Ўзбекистон | 15:46 / 07.08.2017
19625
3 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий таълим муассасасида ишлаш учун пенсионерга ҳужжатлар тўплами зарур (рўйхат)

Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги қарори (2017 йил 24 июль) билан Ҳарбий хизматчилар орасидан пенсионерларни олий ҳарбий таълим муассасаларининг илмий ходимлари ва ўқитувчилари лавозимларига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 17.02.2017 йилдаги ПФ-4960-сон “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг пенсионерларини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Қуролли кучлар академияси, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитувчи ва илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга ишловчи пенсионерлар жумласига киритилган. 

Қабул қилинган ҳужжат фақат Мудофаа вазирлигининг  олий ҳарбий таълим муассасаларига (ОҲТМ) татбиқ этилади.

Тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари ОҲТМларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Илмий ходим ва ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Бунда илмий даража ва илмий унвонга ҳамда чуқур касбий билим ва тажрибага эга бўлган номзодларга устунлик берилади.

Танловда иштирок этиш хоҳишини билдирган пенсионерлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан 1 ой муддат ичида зарур ҳужжатларни топшириши лозим. Зарур ҳужжатлар рўйхати:

•  ариза;
•  паспорт нусхаси;
•  пенсия гувоҳномаси нусхаси;
•  Қуролли Кучлар резервидаги ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси;
•  белгиланган шаклда тўлдирилган сўровнома;
•  таржимаи ҳол;
•  олий маълумот тўғрисидаги дипломининг нусхаси;
•  меҳнат дафтарчаси (мавжуд бўлса);
•  тегишли илмий даражаси ҳақидаги дипломнинг нусхаси (мавжуд бўлса);
•  тегишли илмий унвони ҳақидаги аттестатнинг нусхаси (мавжуд бўлса);
•  илмий ишлар рўйхати (мавжуд бўлса);
•  илмий ишлар ҳамда ихтироларга тегишли ҳужжатлар ва бошқа муаллифлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлса).

Пенсионерлар юқорида кўрсатилган лавозимларга олий ҳарбий таълим муассасаларининг раҳбари томонидан тайинланади.

Мавзуга оид