Бемор арз қилишига нима сабаб бўлди?
Чироқчи тумани “Зум” қишлоғида яшовчи Исматулла Азимов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорлар унга бепул берилиши лозим бўлган бир марталик сунъий буйрак аппаратини қайта-қайта ишлатишга мажбур қилишаётганини ва бошқа камчиликларни баён этган. Ушбу шикоят Қарши шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Аниқланишича, бемор И.Азимов мазкур тиббиёт марказида даволаниш мобайнида гемодиализ муолажасини олиб келган. Мазкур муолажа буйракнинг ўткир ва сурункали етишмовчилигида қонни зарарли моддалардан тозалаш мақсадида қўлланилади. Беморларнинг билдиришича, қонни тозалаш учун кўп маротаба қўлланилиши тақиқланган диализатор фильтрларни шифокорлар 3-4 мартадан қўллашга мажбур этаётган, қон тўлиқ тозаланмаётганлиги оқибатида даволанувчилар ўзини нохуш сезаётган, диализатор аппарати тўхтаб қолаётган, шунингдек, асоссиз равишда тўловларни амалга ошириш ҳолатлари бўлаётган экан.
Мурожаатни ўрганиш давомида бу ерда соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя этилмаганлиги маълум бўлди. Хусусан, беморлар фойдаланаётган диализаторлар уларнинг исм-шарифи ёзилган ҳолда совутгичларга жойлаштирилган бўлса-да, полиэтилен пакетларнинг герметиклиги таъминланмаган. 2 та совутгичнинг эшиги тўлиқ ёпилмайди, диализаторлар совутгич музхонасида сақланганлиги учун қисмлари музлаб, ёпишиб қолган, хонадаги тозалов анжомлари тартибсиз ҳолатда, канализация қувурлари эса таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Бўлимда бикслар, яъни стерилизация қутиларидан фойдаланиш қоидаларига ҳам қатъий амал қилинмаяпти. Бикслар очилгач, улардаги ашёлар 6 соат давомида ишлатишга яроқли бўлса-да, текшириш ўтказилган куни бир биксдан 9 соат, иккинчисидан 15 соат давомида фойдаланилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, бўлимда биринчи ёрдам пайтида қўлланиладиган дори-дармонликарнинг яроқлилик муддати ҳам кўздан кечирилди. Таассуфки, бу ерда яроқлилик муддати ўтиб кетган дори воситалари ҳам борлиги маълум бўлди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 40 фоизли “Глюкоза”нинг 6 та ампуласи, 2,4 фоизли “Эуфиллин”нинг 1 та ампуласи, Украинада ишлаб чиқарилган 0,18 фоизли “Адреналин-Дарница”нинг 10 та ампуласи яроқлилиги 2017 йил 1 майгача кўрсатилган бўлса-да, бу муддат ўтганига қарамай сақлаб турилишидан мақсад нима? Ҳатто, кирим ҳужжати йўқ, яроқлилик муддати кўрсатилмаган икки флакон “Водород перикс” дори воситаси сақланаётганлиги ҳам аниқланди.
Юқорида қайд этилган қонун бузилиш ҳолатлари вилояти соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан, мазкур даволаниш масканида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари талаблари лозим даражада бажарилмаётганлигини, масъул ходимлар ўз вазифалари масъулиятини чуқур ҳис этишмаётганини, шифокорлар томонидан беморларга қандай хизмат кўрсатилаётгани устидан етарлича назорат қилиб борилмаётганини кўрсатади.
Шаҳар прокуратураси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юқорида баён этилган қонун бузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш ҳақида тақдимнома киритилди. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган бўлим раҳбари ва ходимларига нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.
Мавзуга оид
17:06 / 29.09.2024
Татаристонда оғир автоҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароси ва унинг онаси ватанга қайтарилди
18:08 / 28.03.2024
Чироқчи тумани судяси пора билан ушланди
07:40 / 02.03.2024
2023 йилда беморларга бепул берилган дорилар қиймати маълум бўлди
15:41 / 02.04.2022