Спорт | 14:01 / 03.05.2021
23164
14 дақиқада ўқилади

Уикенд якунлари: Месси ва Роналду жамоаларини қутқарди, «Сити»нинг чемпионлиги кечиктирилди

Европа футболида якшанба оқшомида содир бўлган асосий воқеалар.

Фото: David Ramos/Getty Images

Испания: «Месталья»нинг сеҳри тугади

«Валенсия» — «Барселона» — 2:3 (Габриэл Паулиста, 50. Солер, 83 — Месси, 57, 69. Гризманн, 63)

Икки турга дисквалификация қилинган Роналд Куман «Гранада»га қарши ўйиндан кейинги интервьюси орқали шогирдларига бу ўйиндаги мағлубият ҳали ҳеч нарсани англатмаслиги, барчаси ҳали олдинда экани, навбатдаги беш ўйиндаги ғалаба чемпионликни таъминлаши ҳақидаги фикрни сингдиришга ҳаракат қилди. Бу сўзлар тўғрилиги тушунарли. Амалда эса кўк-анорранглилар кейинги ҳафтада «Атлетико»га қарши йил ўйинидан олдин бу ҳафта «Месталья»ни забт этиши талаб этиларди, бу ерда улар 2016 йил октябридан буён ғолиб бўла олишмаётганди.

Биринчи бўлимда меҳмонлар бир неча бор қулай вазиятлардан фойдалана олмаганда, иккинчи бўлим бошида бурчак зарбаси амалга оширилганда лиганинг энг самарали ҳимоячиси Габриэл Паулистага гол уришга йўл қўйиб берилганда яна ҳамма «кўршапалаклар» жамоаси уй стадионининг магиясини эслай бошлади. Месси пенальтини аниқ ижро эта олмагач, бу фикр янада мустаҳкамланди, аммо Силессен зарбани қайтарганидан кейин давом этган ҳужумни барибир аргентиналик футболчи гол билан якунлади ва бу эпизод ўйинни ўзгартирди. «Барса» чемпионлик пойгасида қоладиган бўлди, ўйиннинг энг омадсиз кишиси эса Силессен бўлиб чиқди.

У 11-метрлик нуқтадан берилган зарбадан ташқари де Йонгнинг бош билан берган зарбасини ҳам бармоқлари учлари билан қайтарди, аммо бу сафар тўпга Гризманн етиб келди, кўп ўтмай Месси кўк-анорранглилар футболкасида 50-марта жарима нуқтасидан гол урди ва бу ўйин тақдири ҳал бўлди. Солернинг ўйин охиридаги чиройли голи натижага таъсир кўрсатмади. Ла лиганинг кейинги турида — «Барселона» — «Атлетико» ва «Реал» — «Севилья» ўйинларини мухлислар вулқоннинг уйғонишини кутаётгандек кутишмоқда.

Франция: «Монако» кўпчилик бўлиб ютқазди
«Монако» — «Лион» — 2:3 (Фолланд, 25. Бен Йеддер, 86, пенальтидан — Депай, 57. Марселу, 77. Шерки, 89)

Монегаскликларнинг бир қатор футболчилари коронавирус туфайли сафдан чиқишган. Милло, Матазо, Диатта, Матсима ва Желсон Мартинш қаторига энди Александр Головин ҳам қўшилди. Ундан ташқари, Йоветич жароҳатини даволашда давом этмоқда. Нико Ковач бу ўйинда ҳимоявий ўйин олиб боришини олдиндан билиш қийин эмасди - Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун «Монако» фақат натижани ўйлаши керак.

Қизил-оқлар ўйинни кутилганидек эҳтиёткорлик билан бошлади ва бешта номинал ҳимоячи илк дақиқаларданоқ майдонга чиқди. Лекин бу ўйинда услуб «ПСЖ»га қарши бўлгани каби «автобус қўйиш» эмасди. «Монако» исталган вақтда «Лион»ни қарши ҳужумларда ушлаши мумкин эди ва бунга имкониятлар етарли эди, ўйиннинг биринчи қисмида Бен Йеддер ва Фолланд уюштирган ҳужумдан кейин ҳисоб очилди. Монегаскликлар ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнай олишарди, аммо бу оқшом «Луи II» стадионидаги ўйин мутлақо бошқача эди.

