Видеорепортаж: Мактабга тайёрлов гуруҳига айланган дала шийпонида болалар тарбияланишга ҳақлими?
Маълумки Кун.uz таҳририяти ўсиб келаётган ёш авлодга алоҳида эътибор қаратади. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига уюштирилган ижодий сафаримизда ҳам бу мавзу четда қолмади. Бунга электрон почтамизга юборилган мурожаат сабаб бўлди. Ушбу мурожаатда айтилишича, тумандаги Хўжабоғ қишлоғида болалар боғчаси мавжуд бўлиб, бугунга келиб ушбу маскан ёпиб қўйилган. Натижада мактаб ёшигача бўлган болалар боғчага бора олмай, уйда қолиб кетмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Мана шу масала юзасидан ижодий жамоамиз Шаҳрисабз туманида жойлашган Абзият қишлоғига йўл олди. Қишлоқдаги мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрар эканмиз мавжуд шароитни ўз кўзимиз билан кўрдик, бу ернинг мутасаддиси Лобар Содиқова билан суҳбатлашдик.
“Жорий йилнинг февраль ойидан бу ерда болалар учун қисқа муддатли гуруҳларни очишни мақсад қилган эдик. Бунга Президентимиз томонидан мазкур соҳада қабул қилинган қарорлари туртки бўлди. Бу ер олдин ҳам боғча бўлган, аммо болаларнинг ўйнаши учун зарур шарт-шароитлар бўлмагани учун ота-оналар болаларини беришни исташмаган. Шу сабаб бу бино анча пайт қаровсиз ҳолда ётди. Мана шу йилдан имкон қадар таъмирлаб, бу ерга келдик. Ҳозирда икки сменада 50 нафар бола қатнамоқда”.
Аслини олганда бинонинг ҳолати яхши эмас. Бундан ташқари, бу ерда болалар майдончаси ҳам, улар ўйнаши учун турли анжомлар ҳам йўқ. Хавфсизлик чора-тадбирлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Собиқ иттифоқ даврида дала шийпони бўлган бу бино бугун келажагимиз меваларини ўз бағрига олган. Бу мевалардан эртага жаҳон чемпионлари, фан олимлари, ижодкорлар ва ўз соҳасининг мутахассислари етишиб чиқади. Шундай экан уларга зарур шароитларни яратиб бериш зиммамиздаги бурч эмасми?
Мазкур ҳолатга Шаҳрисабз туман таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Асрор Алимардонов изоҳ берар экан, шундай деди: “Хўжабоғ қишлоғида жойлашган мазкур боғча ҳеч бир талабга жавоб бермагани туфайли биз у ерни вақтинча ёпиб қўйган эдик. Болалар эса асосий филиалга ўтказилган эди. Юқори ташкилотларга мазкур филиалларни тўла таъмирдан ўтказиш бўйича тавсияларни берганмиз. Бундан ташқари, уларда ўз соҳасини тушунадиган кадрлар фаолият юритиши учун педагогика коллежлари билан ҳамкорлик қиляпмиз. Келажакда туманнинг чекка ҳудудларида фаолият кўрсатадиган боғчаларида етук кадрлар фаолият юритади”.
Вақт кутиб турмайди. Эртанги кун болалари улғаймоқда. Бизнинг бугунги камчиликларимиз уларнинг тақдир йўлларига таъсир кўрсатмасин. Барчамиз ана шундан манфаатдормиз.
Мавзуга оид
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
09:05 / 07.11.2024