Жамият | 08:10 / 03.11.2024
28132
2 дақиқада ўқилади

Тоғ бағридаги қишлоқ – Ёрдонда наҳор оши

Фарғона туманига қарашли, атрофини Қирғизистоннинг Боткен вилояти қамраб олган Ёрдон қишлоғи аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Бу қишлоқнинг табиати беқиёс: пурвиқор тоғлар ва шалдираб оқаётган сойлар масканга ўзгача мафтункорлик бахш этади. Лекин Ёрдон фақат табиат гўзаллиги билан эмас, меҳнаткаш аҳолиси билан ҳам эътиборли. 

Ёрдон ва Шоҳимардон қишлоқларида жами 7 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир хонадоннинг тоғ бағрида мева боғи бор, қўраларда эса эчки, қўй ва қорамол боқилади. Қишлоқ аҳолиси иш кунини эрта тонгда бошлайди: кимдир чорвасини тоғ этагига ҳайдайди, кимдир эса боғдаги ишларини битиришга шошилади.

Оилавий тадбирлар ва тўйларида миллий анъаналар сақланиб қолган. Қишлоқ аҳли эрта тонгдан баланд овозда ошга чақирилади. Наҳорги ош вақтида тўйбошининг синфдошларидан бири ва маҳалладан бир вакил ўзаро кураш тушади. Курашда ким ғолиб бўлса унга эчки совға қилинади. 

Ёрдон қишлоғи оддий, лекин бахтли ҳаёт тарзи билан ўзига хос. Табиат қўйнида меҳнаткаш ва самимий инсонлар яшайдиган бу ҳудуд кўплаб ташриф буюрувчиларни ўзига жалб этиши аниқ.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров
Kun.uz

Мавзуга оид