Жамият | 15:46 / 19.07.2017
36820
5 дақиқада ўқилади

«Эркакчилик»: кўнгилга келган ишни қилишми ёки... 

Иллюстратив фото

Аслида, бу мавзу сийқаси чиққанларидан бири. Чиройли ёритиш учун эриниб турган илҳом парисининг айбини иқтибослар хазинасидан уч-тўрт мисра билан ёпиб юборса, кифоядек. Лекин бу сафар барча иқтибослару аввал юритиб бўлинган фикрлардан қочган ҳолда жуда оддий, жўн, халқнинг тилида айтганда - «кетмончасига» фикр юритмоқчиман. Бўлмаса қалам сарсон. Қоғоз увол.

Миллатимиз миллат бўлибдики, эркакларнинг мавқеини улуғлаб, бошқа бирор миллатда учрамас сифатлар билан алқаб келади. Ҳазрати эркак! Шу сабабданми эркакларни танқид қилиш, айбини ошкора айтиш андишасизликка йўйилади. Мен ҳам шу андиша янглиғ пардани бир учини кўтаришга жўяли сабабсиз жазм қила олмасдим, албатта. Лекин қалам аҳлининг туйғулари исён қилса, фақат қоғозгина жиловлай олади холос...

«Тирикчилик...»

Бозорлик тўла рўзғор халталарим қоқ аср жазирамасида малол келиб, бозор дарвозаси томон оғир одимлаб борар эканман кираверишда оёқлари остига икки челак ўрикни олиб, харидор чақираётган қўшним Марғуба опага кўзим тушди. Кўчамиз бошидаги мактабда физикадан дарс берадиган бу аёл савдо қилишидан бехабар эдим. Очиғи ҳайрон бўлдим. Олий маълумотли педагог. Эрининг хурмача қилиқлари туфайли бироз нотинчлигини айтмаса, бинойидай оила. Ўзимча (ўзбекчилигимиздан айланай) сўрашишга кетадиган вақтимни чамалаб чумолидай топган-орттирганини уйига ташиб кетаётган оламонга сингиб кетишни мўлжаллаб турганимда, қўшнимнинг нигоҳларини ҳис қилдиму, ноилож жилмайганча у томон юрдим. Одатдаги айланай-ўргилайимиз давомида сездимки қўшним бу ҳолатда кўришганимиздан анча хижолатда. Вазиятни юмшатиш учун тезроқ хайрлашарканман иложи борича самимийгина қилиб: “Ҳафсалангизга қойил қўшни, куни кеча шарбат-у компот ёпаётган эдингиз. Ортганиниям увол қилмай, олиб чиққанингизни қаранг”, дедим. Қўшним негадир дув қизардию, кўзини ерга қадаганича хижолатомуз жилмайди: “Тирикчилик...” 

«Эркакчилик...»

Кечқурун дастурхон бошида йиғилиб, эримни (оила боши ахир) овқатга қошиқ суқишини кутиб тургандик ҳамки, кўчадан беўхшов бақир-чақир овози эшитилди. Эрим деразадан қарадию, қовоғи солинди. “Уфф... Рустам ака яна ичиб олибди”. “Қайси Рустам?” “Ҳа, мана қўшнинг-да. Марғуба опанинг эри”.

Пастдаги бақиришу сўкинишлар тинавермагач, эрим болаларга бир қараб қўйдию, яна ойнадан бош чиқарди: “Ҳой Рустам ака, нима қилганингиз бу ака, болалар бора... Нима қилардиз-а шунча ичиб?”. Пастдан яна ўша беўхшов овоз хириллаб бақирди: “Эркакчилик бу укам, эркакчилик!!!”.

Ишонаманки, кўпчилик учун бундай воқеалар янгилик эмас. Кўзимиз пишиб, дийдамиз ҳам қотиб кетган. Таниш-билишларимиз орасида эса шунга ўхшаш инсонлар топилади. Орамизда ҳаттоки «эркак бўгандан кейин ичади-да», дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Лекин деярли барча аслида нафс олдидаги ожизлик бўлган иллатларнинг номини эркакчилик, дейишимиз шу тушунчага нисбатан ноҳақлик эмасми? Бу тушунча асли нима эдию, йиллар оша уни нимага айлантирдик? Эркак янглиғ номнинг залвори эртаклардагина қолгани рост бўлдими? 

«Ҳазрати эркак...»

Яқин ўтмишни олайлик. Боболаримиз замонида фарзанд доғидан қўрққан оналар ожизалигига бориб, ватан ҳимоясига отланган ўғилларининг йўлини тўсса, йигитларнинг ори келарди: «Она бормасам бўлмайди. ЙИГИТЧИЛИК ахир...». Армияга фақат «ўқишим учун қўшимча балл керак», деб бораётган йигитчаларга ибрат эмасми? Ногирон ҳолида қайтганлари ҳам хотинининг сут-қатиқ сотиб топган нонига қараб ўтирмай, меҳнат қилганда, сенга шу ҳолингда нима азоб, деганларга жавоби шу бўларди - «эркакчилик...». Етти мучаси соғ бўла туриб аёлини ишлаш учун чет элларга юбориб, ўзи чойхоналарни макон тутган эркакларга ибрат эмасми? Қийинчилик пайти уйда қолган охирги икки луқма ризқини аёли-ю болаларига едириб, “мен кўчада еб келгандим”, деб алдагандаям эркакнинг кўнглидан ўтган сўз шу бўларди - «эркакчилик!». Оиласининг ризқини қийиб, ҳою-ҳавасларга берилаётганларга ибратмасми ахир?

Эркакнинг улуғлиги ҳам шунда бўлганки, у доим элнинг, жамиятнинг, оиласининг бошига нимаики мушкулот келса, елкасини тутиб, ҳар қандай хавф-хатардан керак бўлса, кўксини қалқон қилиб ҳимоя қилиб келган ва буни фидойилик эмас муқаддас бурч, деб санаган. Аслида, эркакчилик тушунчаси ҳам том маънода шулардан иборат эмасми? Ҳозирги кунда эркакчилик деганда аёлларга уятли саналган барча номаъқулчиликларни кўнгилга келган тарзда қилаверишга бўлган асоссиз хуқуқни тушунишимизни тан ола оламизми? Ҳурматли замонамиз эркаклари, ўзлигингиздан келиб чиқиб, ўзингизга шу саволни бериб кўрингчи: эркакчилик аслида ҳуқуқми ёки мажбуриятлар? 

Мавзуга оид