Президент ҳузурида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилиши мумкин
Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Президентнинг “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Муҳокама 31 август куни якунига етади.
Ҳужжатга кўра, ижобий сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга оширишга халақит берувчи қатор йўналишларда тизимли муаммолар борлиги таъкидланади.
Улар орасида қуйидагилар бор:
биринчи – тадбиркорлик субъектларининг ҳозирги таснифланиши ва қонунчилик жиҳатидан аниқлаштирилиши халқаро талаблар ҳамда мезонларга мос келмайди;
иккинчи – солиқ солишнинг амалдаги тизими кичик корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва йириклаштиришни рағбатлантирмайди, сабаби кичик тадбиркорлик субъектлари ва йирик корхоналар ўртасидаги солиқ юкламаси кескин дифференцияланган, солиқ имтиёзларини тақдим этишдаги танлов услуби хорижий сармоялар ва замонавий технологияларни жалб этишни чеклайди;
учинчи – тадбиркорлик фаолияти соҳасида замонавий талабларга жавоб бермайдиган лицензиялар ва рухсат берувчи жараёнлар сақланиб қолмоқда, эскирган давлат тартибга солиш усуллари ўрнига бозор механизмлари жорий этилмаяпти, алоҳида давлат функцияларини жамоат назорати ва фуқаролик жамияти институтларига бериш талаб этилади, давлат-хусусий шериклик принципларини алоҳида давлат ва назорат функцияларини амалга оширишга татбиқ этишни тезлаштириш лозим;
тўртинчи – тадбиркорлар ваколатли алоҳида давлат органлари томонидан лицензиялар, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жараёнларнинг асоссиз узайтирилиши билан ҳамон тўқнаш келишмоқда.
бешинчи – давлат органларининг кўплаб назорат функциялари сақланиб қолмоқда, назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний текширувдан ўтказиш амалиёти йўқ қилинмаган;
олтинчи – тадбиркорлик субъектларининг шаклланиш жараёнида ҳамон ҳаддан ташқари кўп тартиб-қоидалар, шаффофликнинг йўқлиги ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини тақдим этиш тартиблари бир-биридан фарқ қилиши ҳолатлари учраб турибди;
еттинчи – тадбиркорлик субъектлари моддий-хомашё ресурсларидан фойдаланиши бир қадар чекланган, асосий товар-хомашё бозорларига киришни таъминлаш бўйича бозор механизмларини кенгайтириш талаб этилади;
саккизинчи – тадбиркорлик субъектларининг банк-молия, суғурта, баҳолаш, риэлтерлик, консалтинг муассасалари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро алоқаси замонавий бозор механизмларини жорий этиш ҳисобидан жиддий яхшиланиши лозим.
Фармон лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича Давлат комиссиясини ташкил этиш режалаштирилган. Кичик ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши тугатилади.
Шунингдек, 2018 йил 1 январдан ўз вақтида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаётган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишни тақиқлаш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ассоциацияни қатор масалалар бўйича ягона ваколатли орган сифатида ташкил этиш назарда тутилган.
Мавзуга оид
17:37 / 16.11.2024
Уй шароитида тирик пилла етиштирганлар даромад солиғидан озод қилинади
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
11:00 / 30.10.2024