Спорт | 15:30 / 01.04.2025
15812
15 дақиқада ўқилади

Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи

Рўйхатдаги 11 футболчидан 10 нафарининг номи «Арсенал» билан боғланади. Улардан қайсилари ёзда футболкасини алмаштиради?

Европанинг топ-клублари аллақачон ёзги трансферлар ойнасига тайёрланмоқда. Клублар раҳбарияти кучайтириш зарур бўлган позицияларни белгилаб олмоқда ва номзодлар шорт-листларини тайёрламоқда. Катта жамоаларга доимо форвардлар зарур. Ва келаётган ёзда футбол жамоатчилиги ҳужумчилар клубини ўзгартириши билан боғлиқ бир қанча шов-шувли трансферларга гувоҳ бўлиши тайин. Қуйида – ёзда топ-клублар навбатда туриши кутилаётган топ-11 тўпурар ҳақида.

Александер Исак («Нюкасл»)

Ёши: 25
Жорий мавсумдаги статистикаси: 33 ўйинда 23+5
Амалдаги шартномаси муддати: 2028 йил 30 июн
Трансфер баҳоси: 100 млн евро (Transfermarkt)

Фото: George Wood/Getty Images

Швециялик ҳужумчи ёздаги асосий лотлардан бири. 25 ёшли форвард айни кучга тўлган даврида: Англия чемпионати тўпурарлар пойгасида у 19 гол билан учинчи ўринда — Муҳаммад Салоҳ (25) ва Эрлинг Ҳоланддан кейин (21). Аммо «Нюкасл» билан АПЛ ва ЕЧЛ ғолиблиги учун курашиш қийин. Март ойида «Нюкасл» билан илк совринини (Англия лигаси кубоги) қўлга киритган Исак энди Европанинг катта клубларига ўтишга тайёр. Топ клублар ҳам уни сотиб олишга. Инсайдер Дэвид Орнштейн Исак «Арсенал», «Ливерпул», «Челси» ва «Барселона» клублари даъвогар эканини хабар қилган. Айниқса, «тўпчилар» унга анчадан буён қизиқиб билдириб келади, жамоа бош мураббийи Микел Артета унинг мухлиси ҳисобланади. Шу билан бирга, «Нюкасл» ўзининг энг яхши тўпурарини қўйиб юборишни истамайди ва 150 млн фунтдан кам таклифни кўриб чиқмоқчи эмас. Агар «қарғалар» ЕЧЛнинг кейинги мавсумига йўлланма қўлга кирита олмаса, футболчини олиб қолиш амалда имконсиз иш.

Виктор Дёкереш («Спортинг»)

Ёши: 26
Жорий мавсумдаги статистикаси: 42 ўйинда 42+11
Амалдаги шартномаси муддати: 2028 йил 30 июн
Трансфер баҳоси: 75 млн евро

Фото: Gualter Fatia/Getty Images

Швеция миллий жамоасининг иккинчи форварди ҳам ақлбовар қилмас статистикага эга. Дёкереш ҳар ўйинга ўртача битта гол урган. Португалия чемпионати кучсизроқлиги ҳисобга олинган тақдирда ҳам, у Чемпионлар лигасининг саккиз ўйинида 6 та гол урганини эътиборга олиш керак. Шундай экан, 26 ёшли форварднинг қобилиятига шубҳа йўқ. Қолаверса, у иккинчи мавсумдирки космик статистика намойиш этмоқда.

The Athletic хабарига кўра, форвард фақат мунтазам равишда Чемпионлар лигасида иштирок этувчи клубга ўтмоқчи. Шундай экан, айни вақтда унинг «Спортинг»даги собиқ устози Рубен Аморим бошқарувидаги «Манчестер Юнайтед»ни рўйхатдан ўчириш мумкин. Скандинавиялик футболчи учун асосий даъвогар – «Арсенал». Нуфузли инсайдерлар лондонликлар клубининг янги спорт директори Андреа Берта унинг катта мухлиси экани ҳақида хабар беришган, «Арсенал» унга ўтган йил ёзидан бери қизиқмоқда. Bild ва Record.pt манбалари унга «Бавария»дан жиддий қизиқиш мавжудлигини хабар қилишган. Шунингдек, ёзда Дёкерешни ўз сафига қўшиб олишни истовчи жамоалар қаторида «Челси» (GiveMeSport маълумоти), «Манчестер Сити» ва «Барселона» (Флориан Плеттенберг хабари) каби клублар туради. «Спортинг» футболчиси билан 70-75 млн евро эвазига хайрлашишга тайёр.

