Спорт | 16:40 / 13.07.2017
38782
2 дақиқада ўқилади

«Аякс»да нохуш хабар

Нидерландиянинг «Аякс» клуби маълум қилдики, жамоа ярим ҳимоячиси Абдулҳақ Нурийда жиддий ва бедаво дард аниқланган. Ушбу 20 ёшли футболчининг тикланиши учун имконияти йўқлиги маълум қилинди.

«Бу энг ёмон хабар. Бу жуда қўрқинчли. Нурийнинг яқинлари ва дўстларининг ҳозирги изтиробларини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу, воқеаларнинг исталган ривожига тайёр турадиган «Аякс» учун ҳам жиддий зарба», деган клуб бош директори Эдвин ван дер Сар.

Абдулҳақ Нурий ўтган ҳафтада «Вердер» клубига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга ҳушсиз йиқилганди. Футболчи ўйиннинг 72-дақиқасида ўзини нохуш ҳис қила бошлагач, ушбу асли келиб чиқишига кўра марокашлик бўлган футболчига шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатишганди.

Дастлабки маълумотларда, Нурий юрагидаги аритмия туфайли ҳушидан кетгани айтилганди.

Абдулҳақ Нурий «Аякс» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2015 йилда жамоа таркибида дебют қилган.

Ўтган мавсумда Нурий клуби сафида барча турнирлар доирасида 41 учрашув ўтказган, 11 гол уриб, 14 голга узатма берганди.

Мавзуга оид