Учинчи ўрин учун мезбонларнинг тўғридан тўғри рақобатчиси бўлган «Лион» бу ўйинга бошқача тайёргарлик билан келганди. Аввало Депайнинг даҳоси кўп нарсани ҳал қилди, у дастлаб ўз юриши билан ҳисобни тенглаштирди, кейин эса жарима нуқтасидан тўпни Марселунинг бошига қўндириб берди. Нидерландиялик футболчи энди гол+пас бўйича икки рақамли кўрсаткичларга эга (19+10), аммо бунгача Какре икки марта сариқ карточка олиб, «Лион» бир киши кам қолдирганди. Натижада 1:2 ҳисоби тез орада 2:2 кўринишига келди. 86-дақиқада де Шильо тўпни дарвоза чизиғи олдидан қайтариб юбориб, жамоани голдан қутқариб қолди, аммо ҳакам Клеман Тюрпен «нуқта»ни кўрсатди, у видеотакрор орқали дарвозабон Рони Лопеш тўпга чиқиш вақтида ҳавода муштлари билан Пеллегрининг бошига зарба бериб юборганини кўрди.

Бен Йеддер зарбани «паненка» услубида ижро этиб, Франция чемпионатидаги 100-голини урди, мезбонлар ўйинни сақлаб қолишгандек эди, аммо бу голдан кейин майдонга тушган меҳмонларнинг 17-ёшли футболчиси Шерки ғалаба голини урди. Энди чемпионат якунига уч тур қолганида — қизил-оқлар чемпионлик ҳақида эмас, учинчи ўрин ва Чемпионлар лигасига йўл олиш ҳақида ўйлаши керак бўлади. Энди «Лион» турнир жадвалида нисбатан осон тақвим билан монегаскликларни бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда.

Якшанба кунги ўйин финал ҳуштаги билан якунланмади. Ҳакам ўйин якунланганини эълон қилганидан кейин икки жамоа футболчилари ўртасида тортишув бошланиб кетди, якунда монегаскликлар сафида Пеллегри ва Жоббель, лионликлар сафида эса Марселу ва Де Шильога қизил карточка кўрсатилди.

Италия: Шомуродовнинг биринчи голи ва «Аталанта»нинг таслим бўлиши
«Лацио» — «Женоа» — 4:3 (Корреа, 30, 56. Иммобиле, 43, пенальти. Луис Альберто, 48 — Марушич, 47, автогол. Скамакка, 80, пенальти. Шомуродов, 86).

А Серияда кун ўйинлари Римдаги голлар ёмғири билан бошланди. Ҳали ҳам мавсумни кучли тўртликда якунлаш имконини сақлаб турган «Лацио» ўтган турда «Олимпико»да «Милан»ни тор-мор этгани (3:0) каби ўйнашда давом этди. Бу ўйинда иккинчи бўлим ўрталарида ҳисоб 4:1 кўринишига келди - бу голларнинг барчаси мезбонлар томонидан урилди, фақат биттаси автогол.

Бу автогол ҳеч нарсани ўзгартирмайдигандек эди, аммо генуяликлар бўлим охирида ўйинга қайтишди ва мезбонларни ғалабадан маҳрум қилишларига бир бахя қолди. Ўтган турда «Специя»га ҳам гол урган ва бу сафарги ўйинда бошланғич таркибда тушиш имконига эга бўлган Шомуродов ишончни оқлади. Танаффусда Давиде Баллардини майдондан бошқа форвардни — Дестрони олишга қарор қилди, ўзбекистонлик ҳужумчи эса Баделнинг узатмасига офсайдга тушмасдан очилди ва рақиб дарвозабонини доғда қолдириб яқин бурчакни нишонга олди ва мавсумдаги бешинчи голини урди.