Бенямин Шешко («РБ Лейпциг»)

Ёши: 21
Жорий мавсумдаги статистикаси: 37 ўйинда 17+6
Амалдаги шартномаси муддати: 2029 йил 30 июн
Трансфер баҳоси: 65 млн евро

Фото: GiveMeSport

Словениялик ёш ҳужумчи АПЛга 2025 йил январидаёқ келиши мумкин эди. Аммо «РБ Лейпциг» Шешкони «Арсенал»га қўйиб юбормади. Лекин немислар жамоасида Беняминни яхшигина суммага сотиш учун ёзда ҳам етарлича вариантлар бўлади. Улкан габаритли (бўйи 193 см) форвард ажойиб техника ва юқори тезликка эга. Бу эса топ-клублар учун идеал уйғунлик бўлиши мумкин.

The Athletic «Арсенал»нинг Шешкога қизиқиши сақланиб қолаётганини хабар қилган. Шунингдек, ушбу форвардни «Манчестер Юнайтед» ҳам кўз остига олган. Словенияликнинг ўйин услуби ушбу жамоа устози Рубен Аморимни ўзига маҳлиё қилган. Шунингдек, Бенямин «Челси» (GiveMeSport маълумоти) ва «Бавария» (Bild) клубларининг ҳам шорт-листига кирган. Мюнхендагилар ҳозирча Шешко ва Дёкерешдан қайси бирини танлаш устида ўйланмоқда.

Жонатан Дэвид («Лилл»)

Ёши: 25
Жорий мавсумдаги статистикаси: 42 ўйинда 23+10
Амалдаги шартномаси муддати: 2025 йил 30 июн
Трансфер баҳоси: 45 млн евро

Фото: Christof Koepsel/Getty Images

Дэвид ёзда эркин агент сифатида «Лилл»ни тарк этади. Канадалик ҳужумчининг шартномаси 2025 йил июнига қадар тузилган, футболчи клубнинг шартномани янгилаш бўйича сўнгги таклифини ҳам рад этди. Transfermarkt Жонатаннинг трансфер баҳосини 45 млн еврога баҳолаган, «Лилл» эса бу пулларга эга чиқа олмайди.

Ҳозирча топ-клублар Дэвидга катта қизиқиш билдираётгани йўқ. 2024 йил ноябрда Mundo Deportivo форвард «Барселона»га ўтишни исташи ҳақида ёзганди. Инсайдерлар сўнгги вақтларда «Вест Ҳэм» ва «Арсенал» томонидан қизиқиш мавжудлиги ҳақида ёзишган. Шунингдек, Жонатанда эркин агентларни ўз сафига жалб этиб келадиган «Интер» варианти бор. Ёз яқинлашиши билан унга қизиқувчи жамоалар сафи кенгайиб бориши тайин.

Олли Уоткинс («Астон Вилла»)

Ёши: 29
Жорий мавсумдаги статистикаси: 42 ўйинда 14+12
Амалдаги шартномаси муддати: 2028 йил 30 июн
Трансфер баҳоси: 50 млн евро

Фото: Gareth Copley/Getty Images

Уоткинс –  «Астон Вилла»нинг муҳим футболчиси. У нафақат «тўққизлик» сифатида, балки вазиятлар яратувчи сифатида ҳам ажойиб. Жорий мавсум давомидаги 12 ассист буни тасдиқлайди. Аммо ёши туфайли 2025 йил ёзи Олли топ-клубга трансфер бўлиши учун охирги имконият бўлиши мумкин. Январда «Арсенал» уни олишга жиддий ҳаракат қилди, аммо унинг трансфер нархи лондонликларни ортга қайтарди. Бошқа бир ҳужумчиси Дуранни Саудияга катта пулга сотган «Астон Вилла» шундан кейин инглиз ҳужумчиси учун 80 млн фунт талаб қилганди. Ёзда клублар яна савдолашиб кўриши мумкин.

Лиам Делап («Ипсвич Таун»)

Ёши: 22
Жорий мавсумдаги статистикаси: 31 ўйинда 10+2
Амалдаги шартномаси муддати: 2029 йил 30 июн
Трансфер нархи: 35 млн евро

Фото: Michael Regan/Getty Images

Ушбу рўйхатда номи «Арсенал» билан боғланмаётган ягона футболчи бўлиб турган Лиам Делап – «Манчестер Сити» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У клуб тизимида 2019 йилдан бошлаб ўйнаган. 2024 йил ёзида Лиам АПЛга қайтган «Ипсвич» клуби сафига ўтганди. Ва биринчи мавсумдаёқ аутсайдер жамоа сафида яққол ажралиб турибди. Делап 26 турда 10 гол уришга эришди ва «Ипсвич» ҳамон элитада қолиш учун курашишини таъминламоқда.

