Жаҳон | 08:35 / 16.07.2017
8051
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған мамлакатда ўлим жазоси тикланишига умид билдирди

Фото: Kun.uz / Sherzod Ikramutdinov

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған парламент мамлакатда ўлим жазосини тиклаш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллашига умид билдирди.

«Агар ўлим жазосини қайтариш ҳақидаги қонун парламентдан ўтса, мен уни тасдиқлайман. Ишонаманки, шундай бўлади», деган у Анқарадаги 15 июль воқеаларига бир йил тўлиши муносабати билан ўтказилган митинг вақтида.

У биринчи навбатда «хоинларнинг боши олиниши» ҳақида гапирган.

Бундан ташқари, душанба куни Туркия парламенти мамлакатдаги фавқулодда ҳолатни узайтириш масаласини кўриб чиқади.

15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркиянинг қатор шаҳарларида давлат тўнтаришига уринишга бир йил тўлгани муносабати билан тадбирлар ўтказилди. Истанбулда ҳам митинг бўлиб, унда президент Эрдўған чиқиш қилган. Намойишчилар 1 йил олдин исёнчи ҳарбийлар ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашув рўй берган Босфор бўғози устидаги кўприкка томон марш ўтказишди.

Туркияда 2016 йилнинг 15 июли оқшомида ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширмоқчи бўлишганди. Исён вақтида тўқнашувлар вақтида камида 265 киши ҳалок бўлган, 1500 киши жароҳатланган. Исёндан кейин 6 минг киши — зобитлар, журналистлар ва судьялар қамоққа ташланган, ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этган.

Мавзуга оид