Жаҳон | 11:25 / 03.08.2017
17537
2 дақиқада ўқилади

Ҳимолайдаги йўл қурилиши туфайли Хитой ва Ҳиндистон муносабатлари совуқлашмоқда

Хитой ҳукумати томонидан Ҳимолай тоғ ёнбағри атрофида йўл қурилиши лойиҳаси амалга оширилиши Ҳиндистон билан муносабатлар кескинлашувига олиб келмоқда. Ҳиндистон ва Хитой каби гигант давлат орасида кун кечираётган кичик Бутан мамлакати бу масала марказида бўлиб турибди. Гап шундаки, Хитой ва Бутан чегаралари тўлалигича аниқланмаган ҳамда Доклам Платоси кўп йиллардан бери низоли ҳудуд ҳисобланади. Эндиликда расмий Пекин айнан Доклам ҳудудидан ўтувчи йўл қурилишини бошламоқда.

Дастлабки эътироз Бутан томонидан билдирилган бўлиб, бу давлат Хитойни "халқаро ҳуқуқ нормаларини очиқ бузиш ва санкциялаштирилмаган йўл қурилишини бошлаш"да айблаган. Зиддиятнинг асл моҳияти айнан Доклам Платосида яширинган бўлиб, агар ҳудуд хитойликлар томонидан назорат қилинса, Ҳиндистон шимоли-шарқий штатларидаги буфер ҳимоясини йўқотади ва бу уларнинг геосиёсий манфаатларига тўғри келмайди.

Бутан ва Ҳиндистон халқларини узоқ йиллик қўшничилик, этник-маданий ва диний омиллар боғлаб туради. Қолаверса, ҳинд ҳарбий кучлари Бутан ерларида тез-тез армия машғулотларини ўтказиб туриши сир эмас. 

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лу Кангнинг айтишича, Доклам ҳеч қачон Бутанга тегишли ҳудуд бўлмаган, тарихан бу ерлар Хитой империясига қарашли эди.

"Бу ерда қурилиш лойиҳасини бошлашимизнинг энг асосий сабаби ҳам шу: Доклам Платоси Бутанга тегишли эмас, ҳаттоки Ҳиндистонга ҳам", дейди у. Эслатиб ўтамиз, Хитой ва Бутан мамлакатлари ўртасида шу кунгача расмий дипломатик муносабатлар мавжуд эмас.

Мавзуга оид