Аммо ёзда Лиам Манчестерга қайтиши мумкин. Фақат «Сити» эмас, «МЮ»га. Ушбу клуб Делапга қизиқаётгани ҳақида The Athletic хабар берган. 21 ёшли форвардга «Челси» ва «Тоттенҳэм»дан ҳам қизиқиш мавжуд (Caught Offside маълумоти). Шундай экан, «Ипсвич» жорий мавсум якунларига кўра, чемпионшипга тушиб кетса ҳам, Лиам катта эҳтимол билан кейинги мавсумда ҳам АПЛда ўйнайди.

Душан Влаҳович («Ювентус»)

Ёши: 25
Жорий мавсумдаги статистикаси: 35 ўйинда 14+3
Амалдаги шартномаси муддати: 2026 йил 30 июн
Трансфер нархи: 45 млн евро

Фото: Valerio Pennicino/Getty Images

«Ювентус» франциялик форвард Рандал Коло Муанини ижарага олгач, Влаҳович захирада қолиб кетмоқда. ОАВ бир йилча олдин ушбу сербиялик тез орада бошқа чемпионатга ўтиши ҳақида хабар тарқатишни бошлаганди. Масалан, январда унга «Арсенал»дан қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар берилганди. La Gazzetta dello Sport яқинда Душаннинг «Юве» бош мураббийи Тияго Мотта билан муносабатлари яхши эмаслиги ҳақида ёзганди. Аммо шундан кўп ўтмай ушбу мутахассис истеъфога чиқарилди ва футболчи энди фикрини ўзгартириши ҳам мумкин.

Инсайдер Николо Скира «Ювентус» Душан учун 25-30 млн евро атрофида маблағ сўрашини хабар қилган. Шартномаси якунига бир йил қолган футболчи учун ўртача нарх. Caught Offside маълумотига кўра, футболчига ҳамон «Арсенал»дан қизиқиш мавжуд. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» ҳам унга беэътибор эмас.

Мойзе Кин («Фиорентина»)

Ёши: 25
Жорий мавсумдаги статистикаси: 35 ўйинда 21+3
Амалдаги шартномаси муддати: 2029 йил 30 июн
Трансфер нархи: 40 млн евро

Фото: Alessandro Sabattini/Getty Images

Мойзе Кин фаолиятини «Фиорентина»да қайтадан тиклади. Дастлаб «Ювентус»да порлаган ва кейин «Эвертон»га йўл олган ҳужумчининг ишлари АПЛда юришмади, форвард собиқ жамоасида ҳам олдингидек ўйнаб кета олмади. Ўтган йил ёзида Флоренцияга ўтгач, А сериянинг жорий мавсумида 27 ўйинда 16 гол уришга эришди. Энди 25 ёшли футболчига «Арсенал» қизиқмоқда. Лондонликлар ёзда ушбу марказий форвард учун ҳам курашда бўлади.

Caught Offside хабарига кўра, ёзда футболчининг шартномасидаги 52 млн евролик бадал пули бўйича банд ишга тушади, шунча миқдордаги таклиф келганда клуб уни қўйиб юборишга мажбур бўлади. «Арсенал» шундай суммани тўлашга қарор қиладими? Шунингдек, футболчи учун Англиянинг «Тоттенҳэм» ва «Астон Вилла» клублари ҳам рақобатлашади.

Виктор Осимҳен («Наполи», «Галатасарой»да ижара асосида ўйнамоқда)

Ёши: 26
Жорий мавсумдаги статистикаси: 31 ўйинда 26+5
Амалдаги шартномаси муддати: 2026 йил 30 июн
Трансфер нархи: 70 млн евро

Фото: Ahmad Mora/Getty Images

Виктор Осимҳен жорий мавсумни ижара асосида «Галатасарой»да ўтказмоқда. Аммо нигериялик ҳужумчининг трансфер ҳуқуқи «Наполи»га тегишли ҳисобланади ва мавсум якунида у Италияга қайтади. У клубни 2024 йил ёзида тарк этишга ҳаракат қилганди, аммо неаполитанликлар шартнома шартлари бўйича «Челси» билан келиша олмади. Якунда «Наполи» ва Осимҳен ўртасидаги муносабатлар бузилди. Шу туфайли, Виктор барибир жамоада қола олмайди.

