Ўзбекистон | 14:30 / 23.08.2017
56734
3 дақиқада ўқилади

Жосусликда айбланиб қамалган Эркин Мусаев озодликка чиқарилди

Фото: Amnesty International

Бирлашган миллатлар ташкилоти ўзларининг собиқ ходими Эркин Мусаевнинг қамоқдан озод қилинганини олқишлади. Э.Мусаев 2006 йилда Ўзбекистонда ҳибсга олинган эди ва қамоқхонада 11 йил ўтказган.

Ҳибсга олинган чоғида Мусаев БМТ ривожланиш дастури ва Европа иттифоқи қўшма дастурининг менежери лавозимида ишлаб турган эди, деб хабар беради БМТ янгиликлар маркази.

ОАВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон Мудофаа Вазирлигининг собиқ ходимига нисбатан давлатга хоинлик қилиш, жосуслик, БМТ маблағларини талон-торож қилиш айблари қўйилган эди.

Мусаев ўз айбини тўлиқ инкор этган, лекин унга 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. БМТ ривожланиш дастуридагиларнинг айтишича, бу айбловларнинг бирортасига асос бўлмаган.

БМТнинг асоссиз ҳибсга олишларни текшириш бўйича ишчи гуруҳи 2008 йилдаёқ суд мажлиси адолатсиз ва нохолис ўтгани, Мусаевнинг қўлга олиниши ўзбошимчалик билан амалга оширилгани ҳақида хулоса берган эди.

Эркин Мусаевнинг тақдири борасидаги масалани БМТнинг бошқа мустақил экспертлари, инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита аъзолари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича сўнгги уч Олий бош комиссари ҳам кўтарган эди. 2012 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Мусаевга нисбатан шафқатсиз муносабатлар ва қийноқлар ҳақидаги хабарлар юзасидан Ўзбекистон ҳукуматини мустақил ва холисона текширув ўтказишга чақирган. Хусусан, БМТдагилар унга нисбтан «алоҳида назорат» қўлланилаётгани, маҳбус калтакланаётгани ва тиббий ёрдамдан мосуво этилганидан ташвишда эканлигини баён қилишган эди.

«Айни пайтдаги Олий бош комиссар Зайд Раъд ал-Ҳуссайн шу йилнинг май ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Мусаев ишини президент Шавкат Мирзиёевга эслатган. Бу БМТ Олий бош космиссарининг Ўзбекистонга илк ташрифи эди», — дейди БМТ инсон ҳуқуқлари бошқармаси ишловчи Лиз Троссел.

Ал-Ҳуссайн Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимини бошлаганидан буён бир қатор сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилганлиги фактини олқишлаган. Олий бош комиссар жиддий саволлар келтириб чиқарувчи суд мажлислари натижасида узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган бошқа «виждон тутқунлари»ни ҳам озод қилишга ҳукуматни чақирган.

Мавзуга оид