Жаҳон | 20:31 / 12.06.2017
5871
2 дақиқада ўқилади

Boeing янги тажрибавий космик самолётини ишлаб чиқаришга киришди 

Учувчи қурилмаларни ишлаб чиқариши билан ном қозонган Boeing компанияси коинотни ўзлаштиришга бағишланган XS-1 дастури доирасида DARPA агентлиги билан ҳамкорликда Phantom Express номли космик самолёт яратишга киришди. Hi-News шу ҳақда хабар берди. 

Янги учар қурилма 1360 килограммгача бўлган фойдали юкни космосга етказа олувчи, ҳарбий мақсадларда қўлланувчи илк кўп мартали аппарат бўлади. Бундан ташқари, Phantom Express ҳар 10 кунда 1 марта мунтазам парвозларни амалга оширишга қодир, қурилма хизмати баҳоси эса тахминан 5 миллион долларни ташкил қилади - бу ҳозирги нархларга нисбатан анча арзондир.

Boeing компанияси XS-1 дастури доирасида Phantom Express тайёр конструкциясига қўшимча ишлов бериши, шунингдек тажрибавий намунасини тайёрлаши ва 2019 йилда уни синовдан ўтказиши керак бўлади. Дастурнинг кейинги босқичларида Phantom Express'нинг тезлиги аста-секин ошириб борилади. Уни вертикал ҳолатдан ишга тушириш режалаштирилган. Phantom Express суюқ кислород ва водородда ишловчи двигатель билан таъминланган. XS-1 дастури раҳбарлари бу борада шундай дейишди:

"Phantom Express одатий тушунчадаги самолёт ва ракета-ташувчи эмас. Бу кўпроқ гибрид. Бу учувчи аппаратни яратишдан мақсад - бир учувчи қурилмани ишга тушириш қийматини ўн карра пасайтириш ва уларни ишга туширишдаги вақт оралиғини минималлаштириш. Дастурнинг биринчи босқичида Boeing компанияси ўзини яхши томондан кўрсатди, шунинг учун у тажриба намунасини тайёрлаш ва уни ишга туширишни кўзда тутувчи иккинчи ҳамда учинчи босқичларни амалга оширувчи пудратчи сифатида танланди".

 

Мавзуга оид