«Сассуоло» — «Аталанта» — 1:1 (Берарди, 52, пенальтидан — Гозенс, 32)
Бу ўйинда «Интер» расман Италия чемпионига айланди. Воқеаларнинг бундай ривожини биринчи бўлим ўрталаридаёқ тахмин қилиш мумкин эди, «Аталанта» дарвозабони Голлини жарима майдони ташқарисида Богани йиқитгач, бергамоликлар бир киши кам бўлиб қолишди.

Ўн киши бўлиб қолгач «Аталанта» янада қизиқарлироқ ўйнай бошлади ва ҳимоячи Гозенс бу мавсумдаги 10-голини урди. Аммо кўп ўтмай Рафаэл Толои жарима майдони ичида фол ишлатиши «Сассуоло»га дуранг ҳисоб келтирди - Берарди 11 метрдан зарба беришда адашмади. Лекин ўйин давомида вазият ҳар қаёққа бурилиб кетиши мумкин эди. Мезбонларнинг навбатдаги голи ВАР аралашуви туфайли бекор қилинди, Сапата ишлаган пенальтидан Муриэль фойдалана олмади, қўшимча дақиқаларда Консильи дарвоза чизиғида тўпни тўхтатиб қолди.

«Удинезе» — «Ювентус» — 1:2 (Молина, 10 — Криштиану Роналду, 83, пенальтидан, 89)

Туринликлар клуби чемпионлик тугул, Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиш хавфи остида қолганди. «Кекса синьора» атрофида ҳар куни турли миш-мишлар тарқалмоқда. Туринда Массимилиано Аллегрини кўришгани ёки Удинеда мағлубиятга учралса, Андреа Пирло ишдан бўшатилиши ҳақидаги гаплар шулар жумласидан. Лекин бу турдаги воқеалар ривожи «Ювентус» учун идеал даражада кечди. «Аталанта» очко йўқотиши ортидан «Наполи» ҳам «Кальяри»га қарши ўйинда қўшимча дақиқаларда ғалабадан маҳрум бўлди (1:1).

Бундай вазиятда «Юве» «зебралар»ни осон «ов қилиши» кутилганди, аммо собиқ чемпионлар майдонга ланж ҳолатда тушишди. Футболчиларда ҳеч қандай азарт кўринмасди, фақатгина Криштиану Роналду ҳужум чизиғида фаол бўлди. Аммо ўйин бошидаёқ Молина ўткир бурчакни аниқ мўлжалга олиб, ҳисобни очди. Туринликлар қаторасига ўн ўйинда гол ўтказишди, бу 2010 йилдан буён энг ёмон серия ҳисобланади.

Кўрсатган ўйинига кўра меҳмонлар ҳатто дурангга ҳам муносиб бўлишмади, «бьянконери» ўта зерикарли ўйнади. Бу сафар ҳам жамоани Роналду қутқарди. Португалиялик футболчи ўйиннинг охирги қисмида дастлаб пенальтидан ҳисобни тенглаштирди, кейин боши билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олиб, чемпионатдаги голлари сонини 27тага етказди ва кучли бешлик тўпурарлари рўйхатида Мессини қувиб ўтди. Юқорида фақат Левандовски (36), «Кекса синьора» эса очколар сони бўйича «Аталанта» ва «Милан» билан тенглашиб олди, бешинчи ўриндаги «Наполи» 2 очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Англия: Бэйлнинг очилиши

«Тоттенҳэм» — «Шеффилд Юнайтед» — 4:0 (Бэйл, 36, 61, 69. Сон Хин Мин, 77)

Якшанба куни Англияда «МЮ» ва «Ливерпуль» ижросида марказий ўйин бўлиши кутилган, агар бу ўйинда мерсисайдликлар ғалаба қозонса, «Манчестер Сити» Хосеп Гвардиола бошқарувидаги учинчи чемпионликни нишонлаши мумкин эди. Аммо «қизил иблислар» фанатлари «Олд Траффорд»га бостириб кириши бу воқеаларни номаълум муддатга кечиктирди. Шу туфайли, шу кунги футбол шуҳрати «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Бэйлга насиб қилди. Уэльслик футболчи шу вақтгача Чемпионлар лигасида, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, ла лигада ва миллий терма жамоада ҳет-трик қайд этганди, энди эса АПЛда ҳам буни амалга оширишга муваффақ бўлди.

