Жаҳон | 11:09 / 02.08.2017
8217
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайида пиёдалар ўлимига қарши қонун ишлаб чиқилди

Айни кунларда Ҳавайи маркази бўлмиш Ҳонолулу шаҳри маъмурияти янги қонун лойиҳасини қабул қилмоқда.

Эндиликда пиёдалар автомобиль йўлини кесиб ўтиш чоғида уяли алоқа воситалари, қўл телефони, пейжер, ноутбук, планшет ва электрон қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади. Гап шундаки, пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига бепарво бўлиб, кўпинча бундай ҳолатлар кўнгилсизлик билан тугамоқда. Шаҳарнинг энг тирбанд чорраҳаларидан бирида қонун ҳужжатини имзолаган Ҳонолулу шаҳри мэри Кирк Колдуэлл​ электрон гаджетлар кўпчиликнинг умрига зомин бўлаётгани ҳақида аниқ маълумотлар келтириб ўтган.

Қонун бандларига кўра, биринчи марта тақиқланган ҳаракатни амалга оширган пиёданинг жинояти полиция​ томонидан аниқланган ҳолатда 15-35 доллари миқдорида, иккинчи марта 35-95 доллар, бундан кейин эса 99 долларгача жарима ундирилиши мумкин. Шу билан бирга пиёдалар телефонда суҳбатлашиб йўлни кесиб ўтиши ноқонуний ҳаракат эмас. Шунингдек, пиёдалар йўлакчасида электрон гаджетлардан фойдаланишга тақиқ йўқ.

Шу йилнинг 25 октябридан бошлаб бу қонун кучга кириши белгиланган. Ҳонолулу маъмуриятининг ташаббуси Бошқарувчилар йўл хавфсизлиги уюшмаси (GHSA) томонидан ҳам қўллаб-қувватланиши кутилмоқда, чунки ушбу уюшма тақдим этган маълумотларга кўра, 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида пиёдалар ўлими 2015 йилнинг шу пайтига нисбатан 11 фоизга ошган.

Мавзуга оид