Жамият | 12:41 / 15.06.2017
32948
4 дақиқада ўқилади

Туркияга қиз ва аёлларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун жўнатган шахслар қамалди

Пастдарғом туманида туғилиб, шу ерда улғайган Раъно Адизова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмушга чиққач, уч нафар фарзандли бўлди. Бироқ турмушидаги ноаҳиллик боис эри билан ажрашди. Аёл уч бола билан кўчада қолгандан сўнг хилқатига номуносиб яшаш тарзини танлади. Турли фаҳш ишларга қўл урди, ўзига ҳаммаслак хушторлар орттирди. Хом хаёлларга инониб, хорижга йўл олди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Туркия давлатида сарсон-саргардонликда, хонадонма-хонадон юрди, иш ахтарди. Шу ерда фоҳишахоналар ташкил қилиб, қиз-жувонларни ёллаб “ишлатадиган” Малика билан танишиб, унинг ҳамтовоғига айланди. Раъно Малика кутган одам бўлиб чиқди, Ўзбекистондан унга қизлар ва аёлларни жўнатиб туришга кўмаклашадиган бўлди. Р.Адизова Ўзбекистонга қайтгач, эски таниши, айни пайтда хуштори бўлган, фаолияти, яшаш тарзининг тайини йўқ Қосим Ўсаров билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Маликанинг топшириқларини бажарди. Содда ва ишонувчан, ҳавойи хаёлларга берилган қиз-жувонларга хорижда иш топиб беришни ваъда қилиб, ишончига кира бошлади. Тўрларига илинганларни ноқонуний йўллар орқали аввал Қозоғистон ва Қирғизистонга, ундан сўнг Туркияга етказиш бўйича пухта режалар тузганди. Бунда уларга қўшни мамлакатларда яшовчи Ботир ва Бахтиёр исмли кимсалар яқиндан ёрдам берарди.

Баҳора, Нафиса ҳамда Мадина каби қизлар нафси ҳакалак отган одам савдогарларининг тузоғига илинишди. Раъно қизларни Туркияда ниҳоятда гўзал ҳаёт ва мўмай пул кутаётгани, истаса, фаррошлик қилиш, хонадон ишларини бажариш, энага ёхуд официант бўлиб ишлашлари мумкинлиги ҳақидаги чўпчакларига ишонтирди. Ҳужжат расмийлаштириш баҳонасида фуқаролик паспортларини осонгина қўлга киритди. Қизларга, айниқса, Раъно Адизованинг “Ҳеч қандай харажат ҳақида ўйламанг, хизматимиз ҳақини кейин ҳам ишлаб тўлайверасизлар”, деган сўзлари жуда ёқиб тушди. Афсуски, аёллар ўзини қандай фаҳш ишлар кутаётганини хаёлига ҳам келтиришмасди.

Ўша куни Раъно Адизова ва Қосим Ўсаров Баҳора, Нафиса ҳамда Мадиналар билан бирга йўловчи транспортда Самарқанддан Тошкентга жўнашди. Раъно йўлда бораркан, Туркиядаги раҳнамоси Малика билан телефон орқали хабарлашиб, йўлга отланаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, қизларни Қозоғистон Республикаси ҳудудига олиб ўтиб топшириш учун Ботир ва Бахтиёрларнинг ҳозиру нозирлигига ҳам ишонч ҳосил қилди. Бироқ одамфурушлар Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” чегара-божхона постида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида қўлга олинди.

Олиб борилган тергов ва суриштирув натижасида Раъно Адизова ҳамда унинг хуштори, ҳайдовчи, гўл ва содда қизларни тузоғига илинтиришда унга яқиндан ёрдам бериб келган Қосим Ўсаровнинг қонунларга зид хатти-ҳаракатлари маълум бўлди. Қариндоши, маҳалладошини-да сотиб, ҳузур-ҳаловатда яшашни кўзлаган бу кимсаларнинг қилмишлари судда кўриб чиқилиб, уларга муносиб жазо тайинланди. Раъно Адизова ва Қосим Ўсаровларнинг ҳар бири саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Мавзуга оид