Спорт | 09:19 / 15.07.2017
6405
3 дақиқада ўқилади

«Спартак» Россия Суперкубогини қўлга киритди

Фото: Twitter/@fcsm_official

Москванинг «Спартак» жамоаси Россия пойтахтининг яна бир жамоаси «Локомотив» билан Россия Суперкубоги учун ўйинда ғалаба қозонди. Учрашув «Локомотив» стадионида бўлиб ўтди ва 2:1 ҳисобида якунланди.

Ўйиннинг асосий вақтида жамоаларнинг ҳеч бири гол ура олмади. Қўшимча вақтнинг 101-дақиқасида Лоренсо Мельгарехо марказдан Луис Адрианога аниқ узатмани амалга оширди. У ҳимоячини танаси билан тўсиб, Маринато Гилерме билан яккама-якка чиқди ва яқин бурчакни аниқ нишонга олди. 113-дақиқада Квинси Промес чап қанотда тўпни эгаллаб олиб Владислав Игнатьевдан ўзиб кетди ҳамда яқин бурчакка тўпни жойлаб қўйди. Орадан 3 дақиқа ўтгач, темир йўлчилар вакили Мануэл Фернандеш жарима тўпини голга айлантирди. Бироқ, «Локомотив» ҳисобни тенглаштиришга улгурмади. 

Шундай қилиб, «Спартак» ўз тарихида биринчи марта Россия Суперкубогини ютиб олди. Бунгача улар 3 маротаба мағлуб бўлишган. «Локомотив» эса бу совринни икки марта ютган. Олти марта Суперкубок соҳиби бўлган ЦСКА бу борада ўзига хос рекордчи ҳисобланади.


 
Ўйиндан сўнг, «Локомотив» бош мураббийи Юрий Сёмин ҳакамлардан норозилигини билдирди. 

Унинг фикрича, учрашув бош ҳаками Владислав Безбородов қизил-оқлар ҳужумчиси Луис Адрианога иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, ўйиндан четлаштириши лозим эди. 

«Ўйлашимча, Биринчи канал бугунги ўйинни намойиш этиб тўғри қилди. Ўйин жуда қизиқ бўлди. Ўйинчиларга ташаккур билдираман, улар бор кучи билан ўйнашди ва яхши футбол намойиш қилишди.
 
Ўйинг тенг кучлар остида ўтди. Бироқ, бизга видеотакрорлар керак, деб ўйлайман. Ҳакам Луис Адрианога иккинчи сариқ кўрсатиб, уни майдондан четлатиши керак эди. Ҳакам ўйинни бузди! — дея Сёмин сўзларини келтиради «Чемпионат» нашри.

«Спартак» бош мураббийи Массимо Каррера эса умуман бошқа фикрда. Карреранинг таъкидлашича, унинг шогирдлари муносиб равишда Россия Суперкубоги қўлга киритган. 

«Биз улар шундай ўйин намойиш этишини билгандик. Биз яхши жамоага қарши яхши ўйин ўтказдик. Осон бўлмаслигини ҳам билардик. Кўп нарсадан кўнглим тўламаган бўлса, айримлар жиҳатлар ажойиб бўлди. 

Албатта, жисмоний тайёргарлик юқори даражада эмас. Чунки, бу мавсум бошланиши. Аммо, мен ўз жамоам учун хурсандман, чунки улар ҳақли равишда ғалаба қозонишди. Мана шу асосийси», — деган италиялик мутахассис. 

Мавзуга оид