Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Челси» Моратанинг трансферини тасдиқлади. Барча тафсилотлар маълум
Альваро Мората фаолиятини премьер-лигада давом эттиради.
«Челси» матбуот хизмати, клуб ушбу трансфер борасида «Реал» билан келишувга эришганини эълон қилган.
Бугун «қаймоқранглилар» жамоаси ҳужумчиси Лондонга келиб, тиббий кўрикдан ўтади ва 5 йиллик шартнома имзолайди.
Бундан аввалги хабарларда ушбу футболчи учун Англиянинг амалдаги чемпионлари 80 млн евро тўлаши айтилганди. Испаниялик футболчи янги клубида йилига 9 миллион евро миқдорида маош олади.
Қайд этиш керакки, 24 ёшли бу футболчи тарихдаги энг қимматбаҳо испаниялик футболчига айланади. Бунгача бу мақом Фернандо Торресга тегишли эди, у 2011 йили «Челси»га «Ливерпуль»дан 58 миллион евро эвазига келиб қўшилганди.
Мората Мадрид клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоада Жозе Моуриньо даврида дебют қилган, кейинроқ «Ювентус»га сотилганди. Ўтган йили жамоа уни қайтариб сотиб олди.
Ўтган мавсумда Мората Испания чемпионатида 26 учрашувда майдонга тушиб, 15 гол урди. У шунингдек, Чемпионлар лигасида 9 учрашув ўтказган ва 3 гол урган.
Бу футболчи аввалига «Манчестер Юнайтед»га ўтиши кутилганди, аммо инглизлар клуби Ромелу Лукакуни танлади. Кўп ўтмасдан Моратага «Милан» асосий даъвогарга айланди, аммо кутилмаганда «Челси» уни «илиб кетди».