Ўзбекистон | 10:10 / 09.06.2017
30629
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги етакчи мобиль операторлари лицензия талабларини бузаётгани маълум қилинди

Фото: iStock

UNITEL МЧЖ (Beeline савдо маркаси) ва COSCOM МЧЖ (Ucell савдо маркаси) мобиль операторлари радиоэлектрон воситалар ва радиочастота спектридан фойдаланишни қўпол равишда бузишмоқда. Бу ҳақда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси маълум қилди.

Инспекциянинг таъкидлашича, 2017 йилнинг май ва июнь ойиларида база станциялари ва ушбу операторларнинг мобиль алоқа тармоқлари радиорелейли линиялардан фойдаланиши бўйича тартиб талаблари бузилган.  

Инспекция маълумотларига кўра, мобиль операторлар база станциялари ва радиорелейли линиялардан фойдаланишга қабул қилиб олиш акти ва радиоэлектрон воситалар ҳамда радиочастоталардан техник фойдаланиш бўйича тегишли рухсатни расмийлаштирмасдан, ноқонуний равишда тижорий мақсадларда фойдаланишган. 

Хусусан, қоидабузарликлар Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида аниқланган.

Инспекциянинг эслатишича, операторлар “норматив-ҳуқуқий актлар ва лицензия келишувлари талабларини тизимли равишда ҳамда қўпол бузишлари, шунингдек, кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари сифати кўрсаткичлари пасайгани учун” огоҳлантирилган ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Инспекциянинг маълум қилишича, COSCOM МЧЖ ва UNITEL МЧЖ Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳаракатланувчи радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга ҳуқуқ берувчи лицензия келишуви (лицензия), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий актлар талабларини тизимли равишда ва қўпол бузишмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, «UNITEL» МЧЖ ва «COSCOM» МЧЖ операторлари абонентларидан келиб тушаётган шикоятларнинг ҳар куни кўпайиб бораётгани операторлар томонидан мобиль алоқа хизматлари тақдим этиш сифатининг ёмонлашганини кўрсатади, яъни, абонент ташаббусисиз суҳбатнинг узилиб қолиши ёки мобиль алоқа тармоғи сигналининг йўқолиши.

«Шу тариқа норматив-ҳуқуқий актлар ва лицензия келишуви талаблари тизимли равишда бузилишига йўл қўйилмоқда, бу эса таъсирчан чоралар кўриш учун хавотирли сигналдир», - дея таъкидлайди инспекция.

Идоранинг эслатишича, телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомга кўра, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари тизимли равишда ёки бир бора қўпол равишда бузилса, лицензия ҳаракати тўхтатилади.

Инспекциянинг маълум қилишича, операторларга Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий актлари талабларига қатъий риоя этишни таъминлаш ва лицензия келишуви шартларини бажариш бўйича кўрсатма берди ва берилган кўрсатмалар бажарилмаса, лицензия фаолиятига нисбатан тегишли чоралар кўрилиши ҳақида билдиришнома юборди.

Мавзуга оид