Жамият | 14:49 / 20.08.2017
8367
4 дақиқада ўқилади

Тараққиёт ҳамиша олдинда, ортда эмас!

Ҳар бир нарсада ҳикмат бор. Шуҳрат Ризаевнинг Президентимизга ёзган мактуби баҳонасида йиллар давомида ортга сурилиб, лоқайдлигимиз сабаб узил-кесил ечимини топмай келаётган муаммо юзага қалқиб чиқди. 

Аввало, «кирилл алифбоси — биринчи, лотин ёзуви — иккинчи» тарзидаги таклифнинг ўзи кулгили. Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганига 24 йил тўлди. Бу йиллар давомида тулки-ю олмахонларни ҳам лотин ёзувида ўқиш ва ёзишга ўргатиб юборса бўларди. Биз эса ҳамон у ери ундай, бу ери бундай, деб чайналиб ётибмиз. 

Дарвоқе, айрим эътироз билдирилаётган ўринларга тухталиб ўтмокчиман. Лотин алифбосини тайёрлашда жуда иқтидорли олим ва ёзувчилар жон куйдириб ишлашган эди. Улар тил ва ёзувнинг кўп жиҳатларини эътиборга олишга ҳаракат қилганлар. Масалан, «sh», «ch», «ng» ҳарфий бирикмалари қийинчилик туғдирармиш. 

Ҳой миллатдошларим, ҳар бир сўзи алоҳида иероглиф билан ёзиладиган хитой, япон ёзувлари, ҳар бир ҳарфи 4 хил шаклда ёзиладиган араб ёзувидан фойдаланувчиларга тўзим берсин. Қизиқ, улар ҳам бизга ўхшаб нолийверармикинлар?! 

«Сh» ҳарфий бирикмасидаги «c» алифбода йўқ-ку, нега ундан фойдаланамиз, деган эътирозни ҳам учратиб қоламиз. «С»га яқин бўлгани учун «с»ни олишган-ку. Ўзбек алифбосида бўлмаса ҳам асл лотин алифбосида бор-ку бу ҳарф? Лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзуви, деб бекорга айтилмагандир.

Яна бир эътироз «х» ва «h» ҳарфлари борасида. Араб алифбосида бир неча хил талаффуз қилинадиган «з», «с», «т» товушлари бор, лекин улар ҳар бирини қунт билан ўрганишади ва бунга қатъий риоя қилишади. Биз нега шу биргина фарқни қабул қилмаймиз. Тилнинг товуш хусусияти деган нарса бор, ахир. «Хато», «хўроз» сўзлари билан «ҳалим», «ҳикоя» каби сўзларни овозингизни чиқариб талаффуз қилиб кўринг, фарқини биласиз.

Кирилл алифбосидаги бой манбадан маҳрум бўламиз, деб жар солаётганларга ҳам айрим эътирозларим бор. Биринчидан, бу манбанинг катта бир кисми мафкуравий нуқтаи назардан чиқитга чиқиб бўлган.

Иккинчидан, техника соат сайин ривожланаётган асримизда компьютерда кириллдаги матнни лотин ёзувига бир лаҳзада ўгириб берадиган дастурлар аллақачон яратилган. 

Учинчидан, мактабда 2-синфдан бошлаб, синф ўқувчиларини икки алоҳида кичик гуруҳларга бўлиб (яъни материални осон ўзлаштирсин, деган мақсадда) рус тили дарслари ўтилади. Демоқчиманки, болаларимиз лотин ёзуви билан бирга кирилл алифбосини ҳам мукаммал ўрганиш имкониятига эга. Юқори синфларда ўзбек кирилл алифбосидаги фарқлар (ў, қ, ғ, ҳ каби)ни ўргатиш учун 30–40 соатлик факультатив дарслар киритилса кифоя. 

Тўртинчидан, кейинги йилларда нашриёт-матбаа ишлари анча ривожланиб кетди. Ўша кириллча имлодаги бой манбанинг асосий қисми, ҳатто араб ёзувидаги ажойиб манбаларнинг бир қисми ҳам лотин ёзувида чоп этиб бўлинди. 

Шу ўринда мутасадди раҳбарларимиз эътиборини яна бир фикрга қаратмокчиман. Биринчи синфда «Алифбе» китобини ўқув йилининг биринчи ярмидаёқ юмалоқ-ёстиқ килиб ўзлаштирмай, йил давомида болага аста-секинлик билан ўргатиш керак. Бу жуда-жуда муҳим, саводсизликнинг томир отиш сабабини шу нуқтадан излаш керак. Умуман, 1-синфдан 4-синфгача асосан, саводхонлик машқлари бажарилиши керак. Демак, халқимиз тараққиёт йўлини танлаган экан, бу йўлда фақат олдинга интилганимиз маъқул. 

Маърифат Қосимова, 
филология фанлари номзоди.

Мавзуга оид