Ўзбекистон | 01:10 / 01.07.2017
13402
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: "Камолот"нинг аксарият аъзолари у тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас

Фото:uza.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида ташкилот фаолиятидаги камчиликларга тўхталиб ўтди. 

"Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда “Камолот”нинг 4 миллионга яқин аъзоси бор. Бу мамлакатимиздаги 10 миллиондан зиёд йигит-қизларнинг 40 фоизини ташкил этади.

Бир қарашда, 4 миллион – салмоқли рақам бўлиб кўринади. Лекин холисона айтганда, ташкилотга аъзолик кўп ҳолларда фақат қоғозда мавжуд, амалда эса аксарият аъзолар “Камолот” тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас, унинг мақсад ва вазифаларини билмайди, ўз етакчиларини танимайди, Ҳаракат фаолиятида иштирок этмайди.

Натижада юртимиздаги минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат “Камолот”нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар билан ҳеч ким деярли шуғулланмаяпти, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, аччиқ ҳақиқатни тан олган бўламиз.

Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.

Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак.

Албатта, бу борада ҳамма айбни фақат “Камолот”га юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, суд, маҳалла идораларининг ҳам айби бор.

Айни вақтда бу масалада ёшлар билан доимо ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб яшаши, ишлаши керак бўлган “Камолот” ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг масъулияти кўпроқ, десак, тўғри бўлади.

“Камолот” фаолиятидаги бундай камчиликларнинг албатта объектив ва субъектив сабаблари бор.

Объектив сабаблар шундан иборатки, биз ўз вақтида “Камолот”ни жамоат ташкилоти сифатида тузиб, лекин ундан катта бир вазирлик вазифасини талаб қила бошладик. Унга жуда кенг, улкан вазифаларни топширдиг-у, аммо уларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб бериш ҳақида, афсуски, етарлича бош қотирмадик.

Оқибатда “Камолот” ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, эътироф этишимиз керак.

“Камолот” фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган субъектив сабаблар ҳақида гапирганда, унинг аксарият раҳбарлари ва ходимлари томонидан ишга расмиятчилик билан, юзаки ва лоқайд муносабатда бўлиш, маишатга, ичкиликбозликка берилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Мен бугунги анжуманда “ёшлар етакчиси” деган юксак номга мутлақо ярашмайдиган бундай нохуш ҳолатлар ҳақида гапириб, сизларни хижолатга қўйиш фикридан йироқман.

Сизлар қурултой мажлисларида бу масалаларни ҳам муҳокама қилиб, уларга тегишли баҳо берасизлар, деб ўйлайман.

Афсуски, биз “Камолот”ни ёшларимиз чин дилдан интиладиган, самарали фаолият олиб борадиган, замонавий кучли бир ташкилотга айлантириш учун ўз вақтида тегишли чоралар кўрмадик. Буни очиқ тан олишимиз ва зарур хулоса чиқаришимиз керак.

Мен бу гапларни осмондан олиб эмас, аниқ фактлардан келиб чиқиб айтяпман.

Мана, Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар билан танишиб кўринглар. Уларнинг аксарияти “Бизни ҳеч ким эшитмайди”, “Бизни ҳеч ким тушунмайди”, “Биз билан ҳеч ким қизиқмайди”, “Раҳбарлар ўзини ўйлаш билан овора” деган мазмунда ёзилган. Ёшларга, уларнинг ташвиш ва муаммоларига ана шундай менсимасдан қараш ҳолатлари, афсуски, ҳақиқат.

Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ – улар ҳам биздан бегоналашади. Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.

Бу ҳақда гапирганда, нафақат жойларда, балки Ҳаракатнинг марказий идорасида ҳам меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган малакали кадрларнинг етишмаслиги жиддий муаммо бўлиб турганини таъкидлаш лозим. Бунинг асосий сабабларидан бири шундаки, тизимда ишлаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Ўртача ойлик иш ҳақи 800 минг сўмни ташкил этаётгани учун уларнинг аксарияти ойлик маоши катта бўлган бошқа ишларга ўтиб кетяпти. Бунинг устига, кўпгина вилоят ва туманларда “Камолот” ташкилотлари учун бинолар етишмаслиги, уларнинг моддий-техник базаси ночорлиги, зарур мебель ва инвентарлар, алоқа ва ташкилий техника воситалари билан етарлича таъминланмагани, хизмат машиналари йўқлиги ҳам ишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, ҳудудий бўлинмаларнинг 81 таси маҳаллий ҳокимликлар биносида, 96 таси турли корхона ва муассасалар биносида жойлашган. Бу ўз-ўзидан ёшларнинг ўз ташкилотига эркин кириб-чиқишини қийинлаштирмоқда.

Мавзуга оид