Иқтисодиёт | 12:14 / 15.08.2017
7651
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик фонд биржаларидан бири савдо залини ёпиб қўймоқчи

Ҳонгконг фонд биржаси октябрь ойи охирида ўзининг савдо залини ёпиш ниятида. Бунга сабаб – ушбу майдончадаги деярли барча амалиётлар электрон режимда олиб борилмоқда, деб хабар беради South China Morning Post.

«Бу жой кейинчалик кўргазмалар, анжуманлар ва сармоядорларнинг таълим фаолиятига доир турли тадбирларини ўтказиш ерига айлантирилади», - дея маълум қилган биржа вакили.

Биржанинг савдо зали 1985 йилда очилган бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 900 га яқин брокерлар музокаралар олиб борган. Бироқ, бугунги кунда бу ерда ҳар куни 30 дан камроқ алоҳида трейдерларгина пайдо бўлмоқда, савдоларнинг асосий қисми эса электрон режимда олиб бориляпти.

Газетанинг таъкидлашича, айнан шу сабабдан Токио ва Сингапурдаги фонд биржалари ҳам ўз амалиёт залларини ёпишди.

Ҳонгконг майдончаси дунёда катталиги бўйича олтинчи ўринда туради ҳамда бу ерда 2 мингдан ортиқ компанияларнинг акциялари билан савдо қилинади, уларнинг бозордаги умумий қиймати 3,7 трлн доллардан ортиқни ташкил этади. 

Мавзуга оид