Ўзбекистон | 10:45 / 22.07.2017
31812
6 дақиқада ўқилади

«Қуёшли»нинг қуёшсиз манзараси

Пойтахтдан Чинозга кетаверишда, катта йўлнинг чап томонида темир антенналарга кўзингиз тушган, албатта. Шу ерда Қуёшли деган қишлоқ бор. 2012-2013 йилларда Қуёшлига туташ жойда намунали уйлар қуриш бошланди. Қурилиш турли сабабларга кўра узоқ давом этди. Ҳозир Мафтункор деб ном олган ушбу аҳоли масканидаги уйларнинг 50 фоизида уй эгалари яшаса, қолганлари ё бўш турибди ёки ижарага берилган. Хўш, нега, деган савол туғилади. Сабаби кўп. Масалан, ҳовлиларга сув ўтказиш тизими тортилган, аммо келаётган сувни ичиб бўлмайди — шўр, қаттиқ, овқатни тахир қилади, томорқага қўйсанг, ерга туз сепилгандек оқариб, шўрлаб кетади. Транспорти борлар пойтахтдан сув ташиб ичишади, қолганлар эса пешонамдан кўрдим, дея шу сувга қаноат қилишади. 

Коттеждагилар (қўшни қишлоқда яшовчилар намунали уйларда яшовчиларни шундай номлашган) ичимлик сувини яхшилаш учун аввал турли идораларга, кейин Виртуал қабулхонага ёзишди, туман ҳокими билан бўлган учрашувда айтишди. Озгина ҳаракат бошланди. Суратда кўриб турганингиздек, черепицадан қўлбола сув тозалайдиган “будка” ўрнатишди. Бочкадаги хлорни томчилатиб гўёки сувни зарарли моддалардан тозалашмоқчи бўлишди. Аммо бу усул ўзини оқламади, “қайсар” сув юмшаб, ичимлик сувига айланмади. Ҳа, айтгандай, мафтункорликлар сувни текширитириб кўришганда, у белгиланган меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Коттежлар учун сув етказиб берадиган артезиан қудуғи Қуёшлидаги кўп қаватли уйлардан чиқадиган оқава сувлар тўпланадиган, ўзбекчасига айтадиган бўлсак, ҳовуз яқинида қурилган. Мана, бир неча йилдирки, канализация қувури ёрилиб, атрофга бадбўй ҳид таратиб ётибди. Табиий, у ерга сизиб артезиан қудуғидаги сувга қўшилади. Хуллас, мутасаддиларнинг ваъдалари ваъдалигича қолди.

Иккинчи сабаб, транспорт тизимининг йўлга қўйилмагани. Пойтахтга қатнаб ўқийдиган, ишлайдиганлар кўп. Шаҳарга 15 дақиқалик йўлда жойлашган қишлоқнинг одамлари 500-700 метр яёв  юриб, кейин транспортда пойтахтга боришга мажбур, қайтишда ҳам шу аҳвол.

Учинчи сабаб, уйларнинг жуда сифатсиз қурилгани. Фойдаланишга топширилганига ҳеч қанча вақт бўлмай, уйларнинг буёқлари кўчиб, йўлакчалар цемент кам қўшилганидан нураб кетаётир. Ҳатто, баъзи уйларнинг деворлари ёрилиб кетган. Мисол учун, 11-уйнинг эгаси Саидхўжа Пўлатхўжаевнинг айтишича, уйига кўчиб киришга чўчимоқда. Дарҳақиқат, 11-уйнинг кўча томонида, ичкарида сезиларли ёриқлар пайдо бўлган. 88 ва 91-уйларда аҳвол бундан-да баттар. Уй эгалари мутасаддиларга айтавериб, ҳафсалалари пир бўлган.

— Ёғингарчилик пайтларида кўчада юриб бўлмай қолади, — дейди 75-уйда яшовчи Меҳриддин Ҳожиев.— Сувлар тошиб, ҳовлиларга кириб кетади, бетон ариқлар ўрнатилмаган. Мактаб узоқда, иккинчи сменада ўқийдиган болаларга қийин. Қиш кунлари эрта қоронғу тушади. Кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилмаган. Дардимизни турли идораларга айтдик, ёздик. Аммо натижа йўқ.

Мафтункордаги болалар майдончаси ҳам ажриғу янтоқзорга айланиб улгурибди. Темир тўсиқлар синган, абгор ҳолатда.

— Намунали уйлар қурилганидан хурсандмиз, — дейди Қуёшли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуолим Раҳматов. — Ҳар тугул бу жойлар анча обод бўлди. Тез-тез ҳашар қилиб атрофни маҳалладошлар билан тозалаб турамиз. Шароитларнинг яхши эмаслигидан кўп уйлар соҳиблари кўчиб келишмаган. Шу сабабли ҳам ана шу уйлар атрофини тартибга келтириш мушкул бўляпти.

Маҳалла раисининг маълумотига кўра, намунали уйларнинг сони 155та. Дарвоқе, намунали уйларда алоқа корхоналарида ишловчи соҳа ходимлари ҳам анчагина. Умуман, маҳалла фуқаролар йиғинида жами 850та уй бўлиб, 3500га яқин киши истиқомат қилади. Шу пайтгача маҳалланинг муқим биноси йўқ, ҳозиргисининг ҳам кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Маҳалла раиси қани эди, бизда ҳам маҳалла гузари барпо этилса, у ерда маҳалла фаоллари, инспектори учун алоҳида хизмат хоналари, оталар чойхонаси, кутубхона қурилса, дейди. Бу борада туман ҳокимлигига қилган мурожаати эътиборсиз қолаётганидан афсусланди.

Уйлари ёрилиб, дарз кетган мафтункорликлар энди нима қилсин? Ушбу саволга жавоб олиш учун “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ-инжиринг компаниясининг Тошкент вилояти филиали юристига мурожаат қилдик.

— Якка тартибда уй қурувчи, яъни уй эгаси билан бизнинг филиал ўртасида асосий шартнома тузилган, — дейди исми шарифини ошкор қилишни истамаган юрист. — Ана шу шартномага мувофиқ уй эгаси бир йил давомида фойдаланишга қабул қилгандан сўнг камчиликлар пайдо бўлса, қурувчи ташкилотдан уни бартараф этишни талаб қилишга ҳақли. Аммо бир йилдан сўнг уйда сиз айтгандек бузилишлар юзага келса, уни уй соҳиби фақат судга мурожаат қилибгина ҳал қилиши мумкин. 

Қуёшли маҳалла фуқаролар йиғинининг Мафтункор маҳалласида ана шунақа гаплар. Зора, муаммоларимиз тезроқ каттаконларга етсаю Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида намунали уйларда яшовчиларга ёрдам қўлини чўзишса, дейишмоқда улар.

Абдуғани Абдураҳмонов,
журналист

Мавзуга оид