Ўзбекистон | 15:32 / 25.08.2017
13899
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшунос: Россияга ҳозирда асосан чекка қишлоқлардан боришмоқда 

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ Москва шаҳрида “ЛексМобайл” юридик фирмасига асос солиб, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган Ботиржон Шерматов билан суҳбат уюштирди. Мулоқот давомида Россияга бормоқчи бўлган кишиларга маслаҳатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
 
“Аслида четга чиқаётган одам шунга тайёрми, деган саволга жавоб бериш керак. 17 ёшдаги болаларни кўрамиз. Рус тилини билмайди. Биринчи масала - унинг маҳаллий аҳоли тилини билмаслиги билан боғлиқ. Иккинчиси, касби борми ўзи бу болани, деган савол келиб чиқади. Жуда кўп борган болалар ёлланма ишчи бўлиб ишлайди, қўлида ҳали ҳеч қандай касби йўқ, бунинг устига тилни билмайди. Нима бўлмоқда? Улар қандайдир танишининг олдига боради, у ердаги бригадаларнинг бир раҳбари бўлади. Қурилиш фирмасининг раҳбари ўша одам билан гаплашади. Улар билан гаплашмайди, чунки тилни билмайди. Албатта, у пулни ҳам ўша одамга беради. Кўп муаммолар шунинг орқасидан келиб чиқади. Агар кетаётган мигрант тилни билса, ўзининг касби бўлса, бемалол ўзи бориб, иш топади ва тўғридан тўғри шартнома тузади. Ҳозирда биздан Россияга асосан чекка-чекка қишлоқлардан боришмоқда. У одамларимиз ҳаттоки ўзимизни шаҳарларимизда ҳам бўлмаган. 

Биринчи навбатда, боришдан аввал иш топиш керак шу ердан туриб. У ерда ҳужжат тайёрлашга ҳам бир ойга яқин вақт кетади. Бу жараёнда қаерга, кимнинг олдига ва нима сабабдан келганини билмаган одамда муаммо келиб чиқаверади. Тилни билса – жуда яхши бўлади. Рус тилини оддий даражада ҳам билса, кундалик ҳаётда учрайдиган ҳолатлар билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлади. Бундан ташқари, Россия чегарасидан ўтаётган пайтда миграция варақаси, деган ҳужжат бор. Уни тўлдириш лозим. Иложи бўлса, Ўзбекистондан чиқишдан аввал паспортларни нотариал таржима қилиб олишса яхши бўлади. Сабаби у ердаги маҳаллий аҳоли учун бизнинг исм-шарифлар сал мураккаброқ. Чегарачилар миграция варақасини тўлдириш чоғида шу туфайли кўп хатога йўл қўйишади. Ваҳоланки, бир ҳарфда ҳам хато бўлса, эртага шу нарса ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммога олиб келади. Улар тўлдириб, “имзо қўйинг” деб сизнинг олдингизга қўяди, бизникилар эса хатоларини текширмасдан ҳам имзо қўйиб қўяди. Шунингдек, ишламоқчи бўлган одам миграция варақасида "келиш мақсади" деган жойга “работа” деб ёзиши керак”, - дейди Шерматов.

Мавзуга оид