Бир неча йил олдин, у «Наполи»да кучли мавсум ўтказаётганида «Челси»дан ташқари «Арсенал» ҳам ушбу футболчини сотиб олишга ҳаракат қилганди, жароҳатлар туфайли ҳужум чизиғида муаммолар юзага келгани туфайли клуб раҳбарияти ҳозир ҳам унинг номзодини кўриб чиқиши мумкин. Амалда эса Осимҳен учун икки асосий даъвогар бор – «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус». Аммо италянлар энди асосий эътиборини яхши ўйнаб кетган Рандал Коло Муанининг шартномасини сотиб олишга қаратмоқда. Шундай экан, «МЮ» нигериялик ҳужумчи учун биринчи рақамли вариант бўлади. Business Day «Наполи» ва манкунианликлар ўртасида келишув 95 фоизга ҳал бўлгани ҳақида ёзган. Инглиз клуби Осимҳен учун 70 млн евро тўламоқчи. Calciomercato эса бошқачароқ маълумот келтирган: «МЮ» Виктор учун 40 млн евро тўлаб, «Наполи»га Расмус Ҳойлундни беради. Ҳозирча якуний келишув ҳақида гапиришга эрта, ёз бошланганида кўп нарса ойдинлашади.

Матео Ретеги («Аталанта»)

Ёши: 25
Жорий мавсумдаги статистикаси: 41 ўйинда 25+5
Амалдаги шартномаси муддати: 2028 йил 30 июн
Трансфер нархи: 45 млн евро

Фото: Getty Images

Аргентинада туғилган ва Италия фуқаролигини олиб, ушбу мамлакат миллий жамоасида ҳужумчилар танқислиги муаммосини ёпаётган ҳужумчи клублар миқёсида янги даражага чиқиш вақти келди. Гасперини бошқарувидаги «Аталанта»нинг юлдузлик онлари сўниб бормоқда, Ретегига эса кучлироқ чемпионатдан қизиқиш мавжуд. Caught Offside маълумотига кўра, «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» ушбу футболчини кузатиб бормоқда. Бергамоликлар айни вақтда 22 гол (плюс 4 та голли пас) билан А сериянинг энг яхши тўпурари бўлиб турган ҳужумчиси учун 60 млн евро сўрайди. 

Мика Биерет («Монако»)

Ёши: 22
Жорий мавсумдаги статистикаси: 25 ўйинда 14+5 («Штурм» сафида); 13 ўйинда 12+3 («Монако»да)
Амалдаги шартномаси муддати: 2029 йил 30 июн
Трансфер нархи: 25 млн евро

Фото: Michel Euler/AP/ТАСС

Ушбу футболчи ўз вақтида «Арсенал»нинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида тўп сурган, 2024 йил ёзида Австриянинг «Штурм» клубига 7 млн еврога сотиб юборилганди. Икки йил олдин ҳам Мика Биерет фақат Австриядагилар ва скаутлар учун таниш эди. Аммо ўтган қисқа вақт ичида 22 ёшли форвард чинакамига очилди. Январда «Монако» уни 13 млн еврога харид қилди. Даниялик футболчи кучлироқ чемпионатга ўтганидан кейин ҳам ажойиб статистика кўрсатишда давомди: 11 ўйин, 12 гол ва уч ассист. Биерет ўзини Кейн ва Ҳоландга қиёслайди. Ҳозирча унга жиддий қизиқиш билдираётган клублар ҳақида маълумот йўқ. Аммо агар форвард шу темпда гол уришда давом этадиган бўлса, унинг хизматидан фойдаланишни истовчи клублар навбати пайдо бўлиши мумкин. Балки «Арсенал» хатосини тузатишни истаб қолар?

photo_2025-04-01_14-55-20.jpg
photo_2025-04-01_14-55-25.jpg
photo_2025-04-01_14-55-44.jpg
photo_2025-04-01_14-56-11.jpg
photo_2025-04-01_14-56-40.jpg
photo_2025-04-01_14-56-50.jpg
photo_2025-01-13_13-38-49.jpg
photo_2025-04-01_14-57-01.jpg
photo_2025-04-01_15-02-38.jpg
photo_2025-04-01_15-03-25.jpg
photo_2025-04-01_15-20-58.jpg

Мавзуга оид