Фан-техника | 22:16 / 12.06.2017
5172
2 дақиқада ўқилади

Opel раҳбари истеъфога кетди

Фото: kolesa.ru

Германиянинг Opel автомобилсозлик концерни раҳбари Карл-Томас Нойман истеъфога кетди. Эндиликда компанияга 48 ёшли Михаэль Лошеллер раҳбарлик қилади. У 2014 йилдан компаниянинг молия бўйича директори лавозимини эгаллаб келган. Бу ҳақда концерн матбуот хизматида 12 июнда маълум қилинди. 

Нойман Opel концерни Groupe PSA француз автомобилсозлик компанияси таркибига ўтказилгунгача Opel раҳбариятида қолади. У бу "мураккаб қарорни" қабул қилганини ва ҳозирда бор эътиборини компаниянинг бошқа мулкдорга ўтишига қаратишини айтган.     

Март ойи бошида Groupe PSA компанияси АҚШнинг General Motors компаниясига тегишли бўлган Opel ва Vauxhall британ фирмасини харид қилишини маълум қилганди. Келишувнинг умумий қиймати 1,3 млрд еврони ташкил қилган.  

Бу харид Peugeot ва Citroën моделларини ишлаб чиқарувчи PSA компаниясига Volkswagen’дан кейин Европада йириклиги бўйича 2-рақамли компанияга айланишига имкон беради, унинг бозордаги улуши 17 фоизни ташкил қилади.

General Motors’нинг Европадаги бизнеси 2000 йилдан бошлаб 14 млрд евролик зиён келтирган. 2016 йил ҳам Opel ва Vauxhall учун зиён билан тугаган. Салбий баланс 240 млн еврони ташкил қилган. 

Мавзуга оид