Tesla компаниясининг энг арзон модели Model 3 ҳақидаги асосий фактлар
Ниҳоят, Американинг Tesla компанияси узоқ кутилган тақдимотни амалга оширди. Model 3 электрокарининг серияли намунаси намойиш этилди. Бошқача айтганда, энг арзон моделини таклиф этмоқда. Бу машина мижозлар талабига қанчалик жавоб беради ва у ғарбда айтишганидек, автомобиль дунёсида «game changer» (ўйинни ўзгартирувчи) бўла оладими?
Ҳақиқатдан ҳам арзонми?
Компанияда ваъда беришганидек, машинанинг бошланғич нархи 35 минг доллар. Бу кўпми ёки камми? АҚШда масалан, бу пулга унчалик оддий бўлмаган Dodge Challenger автомобилини харид қилиш мумкин. Ёки тўлиқ ҳажмли VW Atlas кроссовери сизники бўлади. Бошқа томондан энг арзон «Мерседес» ҳам Қўшма Штатларда шунча туради. Шу билан бирга, у энг арзон деб айтилган Model S электрокаридан 2 карра арзонроқ.
Айни чоғда бирмунча илғорроқ Model 3 намунаси (юриш захираси кўпроқ) 44 минг долларга айланади. Бунда қимматроқ намуна соҳиблари Supercharger фирма станцияларидан фойдалангани учун ҳақ тўлашади.
Яна бироз муҳим рақамлар ҳақида
Стандарт Model 3 батареяси 1610 кг бўлиб, 354 км масофани ортда қолдиришга кифоя қилади. У 5,4 сонияда тезлигини 96 км/соатга етказади. Унинг Long Range (узоқроқ юра оладиган намунаси) 1730 кггача оғирлашиб, бир марта қувватлангач 498 кмни босиб ўтади. Бу машина 5,1 сонияда «юз»га чиқади.
Оддий Model 3 Supercharger станциясида 30 дақиқада 208 кмга ета оладиган даражада қувватлантириш мумкин. Шунча вақт ичида Long Range 272 кмга етадиган қувват олади. Бунда хўжаликдаги электр тармоғидан қувватлантирилганда оддий электрокар 48 км, Long Range 60 кмга етадиган даражада қувватланади.
Ҳа айтганча, ўлчамлари хусусида. Унинг габарит узунлиги Skoda Octavia моделига яқинроқ ва 4,69 метрни ташкил этади. Эни 1,93 метр, ғилдираклар базаси 2,87 метр, клиренс (йўл қопламаси ва кузовнинг пасти билан оралиғи) 14 см.
Муқобил бошқарув ва салондаги улкан «экран» ҳақида эшитгандирсиз?
Ҳа, Model 3 электромобилининг стандарт жиҳозланиши муқобил бошқарув учун зарур барча нарсани ўз ичига олади. Албатта, бунинг учун дастурий таъминотни юклашга 5 минг доллар ортиқча тўлаш керак бўлади. Бундан ташқари, 15 дюймли сенсорли экран бўлади. У орқали ҳаммасини бошқарса бўлади. Электрокарнинг алоҳида ускуналар панели ҳам йўқ.
Ўриндиқни 12 усулда электр бошқарув тизимини яна 5 мингнинг баҳридан ўтиб қўлга киритасиз. Бу ҳақ эвазига рул чамбарагининг электр ўтказгичи, ўриндиқларни иситиш, қўшимча USB-тирқишлар, сабвуферли аудиотизим, туманга қарши диодли чироқлар бепул берилади. Аммо, қора рангдан бошқа тусга буюртма бериш учун яна минг доллар тўлаш керак бўлади.
Хоҳловчилар навбат кутишади
Tesla компаниясининг расмий сайтига кўра, электрокарга ҳозироқ буюртма берсангиз … 12 ойдан 18 ойгача кутишга тўғри келади.
Аммо, умидсизликка тушманг — Model 3 вақти келиб ҳаммага етади. Мижозларга машиналарини етказиб бериш бошланган ва йил охирига бориб конвейер тўлиқ қувватда ишлай бошлайди. Унда йилига 20 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилади. 2018 йилда Tesla экспортни ҳам йўлга қўяди.
Мавзуга оид
19:34 / 20.11.2024
Германияда Tesla заводи қурилишига қаршилар дарахтлардан тушишни хоҳламаяпти
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
10:57 / 07.11.2024