Жаҳон | 15:03 / 08.06.2017
18680
2 дақиқада ўқилади

Оливер Стоун нима учун айнан Путин ҳақида фильм ишлаганига изоҳ берди

Америкалик режиссёр Оливер Стоун Владимир Путин ҳақидаги фильми орқали Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига йўл қўймасликни мақсад қилган. Бу ҳақда у Star Tribune нашрига берган интервьюсида маълум қилди. 

Showtime кабель телевидениеси Стоун икки йил давомида ишлаган "Путин билан интервью" ҳужжатли фильми намойишини бошлайди.

"АҚШ учун бошқа томоннинг нуқтаи назарини тушуниш жуда муҳимдир", - дейди режиссёр. 

"Мен бундан кейинги муносабатлар ёмонлашувини олдини олишдан манфаатдорман", - қўшимча қилади у.

Шунингдек Стоундан ўтган ҳафта NBC журналисти Мегин Келлининг Россия президентидан олган интервьюсига доир фикрини сўрашди. Деярли барча саволлар Америкадаги президент сайловларига гўёки "Россиянинг аралашуви" ҳақида бўлган. Ўшанда Путин яна бир бор айбловларни асоссиз дея инкор қилди.

"Ўйлашимча, у Путин билан баҳслаша олмаган, унга муносиб қаршилик ҳам қила олмаган, чунки у кўп нарсалардан бехабар", - деди Стоун ва ундан фарқли ўлароқ, Россия президенти "гапираётган гапи нима ҳақида эканини яхши билган". 

Режиссёр журналист аёлнинг интервью услубини "пулемёт"га қиёслади, бунда кўплаб саволлар кетма-кетлиги назарда тутилган. 

"Мен журналист эмасман. Мен фильм суратга оламан, менинг ёндашувим бошқача", - дея таъкидлади режиссёр.

Баъзи журналистлар Стоуннинг ҳужжатли фильмидан лавҳаларни томоша қилишга улгуриб, уни танқид ҳам қилишди. Американинг қатор оммавий ахборот воситалари  муаллифнинг Россия тарафдори экани ва Путинга бўлган муносабатини қоралашди. 

Режиссёр бундан аввал ҳам бир неча бор америкаликларнинг танқидига учраган. Бунга унинг Украинадаги зиддиятлар ҳақидаги фильми, шунингдек Куба етакчиси Фидель Кастро ва Венесуэла президенти Уго Чавес билан интервьюлари сабаб бўлган.

Мавзуга оид