилармонларнинг чўнтагига ҳам таъсир қилади.

Ниҳоят, учинчидан, давлат ёки жамоат ташкилоти ишчиси ўртача 1 млн. 300 минг (2016 йил якунларининг расмий рақами) ойлик маош билан (емасдан, ичмасдан, кийинмасдан, шунчаки пул йиғиб) нархи давлат курсидаги сўмда тўланадиган 10.110 доллар бўлган энг арзон автомобиль М моделдаги «Матиз»ни харид қилиши учун неча йил ишлаши керак?

GM Uzbekistan автомобилларига сўмда нарх идрок доирасида белгиланиши зарур эди, яъни ҳозиргидек тушунарсиз ҳаддан зиёд баланд нарх эмас, Ўзбекистон Республикасининг расмий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари асос қилиб олинганида ўринли бўлар эди. Ниҳоят, «Ўзавтосаноат» АЖ сиёсатини компаниянинг ўзи эмас, мамлакат ҳукумати ёки раҳбарияти белгилаб бериши керак, чунки бу соҳа мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисми ҳисобланади. 

Мамлакатимиз автомобиль олди-сотдиси одамлар ҳаётига жиддий таъсир ўтказади ва ушбу вазият, тўғрироғи, муаммоли вазият имкон қадар тезроқ ҳал этилиши керак.

* * *

Музаффар исмли мухлис масала юзасидан қисқача муносабатини қуйидагича баён қилган:

«Таъкидлаб ўтиш жоизки, нархлар харидни амалга оширган кундаги АҚШ долларининг давлат курси бўйича ҳисобланади. Бундан ташқари, GM Uzbekistan автомобиллари энди фақат сўмда сотилади, лекин нархлар долларга боғланган. Долларнинг расмий курси ўзгаришига қараб, автомобилларнинг нархи ҳам ҳар ҳафта ўзгариб туради. Энди ойлик маошларни ҳам долларга боғлаб қўйиш керак, расмий курс ўзгаришига қараб, ойликлар ҳам ҳар ҳафта ўзгариб турсин».

* * *

Исмини ошкор этмаган мухлисларимиздан бири қуйидагича фикр билдирган:

Сизнинг «GM Uzbekistan автомобилларининг янги нархлари маълум» мавзуси остида берилган янгиликдан ҳайратда қолдик. Сиздан илтимос, машина нархларини белгилашда қандай сабабларга кўра хорижий АҚШ доллари курсига боғлаб қўйилганлиги, ҳамда нархларни бирдан ошиб кетиши тўғрисида таҳлилий мақолалар тайёрлаб чоп этсангиз. 

Боиси, сўнги вақтларда барча маҳсулот турларига нисбатан нархларни белгилашда, айнан хорижий валюта курси фарқидан келиб чиқилмоқда. Лекин мамлакат аҳолисининг даромадлар (ёлланиб ишлайдиган, даромадлари ойликка боғлиқ бўлган)ни кўпайишида бундай омиллар ҳисобга олинмайди. Шу сабабдан, аҳолининг ойлик даромадларининг асосий қисми кундалик эҳтиёжларни қоплаш учун ҳам баъзида етмай қолади. 

Нархларнинг сунъий тарзда оширилиши, инсонларнинг қўшимча даромад манбаини қидиришга, кўп ҳолларда мансабни суиистеъмол қилиш ёки тамагирлик шаклидаги салбий иллатлар ортишига олиб келмоқда. 

Яқин кунларда аҳоли даромадлари ва харажатларининг шаклланиши, шунингдек, аҳоли харид қуввати пасайишига олиб келаётган GM мисолидаги нарх сиёсати тўғрисида мақолани тайёрлашни илтимос қиламиз.

* * *
Таҳририятдан: Автосалонларда машиналар нархининг ошиши ўз навбатида ЙҲХБда уни рўйхатга қўйишда ундириладиган давлат божи, йўл жамғармасига ажратма каби тўловларнинг ҳам кескин ошишига сабаб бўлади. 

Масалан, 1 июнгача 14 млн. сўмдан сал қиммат бўлган «Матиз» М учун 700 минг атрофида пул тўланар эди. Энди 3 фоизлик тўлов ҳам 14 млн сўмдан эмас, «Матиз»нинг янги нархи 38 млн. сўмга қараб ундирилади. Бу ерда эса нархнинг деярли УЧ (!) баробар ўсгани ҳеч кимнинг эсига келмаяпти.

Мавзуга оид