Моуриньо кетгач, «Тоттенҳэм»нинг натижалари барқарорлашган. Жамоада ҳали ҳам кучли тўртликка қўшилиш имконияти сақланиб турибди.

Нидерландия: «Аякс» гегемонлиги давом этади
«Аякс» — «Эммен» — 4:0 (Тимбер, 10. Аллер, 61. Ренш, 66. Классен, 74)

Амстердамликлар клуби 35-марта чемпионликка эришди ва энди айтиш мумкинки «Аякс» яна нидерланд футболидаги доминант кучга айланди. Клуб қаторасига учинчи мавсум чемпионликни нишонламоқда ва бу клуб тарихидаги учинчи сериядир.

Ўтган асрнинг 70- йилларида Ринус Михелснинг тотал футболи ҳамда Кройф ва Нескенс каби буюк футболчилардан иборат таркиб туфайли шундай гегемонлик кузатилганди. 90-йиллар охирида Луи ван Гаал бошқарувида ака-ука де Бурлар, Клюйверт, Лаудруп, Литманен, Овермарс, Давидс, Финиди, Кану ва Арвеладзе каби футболчилар ёрқин ўйин намойиш этишганди.

Ҳозирги «Аякс» глобал даражада кучли бўлмаса-да, ички чемпионатда бу жамоага тенг келадиган рақиб топилмаяпти. Жамоада Классен, Аллер, Блинд ва Тадич каби тажрибали футболчилар яна жамланган. Амстердамликлар клуби чемпионлик расмийлаштирилиши арафасида Эрик тен Ҳааг билан шартномани 2023 йилга қадар узайтирди, унга «Тоттенҳэм» ва бошқа клублардан қизиқиш билдирилаётганди.

Кун статистикаси:

  • Видаль сўнгги 10 мавсумидан 9тасида чемпион бўлган. Чилилик футболчи 4 бор «Ювентус» билан скудеттони қўлга киритган, уч бор бундеслигада «Бавария» билан чемпион бўлган ва ла лигада ҳам «Барселона» билан бир бор ғолибликни нишонлаган. У навбатдаги титулни «Интер» билан бирга қўлга киритди.
  • Месси 14-пенальтини аниқ ижро эта олмади. Яна бир бор нуқтада адашса, Лео Испания чемпионатининг бу борадаги рекордчиси Уго Санчес билан тенглашади.
  • «Сассуолло» дарвозабони Консильи А Сериядаги 12 мавсумида 19-марта пенальти қайтарди. Бу давр мобайнида фақат «Интер» дарвозабони Ҳанданович юқорироқ натижа қайд этган (23).
  • А Серия тарихида ҳет-трик қайд этган энг ёши катта футболчи «Болонья» ҳужумчиси Паласио бўлди. Ушбу аргентиналик футболчи 39 ёшу 86 кунлигида «Фиорентина»га қарши ўйинда (3:3) жамоасининг барча голларига муаллифлик қилди. У 1950 йилдан буён бу борадаги рекордга эгалик қилиб келган Сильвио Пиоладан икки ёшга катта.
  • 1033 гол — Туркия Суперлигасида бир мавсумда урилган голлар сони бўйича янги рекорд ўрнатилди. Бу постковид мавсумида кутилган натижа эди, юқори дивизионда бу мавсумда одатдаги каби 18 эмас, 21 жамоа иштирок этмоқда.

Мавзуга оид